АсосийDunyo

Америкада коронавирус туфайли иш ўрнини йўқотганлар ҳозирданоқ иш қидиришни бошлаши керак

'Америкада коронавирус туфайли иш ўрнини йўқотганлар ҳозирданоқ иш қидиришни бошлаши керак'ning rasmi

Меҳнат бозорида фаолият кўрсатаётган нуфузли ZipRecruiter ишга ёллаш онлайн майдончаси мутахассиси Жулия Поллакнинг фикрича, Америкада иш ўринларини йўқотганларнинг учдан бири карантин бекор қилингандан кейин ҳам ишхоналарига қайта олмайди, улар иш қидиришни ҳозирданоқ бошлаши керак.

30 апрелда АҚШда ишсизлик бўйича эълон қилинган маълумотлар шуни кўрсатдики, мамлакатда ишсизлик нафақасини олаётганлар сони 18 миллионга етиб, бу борада навбатдаги рекорд ўрнатилган.

“Бизнинг ҳисоб-китобимизча, ҳозир карантин туфайли вақтинча ишга боролмай уйда ўтирганларнинг 30 фоизини бутунлай ишдан бўшатилган, деб ҳисоблаш мумкин. Чунки коронавирус пандемияси туфайли бир қатор бизнеслар қайта очилмайди ёки очилганда ҳам, харажатларини узоқ муддатга сезиларли равишда қисқартиради. Шундай экан миллионлаб одамлар учун янги иш ўринлари керак бўлади. Меҳнат бозоридаги алғов-далғовликлар узоқ муддатга чўзилиши мумкин“, — дейди у РИА Новостига берган интервьюсида.

Поллакнинг маъумотига кўра, вакансияга қўйилаётган 30 та касб бўйича эълонлар берилиши кескин тушиб кетган. Ушбу рўйхатни лимузин ёки такси ҳайдовчилари бошқариб турибди. Уларга бўлган талаб 82 фоизга тушиб кетган. Ундан кейин ходим билан ишлаш бўйича маслаҳатчилар, кўча сотувчилари, банк хизматчилари бормоқда. Шунингдек, энага ва физиотерапевтлар, шеф-ошпаз ва официантлар, ҳар хил ёрдамчилар ва компанияларда ишни энди бошлаётганларга ҳам талаб пасайган.

Аммо баъзи соҳаларда ходимларга талаб кескин ошгани ҳам кузатилмоқда. Масалан, онлайн сотувчиларга талаб 555 фоиз, омборхона ходимларига 233 фоиз, тиркамали юк машинаси ҳайдовчиларига 182 фоиз, етказиб бериш хизматига 170 фоиз ошгани қайд этилди.

“Умуман олганда, электрон савдода фаолият юритаётган айрим компаниялар, онлайн кўнгилочар компаниялар, масофавий ишлар бўйича софтни яратувчилар, озиқ овқат дўконлари, дорихоналар, уйда машғулот ўтказадиган компаниялар ва етказиб бериш хизмати ишчи ёллашни кенгайтирмоқда“, — дейди Поллак.

Бу кўпчилик одамлар уйда ишлаётганини ва маҳсулотларни уйга етказишга буюртма бераётганини кўрсатмоқда. Масалан, Amazon компанияси яна 175 минг янги ходимни ишга олмоқчи, Facebook эса қўшимча равишда яна 10 минг кишини ишга таклиф этмоқда. Унинг таъкидлашича, аксарият компаниялар ходимларининг уйда ишлашига имкон яратиб беришга мослашмоқда. Кўплаб компаниялар бу борада зарур бўлган механизмларни аллақачон ишлаб чиқишган.

“Уйда туриб ишлаш таклифини бераётганлар сони февраль ойи ўрталарида 800 фоизга ортган“, — дея таъкидлайди эксперт.

Поллакнинг тавсиясига кўра, иш ўрнини йўқотганлар пандемия қачон тугайди деб кутиб ўтирмасдан, ҳозирданоқ иш қидиришни бошлаши керак, чунки таклифлар оз ва мақбул вакансияни топиш ҳозир қийинлашган.

    Бошқа янгиликлар