АҚШ Мудофаа вазирлиги Япония ва Австралияни Тайван атрофидаги эҳтимолий урушга тайёрлик борасида аниқ позиция билдиришга чақирмоқда. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.
Нашрга кўра, АҚШнинг собиқ мудофаа вазири ўринбосари Элбридж Колби яқинда ўтказилган музокараларда Япония ва Австралия вакилларидан урушга тайёргарликни кучайтириш, хусусан, мудофаа харажатларини оширишни сўраган.
Вашингтоннинг бу босими – минтақадаги иттифоқчиларни кучайтириш ва Хитойни огоҳлантиришга қаратилган. Шунга қарамай, АҚШ Тайванга расмий равишда хавфсизлик кафолати бермайди, балки "стратегик ноаниқлик" сиёсатини олиб боради. Яъни, АҚШ эҳтимолий можаро ҳолатида қандай ҳаракат қилиши олдиндан очиқланмайди.
Тайван HIMARS ракеталарини жойлаштирди
Шу билан бир вақтда, 12 июль куни Тайван ҳарбийлари йирик “Хан Куан” машғулотлари доирасида HIMARS реактив артиллерия тизимларини жойлаштирди. Машғулотлар оролнинг ҳарбий имкониятлари ва тайёргарлигини намойиш этиш учун мўлжалланган.
Икки HIMARS тизими жойлашган юк машиналари Тайчжун шаҳри атрофида кузатилган. Бўйича 300 кмъгача масофани уриш қобилиятига эга бўлган бу тизимлар Тайван бўғозининг нариги тарафида жойлашган Хитойнинг Футсзян провинциясини нишонга олиш имкониятига эга. Тайван ўтган йили 29 та HIMARS тизимининг илк 11 тасини АҚШдан қабул қилган эди.
Пекин позицияси: куч билан “қайта бирлашиш”
Хитой эса демократик бошқарувдаги Тайванни ўзининг ажралиб чиққан провинцияси деб билади ва оролни "зарурат туғилса, куч билан бўлса ҳам" материк билан бирлаштиришга ваъда берган. Охирги йилларда Пекин томонидан ҳарбий босим кучайтирилмоқда. Тайван эса ўзини мустақил давлат деб ҳисоблайди ва Хитойнинг бу даъволарини қатъиян рад этади.