Халқимизда “Бир кун туз еган жойингга қирқ кун салом бер” деган нақл бор. Одам туз тотган жойини қадрлаши лозим. Бироқ, иззат-икром кўрган хонадон молига кўз олайтириш, юлғучлик қилиш инсонийликка хос эмас, қолаверса, ҳеч бир халқ менталитетига ҳам тўғри келмайди.
Ўзбек халқи бағрикенг халқ, меҳмонга бағрини очади, дастурхон ёзади. Аммо, бундай меҳмондўстликнинг қадрига етмай, нафси учун ҳам ўзининг ҳам ўз Ватанининг, халқининг шаънига доғ тушираётган “меҳмон” лар ҳам йўқ эмас. Улар республикамиз тартиб-қоидаларини менсимаган ҳолда, фойда илинижида қинғир ишларга қўл уришмоқда.
Эътибор қилинг, амалдаги тартибларга мувофиқ норезидентлар яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган чет эллик фуқароларга Ўзбекистонга кириб келиш вақтида божхонага тақдим этилган декларацияга мувофиқ республикага олиб кирган валютаси миқдоридаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.
Норезидент томонидан йўловчи божхона декларациясида (олиб кириш пайтида тўлдирилган ва божхона органининг ходими томонидан тасдиқланган) ёки ТС-28 гувоҳномасида (5 минг АҚШ долларига эквивалент миқдордан ошадиган ҳажмда нақд чет эл валютаси олиб кирилиши пайтида божхона органи томонидан берилган) кўрсатилган суммадан ортиқча нақд чет эл валютасини олиб чиқиш учун фақатгина Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки хорижий валюта билан операцияларни ўтказишга асосий лицензияси бўлган ваколатли банклар томонидан бериладиган рухсатнома асос бўлиб ҳисобланади.
Аммо, қозоғистонлик Ш.Калмуратов (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) мазкур қоидаларни менсимади. У пойтахтимиздан туриб, Сеулга парвоз қилиш олдидан йўловчи божхона баённомасида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 2 минг АҚШ долларини олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Киевга парвоз олдидан украиналик Л.Джумаева қўл сумкасига кўз югуртирди. Чипталар, паспорт, валюта – ҳаммаси жойида! Аммо, барибир у хотиржам бўлолмади. Пуллари орасидан 3300 долларини санаб, сумканинг кўз илғамас чўнтагига яширди ва таваккал қилганча, божхона назорати ҳудудига кириб келди. Аслида, бу пул божхона баённомасида қайд қилинмаган, содда қилиб айтганда яширинча олиб чиқишга кўзланган пуллар эди!
Чин юрти деса кўз олдимизда меҳнаткаш ва беҳаловат хитойликлар гавдаланади. Биздаги каби ҳалоллик ва тўғрилик бу диёрда ҳам юксак қадрланади. Аммо, юртимиздан ўз шаҳрига қайтаётган урумчилик А.Годун қинғир хатти-ҳаракатлари билан ўзаро ишонч тушунчасига хиёнат қилди. У 2200 АҚШ доллари ва 4200 хитой юанини қўл юкларига яширганча олиб чиқишга уринган пайтда фош қилинди.
Унинг ватандоши А.Веньян ҳам Урумчига парвоз қилди. Фақат яширинча олиб ўтишга уринган 3100 АҚШ долларидан маҳрум бўлган ҳолда! Чунки, у мазкур валюталарни йўловчи божхона баённомасида атайлаб қайд қилмаган эди.
Моквага парвоз олдидан россиялик З.Равиловнинг безовталаниши ҳам бежиз эмас экан. Буни пайқаган божхоначилар томонидан ушбу шахс божхона кўригидан ўтказилганда ҳаммаси ойдинлашди. Равиловга юклари орасига 3200 АҚШ долларини яширган ҳолда ҳаво кемасига чиқнш насиб қилмади!
“Тошкент-Иркутск” рейси бўйича парвозга шайланган К.Сергейга эса ўзи ташриф буюрган мамлакат тартибларини менсимагани қимматга тушди! Натижада, у она шаҳрига парвоз олдидан яширинча олиб чиқишга уринган 3650 АҚШ доллари билан “хайрлашиши”га тўғри келди.
Нижний Новгородлик Т.Лилияга божхона назоратидан бекитган ҳолда олиб чиқиб кетиш учун 3760 АҚШ долларини қўл сумкаси ва юклари орасига яшириш ишончсизроқ усулдек туюлди. Гўёки, ишнинг кўзини биладиган бу аёл нақд хорижий валюталарни эгнидаги ички кийимлари орасига яширди. Аммо, шахсий кўрик давомида божхоначилар унинг қонунга зид ҳаракатларига нуқта қўйишди.
Божхоначилар туркиялик Демир Ҳасанга ҳам Истамбулга парвози олдидан оқ йўл тилашлари мумкин эди. Аммо, “Тошкент” халқаро аэропортида “меҳмон”нинг иззати битди! Аниқланишича, у 6750 евро ва 250 фунт-стерлинг миқдоридаги нақд хорижий валюталарни йўловчи божхона баённомасида ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, олиб чиқишга урингаи экан.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда. Бу ҳақда “Тошкент-Аэро” ИБК Ахборот хизмати катта инспектори Ҳусен Тангриев хабар берди.





