Хабар берилганидек, бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган байрам тантанасида иштирок эштирок этди. Барча фахрийларни ва халқимизни байрам билан табриклади.
Тантанали маросимда давлат раҳбари нутқ сўзлади ва Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбекистонликларнинг иштироки ҳақидаги янги маълумотларни айтди.
"Бугун Ғалаба байрамининг 75 йиллигини нишонлар эканмиз, халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган қаҳрамонлиги ҳақида такрор ва такрор ўйлашимиз албатта табиийдир.
Мен аввалги чиқишларимда эл-юртимизнинг буюк Ғалабага қўшган ҳиссаси ҳали тўлиқ ўрганилмагани ҳақида гапириб, жамоатчилигимиз эътиборини шу масалага қаратган эдим. Бугун мамнуният билан айтмоқчиманки, кейинги йилларда ушбу йўналишда жуда катта ишларни амалга оширдик.
Аввало, илгари ёпиқ бўлган архив ҳужжатларини, илмий жамоатчилик учун маълум бўлмаган материалларни ўрганиш учун имконият яратилди. Бу борада собиқ Иттифоқ республикалари ва чет эллардаги архив ташкилотлари, музейлар ва фондлар, тарихчи олимлар ва мутахассислар, кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик кучайтирилди.
Ана шундай илмий изланишлар натижасида халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки ҳақида, қаҳрамон аждодларимиз ҳақида жуда муҳим янги маълумотларга эга бўлдик. Ҳозирги вақтда улар оммавий ахборот воситаларида, китоб ва альбомларда кенг ёритилмоқда.
Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги тарихимизни ўрганишда том маънода янги давр бошланди, деб айтишга бугун барча асосларимиз бор. Масалан, шу вақтга қадар уруш бошланган пайтда юртимиз аҳолиси 6 миллион 551 минг кишини ташкил этган ва уларнинг 1 миллион 500 мингга яқини урушда иштирок этган, деб ҳисобланар эди.
Янги топилган маълумотларга кўра, Ўзбекистондан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилгани аниқланди. Демак, ҳар уч нафар ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилган.
Аёвсиз жангларда мардона қатнашган қарийб 451 минг нафар юртдошимизнинг номлари ва тақдири шунча йиллар мобайнида эътибордан четда қолиб келганини албатта адолатдан, деб бўлмайди.
Шунингдек, ўша даврда “қулоқ” сифатида бошқа ўлкаларга сургун қилинган 59 мингдан ортиқ ватандошимиз ҳам ҳаракатдаги армияга сафарбар этилгани маълум бўлди.
Шу борада яна баъзи рақамларни келтирмоқчиман: илгари 396 минг нафар Ўзбекистон фуқароси урушда ҳалок бўлган, деб айтиларди. Аслида бу рақам 538 мингдан зиёд бўлган.
Бундан ташқари, фронтда бедарак йўқолганлар ҳақидаги маълумотлар ҳам тўлиқ эмасди. Ҳозирги вақтда 158 мингдан кўпроқ ҳамюртимиз урушда бедарак кетгани аниқланди.
Мана, даҳшатли урушда халқимиз қандай оғир йўқотиш ва талафотлар берган, қандай азоб-уқубатларни бошидан кечирган!", деди Президент.
Давлат раҳбари, шунингдек, уруш ўчоғига айланган ўлкалардан Ўзбекистонга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 250 мингдан зиёд бола эвакуация қилингани тўғрисидаги янги маълумотларни ҳам ошкор қилди.
Ота-боболаримиз жасоратини чуқур ўрганиш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида янги тарихий маълумотлар асосида ҳар йили 9 май байрами арафасида алоҳида китоб тайёрлаб, нашр этиш таклифини берди.