Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида банк тизимининг 2015 йилнинг I ярим йиллигидаги фаолияти якунлари ва мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 январдаги мажлисида белгилаб берилган 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари ижроси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 16 июлдаги йиғилишида банк тизими олдига қўйилган долзарб вазифаларнинг муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган Бошқарув мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисни Марказий банк раиси Файзулла Муллажонов бошқарди.
Қайд этилдики, ҳисобот даврида Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати 2015 йил учун мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилишига, мамлакатимиз Президентининг банк тизимини янада ислоҳ қилиш, унинг барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишга қаратилган фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилди.
2015 йилнинг I ярим йиллигида мамлакатимиз банк тизимининг капиталлашув даражасини ошириш, унинг ликвидлигини янада мустаҳкамлаш, барқарорлигини кучайтириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Натижада банк тизимида нафақат халқаро умумқабул қилинган меъёрларга, балки айрим йўналишлар бўйича ундан ҳам юқори кўрсаткичларга эришилди.
Хусусан, бугунги кунда банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 24,3 фоизни ташкил этиб, у халқаро банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан 8 фоиз қилиб белгиланган талабга нисбатан қарийб 3 баробар зиёддир. 2015 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, банкларнинг умумий капитали 7,2 трлн. сўмдан ошиб кетди.





