АсосийJamiyat

ҲАММАНИНГ БОЛАСИ БОҒЧАГА ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ

Ҳар бир ишлайдиган ота-она учун фарзандини ишониб топшира оладиган жой бу албатта боғча саналади. Бугун бир қарашда болани мактабгача таълим муассасасига жойлаш қийин масаладай кўринади. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Мактабгача таълим муассасалари бўлим бошлиғи Сабоҳат МИРЖАЛИЛОВА республикамиздаги ҳеч бир бола боғчага қабул қилинмай қолмайди, дея ишонтиради. Айни шу мавзуда таҳририятимизга ота-оналардан тушган саволларга вазирлик вакилидан жавоб олишга ҳаракат қиламиз.

“БЎШ ЎРИН ЙЎҚ” ДЕЙИШСА...

Мактабгача таълим муассасаларида қабул кетаётган айни бир паллада, айрим боғча раҳбарлари томонидан ота-оналарга “бўш ўрин йўқ” дея жавоб қайтариш ҳолатлари кузатилади. Қандай ҳолларда болани боғчага қабул қилишдан бош тортиш мумкин?

Ш.Зуфарова, Тошкент ш.

— Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган “Давлат мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш бўйича қабул комиссиясининг фаолият кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низом”га биноан мактабгача таълим муассасасига болани қабул қилиш масаласини муассаса раҳбари эмас, балки халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари ҳал қилади.

Агар сиз яшаб келаётган ҳудуддаги боғчалардан бирортасида бўш жой бўлмаса, бола ўша ҳудудга яқин бўлган бўш ўрин мавжуд бўлган бошқа боғчага қабул қилиниши шарт.

Агар сиз фарзандингизни ўз ҳудудингизга қарашли бўлмаган муассасага бермоқчи бўлсангиз-у, у ерда режа қувватига нисбатан кўп тарбияланувчи бўлса, болани қабул қилиш мумкин эмас. Бундай муассасага фарзандингизни жойлаш учун навбатга ёзиб қўйиш лозим бўлади.

Ҳар йили июнь-август ойларида янги ўқув йили ҳисобига мактабгача таълим муассасаларига жадвал асосида оммавий равишда йўлланма берилади. Мактабгача таълим муассасалари болаларни йўлланмаларга асосан бўшаган ўринлар (жойлар) ҳисобига қабул қилади.

КИМЛАРНИНГ ФАРЗАНДЛАРИ НАВБАТСИЗ ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ?

  • I  ва  II гуруҳ ногиронлари;
  • кўп болали оилалар;
  • ҳарбий хизматчилар;
  • педагоглар;
  • талабаларнинг фарзандлари.

БОЛАНИ НЕЧИ ЁШДАН БОҒЧАГА НАВБАТГА ҚЎЙИШ МУМКИН?

Мактабгача таълим муассасасига 2 ёшдан 6-7 ёшгача бўлган болаларни қабул қилиш туман, шаҳар ҳокимларининг қарори билан ташкил этиладиган қабул комиссияси томонидан амалга оширилади. 

Болани навбатга қўйиш ёши чегараланмаган, айтиш жоизки, МТМ жойлашиш у қадар қийин масала эмас ва ҳеч бир бола боғчага жойланмай қолмайди.

ХУСУСИЙ ГУРУҲЛАРНИНГ ТЎЛОВ СУММАЛАРИ КИМ ТОМОНИДАН БЕЛГИЛАНАДИ?

Давлат мактабгача таълим муассасалари қошида хусусий гуруҳлар мавжуд эмас. У ёки бу таълим муассасаси ота-оналар билан қўшимча шартнома тузган ҳолда, ота-оналарнинг талабларидан келиб чиқиб тўгараклар шакллантиришлари мумкин. Айтайлик, инглиз тили, бадиий гимнастика, рақс ва ҳоказо. Ушбу тўловлар бола боғчага бораётган пайтда ота-оналар билан шартномада белгилаб қўйилади.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Уйдан чиқмасдан туриб ҳам боғчага жойлаш мумкин

Бугун мактабгача таълим муассасаларига Ягона давлат интерактив хизматлар портали My.gov.uz ва Халқ таълими вазирлигининг расмий сайти Uzedu.uz орқали электрон қабул ҳам йўлга қўйилган. Ушбу сайтларга кириш орқали керакли маълумотларни олишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз!

Давлат мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш  комиссиялари  ҳафтасига икки марта – сешанба ва жума кунлари қабул қилади.

“БОЛАМ ХОҲЛАМАЙДИ, МЕН ХОҲЛАЙМАН!”

Фарзандим боғчага боришни истамайди, бироқ уни боғчага борадиган болалардан ортда қолмаслигини истайман, бу борада менга қандай маслаҳат берасиз?

Д.Элёрова, Термиз ш.

2015-2016-ўқув йилларида таълим муассасалардаги бўш ўринларга қараб 5-6 ёшли болалар учун қисқа муддатли гурухлар учун “Билимдон” дастури ишлаб чиқилди ва амалга жорий этилди. Бугунги кунда таълим муассасалари қошида 1775 та ана шундай гуруҳлар ўз фаолиятини олиб бормоқда. Сентябрдан уларнинг сонини яна 1220 тага кўпаяди. Ушбу гуруҳлар болаларни қамраб олишнинг паст кўрсаткичларига эга бўлган аҳоли пунктларида мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаш, шунингдек мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш, янги  муассасалар  қуриш, болаларни мактабгача таълим билан 45 фоизгача қамраб олишни таъминлаш учун мавжуд қувватлардан фойдаланиш чора-тадбирлари натижасида ишлаб чиқилди. Гуруҳлар Тошкент шаҳридан ташқари республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олади.

РАҚАМ

Бугун республикамизда 4929 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд. Улардаги тарбияланувчилар сони 632 875 нафарни, педагоглар сони 54058 нафарни ташкил қилади.

ҚАНДАЙ ИХТИСОСЛАШГАН МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ БОР?

Айни пайтда мамлакатимизда  5 турдаги (нутқида оғир нуқсонлари бўлган болалар учун, эшитишда оғир нуқсонлари бўлган болалар учун, кўришда оғир нуқсонлари бўлган болалар учун,  психик нуқсонли (психик ривожланишда кечикиш, ақли заиф) болалар учун,  таянч-ҳаракатланиш аппаратида нуқсонлар бўлган болалар учун) махсус ҳамда 2 та турдаги санатор (гепатит касаллиги билан оғриган болалар учун, сил индексацияси аниқланган болалар учун) мактабгача таълим муассасалари мавжуд. Бу муассасаларга  фарзандингизни жойлаш учун яшаш манзилингиз бўйича оилавий шифохоналарга мурожаат қилишингиз лозим.

Махсус мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш  тиббий-психологик-педагогик комиссияларнинг хулосасига қараб  белгиланади.

ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР ТАҚДИМ ЭТИЛАДИ?

  • боланинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси (икки нусхада);
  • боланинг отаси ёки онасининг (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)  паспорти нусхаси (икки нусхада);
  • яшаш жойидаги психоневролог, дефектолог, оториноларинголог, ортопед, окулист  шифокорларнинг бола нутқидаги нуқсони, унинг эшитиш ва кўриш, таянч – ҳаракатланиш аъзосидаги нуқсонлари  бўйича қўйилган ташхислари (асли ва нусхаси);
  • бола умумий типдаги муассасага қатнаган бўлса, унинг жисмоний ёки ақлий ривожланишига берилган, муассаса мудирининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган тавсифнома (асли ва нусхаси).
  • Комиссияга юборилаётган болаларга яшаш жойидаги шифокор (тор мутахассислар)лар томонидан қўйилган ташхис шифохона бош шифокори (у бўлмаган ҳолларда  унинг ўринбосари)нинг имзоси ва гербли муҳр билан тасдиқланган бўлиши шарт.

ТЎЛОВ БЎЙИЧА ЧЕГИРМАЛАР БОРМИ?

  • Мактабгача таълим муассасасига битта фарзанди қатнайдиган ота-оналар энг кам ойлик маошнинг 100 фоизи миқдорида, икки ва ундан ортиқ фарзандлари қатновчи ота-оналар энг кам ойлик маошнинг 71 фоизи миқдорида бадал пули тўлайдилар.
  • Мактабгача таълим муассасалари ва интернатларда болалар таъминоти учун тўловлардан кам таъминланган оилаларнинг болалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу муассасаларда (интернатларда)ги уларнинг умумий cонидан 15 фоизи доирасида озод қилинади. Бунда ота-оналари (биттаси ёки иккаласи) I ёки II гуруҳ ногиронлари бўлган кам таъминланган оилаларнинг болалари, биринчи навбатда тўловлардан озод қилинади.

ДИҚҚАТ!

Фарзандингизни МТМга жойлаш билан боғлиқ муаммоларга дуч келсангиз Халқ таълими вазирлигининг 10-06 ишонч телефонларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Вазирлик ахборот хизмати билан ҳамкорликда Лайло РУСТАМОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар