Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги ва Ҳаво флоти кунига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида компаниянинг ўтган йилларда эришган ютуқлари ва уни ривожлантириш истиқболлари хусусида сўз юритилди.
Сўнгги йилларда миллий авиакомпаниямиз парки ўнта янги «А-320» ва тўртта «Боинг-767-300ER» ҳаво кемалари билан тўлдирилди, дея хабар беради ЎзА.
Ушбу лайнерлар бугунги кунда халқаро ва маҳаллий йўналишларда парвоз қилмоқда. Шунингдек, улар сафига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ўрта магистралли олтита «Ил-114-100» самолёти қўшилди. Мазкур янги техника кичик авиация учун харид қилинди. Жорий йилда эса компания кўплаб вазифаларни бажаришга мўлжалланган «Ми-8МТВ-1» вертолётига эга бўлди.
Янги турдаги самолётлардан фойдаланиш ер усти техника базасини янгилашни тақозо этди. Хусусан, пойтахтимиз ва вилоятлар марказларидаги аэропортлар тўлиқ модернизация қилинди. Ушбу аэропортларда йўловчиларни текшириш воситалари тегишли тартибда ишлаб турибди, янги ва такомиллашган техникалар жорий этилмоқда, учиш-қўниш йўлаклари реконструкция қилинди. Шунингдек, аэровокзалларнинг ташқи қиёфаси янгиланиб, йўловчи терминаллари сони кўпайтирилди ва хизмат кўрсатиш технологиялари яхшиланди.
Ушбу глобал вазифаларни бажариш мамлакатимизга жаҳон авиатранспорт тизимининг бир қисмига айланиш имконини берди. Чунончи, шу йилнинг биринчи ярмида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси самолётлари 11,5 мингдан ортиқ парвозни амалга оширди. 1,2 миллиондан зиёд йўловчи миллий авиакомпаниямиз хизматларидан фойдаланди. 18,3 минг тонна юк ташилди.
«Навоий» аэропорти базасида ташкил этилган Халқаро интермодал логистика маркази жадал ривожланмоқда. 2009 йилнинг май ойидан жорий йил биринчи ярмига қадар юк ташиш ҳажми 219,7 минг тоннадан ошди. 2015 йилнинг биринчи ярмида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ва хорижий авиакомпанияларнинг «Навоий» Халқаро интермодал логистика маркази орқали ташилган умумий юк ҳажми 14 минг тоннани ташкил этди. Қайта жиҳозланган иккита «Боинг» юк самолётининг фойдаланишга топширилгани йўналишларни кенгайтириш ва марказ орқали юк ташиш ҳажмини ошириш имконини берди. Бугунги кунда ушбу самолётлар Деҳли, Мумбай, Франкфурт, Амстердам ва Шанхай шаҳарларига парвоз қилмоқда.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авикомпанияси бош директори В.Тяннинг сўзларига кўра, истеъмолчилар талабини тўла қондириш миллий авиаташувчи олдида турган устувор вазифалардан биридир. Миллий авиакомпаниямиз йўловчиларга юқори сифатли хизмат кўрсатишни кафолатлайди. Компания жамоаси мамлакатимиз авиациясининг келажагини ўйлаб, техник ва таъмирлаш базасини яхшилаш, миллий авиакомпаниянинг дунё авиаташувлар бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш, хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Айни пайтда миллий авиакомпания томонидан 12 инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётир. Ушбу лойиҳаларда ҳаво паркини янгилаш, «Боинг-787 Дримлайнер» самолётларига техник хизмат кўрсатишга мўлжалланган ангар ва янги «Тошкент-4» йўловчи терминалини барпо этиш, аэропортларнинг ер усти инфратузилмасини ривожлантириш ва уларни махсус аэропорт техникаси ҳамда техник воситалар билан жиҳозлаш кўзда тутилган. «Uzbekistan Airways Technics» авиакорхонаси базасида самолётларнинг композицион материаллардан тайёрланган йирик таркибий қисмларини таъмирлаш бўйича янги марказ ташкил этилмоқда. Ушбу марказ келгуси йили иш бошлайди. Учувчилар малакасини ошириш мақсадида шу йилнинг охиригача миллий авиакомпаниянинг ўқув-машғулот марказида янги тренажёр – «А-320» ҳаво кемасининг Full-flight симулятори ўрнатилади. Аэропортнинг реконструкция қилинган VIP, CIP ва «Business-lounge» залларининг фойдаланишга топширилиши Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига муносиб совға бўлади.





