Жорий йилнинг 22 июль куни Тожикистон Республикаси энергетика ва сув ресурслари вазири Усмонали Усмонзода Роғун ГЭСи лойиҳаси бўйича халқаро экспертлар билдирган баҳолаш натижаларига Ўзбекистон Республикаси томонидан ҳеч қандай эътироз йўқлигини маълум қилди. Бироқ, вазир қандай манбаларга таяниб, бундай фикр билдиргани маълум эмас.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги шу муносабат билан маълум қиладики, мамлакатимиз ҳукумати ўтган йилнинг 14-18 июль кунлари Алмати шаҳрида Жаҳон банкининг Роғун ГЭСининг тақдим этилган лойиҳаси хусусидаги маърузаси ҳамда трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларига бағишланган Марказий Осиё мамлакатлари ҳукумат вакиллари учрашувида бу масалага якдил муносабатини билдириб ўтган.
Эслатиб ўтамиз: ушбу учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Молия вазири Р.Азимов ўз маърузаси билан иштирок этган эди. Мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг mfa.uz расмий сайтида ушбу маърузанинг тўлиқ матнини эълон қилган.
“Халқаро меъёрларга тўғри келмайди”
Мамлакатимиз вакили мазкур учрашувдаги нутқида таъкидлаганидек, Ўзбекистон бугунга қадар Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳасининг “экспертизаси” ташаббуси илгари сурилган йиғилишларда иштирок этмаган. “Чунки, мазкур экспертизаси якуний натижаларини белгилаши мумкин бўлган муҳим параметрлар халқаро миқёсда эътироф этилган меъёрларга тўғри келмайди”.
Мазкур экспертиза жараёнида Роғун ГЭСи барпо этилаётган ҳудудаги мавжуд шарт-шароит, минтақадаги бошқа давлатларнинг манфаатлари, мазкур қурилиш юзага келтириши мумкин бўлган муқарра хавф-хатар, трасчегаравий дарёлардан фойдаланиш борасидаги халқаро ҳуқуқ меъёрлари эътиборга олинмаган. Ҳолбуки, ушбу йирик гидроиншоот қурилиши минтақадаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик вазиятга қанчалик салбий таъсир кўрсатишини англаш учун ортиқ меҳнат ва машаққат талаб этилмайди.
45 йил аввалги лойиҳа
Айтиб ўтилганидек, мазкур ГЭС лойиҳаси бундан 45 йил муқаддам собиқ тузум даврида, минтақадаги халқларнинг муштарак манфаатлари ва мавжуд жўғрофий ва экологик вазиятни ҳисобга олмаган ҳолда ишлаб чиқилган. Бироқ бугунги кунда Тожикистон ҳукумати ҳар томонлама эскирган лойиҳани қайта тиклашга уринмоқда. Жаҳон банкининг молиявий кўмагида ўтказилган ушбу “экспертиза” хулосаларини тайёрлашда юқоридаги ҳолатлар эътиборга олинмагани ачинарлидир.
Иқлим ўзгаришлари, глобал исиш сингари муаммолар долзарб бўлиб турган бугунги кунда ушбу йирик лойиҳанинг амалга оширилиши минтақада қанчадан-қанча муаммоларни келтириб чиқариши ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, Амударёнинг юқори оқимида мазкур иншоотнинг барпо этилиши қуриб бораётган Орол денгизи ва Оролбўйи халқлари тақдирига ҳалокатли таъсир кўрсатиши муқаррар.
Қолаверса, ГЭС сейсмик жиҳатдан ўта фаол ҳудудда қурилаётгани ҳам ортиқча исбот талаб этмайди. АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, бу ҳудудда 2013 йилда 250 маротаба 4 баллдан юқори, 12 маротаба 6 баллдан юқори зилзила қайд этилган. Текширишлар натижасига кўра, бу ерда 9 бал ва ундан юқори магнитудали зилзилалар ҳам юз бериши эҳтимоли юқори.
Цунами ҳам ҳеч гап эмас
1911 йилда юз берган 9 балли зилзила натижасида ҳудудда пайдо бўлган Усой дараси ва Сарез кўли фикримиз далилидир. 335 метр баландликка бўлган ГЭС тўғонининг бундай зилзилаларга бардош бериши қийин. Бу эса, юз минглаб инсонлар ҳалокатига сабаб бўладиган улкан тошқинни юзага келтирадики, унинг олдида 2011 йил мартда Японияда юз берган цунами ҳеч нарса бўлмай қолади.
Тўғонни сув билан тўлдириш асносида минтақада юзага келадиган қурғоқчилик 500 минг гектаргача қишлоқ хўжалиги ерларини яроқсиз ҳолга келтириши мумкин. Бу эса 1,5 миллион кишининг даромад манбаларидан маҳрум бўлиши демакдир. Мазкур ГЭС қурилиши Ўзбекистон учун биргина қишлоқ хўжалиги соҳасида 600 миллион доллар миқдорида зарар етказиши кутилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Тожикистон ҳукуматининг Роғун ГЭСи қурилишини давом эттириши нафақат ушбу мамлакатнинг ўзи, балки бутун минтақа учун ҳам жиддий оқибатларни келтириб чиқариши муқаррар.
Шу сабабли Ўзбекистон ҳукумати мазкур “экспертиза” хулосалари ва ҳисоботларини қониқарсиз деб ҳисоблайди ҳамда муаммонинг муқобил вариантларини кўриб чиқишни тавсия этади. “Ўзбекистон Республикаси ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда ушбу лойиҳани қўллаб-қувватламайди” дейилади маъруза якунида.
Манба: mfa.uz





