АсосийJamiyat

Тошкентдаги Инха университетида янги йўналиш иш бошлайди

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси учун мутахассис  кадрлар тайёрлайдиган Тошкент шаҳридаги Инха университетида 2016 йилнинг сентябрь ойидан янги йўналиш – логистика факультети иш бошлайди.

Ўзбекистон алоқа тарихи музейида Тошкент шаҳридаги Инха университети раҳбарияти ва Инха университети (Жанубий Корея) делегацияси вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда маълум қилинди, дея хабар беради ЎзА.

Тадбирда талабалар учун университетда яратилган шароитлар, жорий йилги кириш имтиҳонлари натижалари, иқтидорли ёшлар учун тақдим этилаётган имтиёзлар тизими хусусида сўз юритилди.

Олий ўқув юрти вакилларининг фикрига кўра, кириш имтиҳонларида қайд этилган аъло натижалар кўп жиҳатдан университетда абитуриентлар учун махсус тайёрлов курслари ташкил этилгани билан боғлиқ. Шуниси эътиборлики, энг яхши натижа кўрсатган тингловчилар курсни тамомлагач,  имтиҳон топширмасдан ўқишга қабул қилинди.

Матбуот анжуманида Инха университети делегацияси аъзоларининг Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида ўтказган музокаралари хусусида сўз юритилди. Учрашувда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида таълим бериш, Тошкент шаҳридаги Инха университетини ривожлантириш борасида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

    Бошқа янгиликлар