Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармони имзоланди.
Фармон Республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида имзоланди.
Унга кўра, 2015 йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,1 баравар оширилиши белгиланди.
2015 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:
иш ҳақи – ойига 130 240 сўм;
ёшга доир пенсиялар – ойига 254 730 сўм;
болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 254 730 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 156 310 сўм миқдорида белгилансин.
Иш ҳақи ҳамда пенсияларга қўшилган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган компенсация ва бошқа тўловлар 2015 йилнинг 1 сентябридан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.





