АсосийJamiyat

Коммунал хизматлари кўрсатиш соҳаси муҳокама этилди

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида мамлакатимизда коммунал хизматлари кўрсатиш соҳасидаги натижалар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, дея хабар беради ЎзА.        

Соҳада иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, амалдаги қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида «Ўзкоммунхизмат» агентлиги томонидан 2014-2015 йилларда 14 меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилди. Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизмати кўрсатиш, истеъмолчиларга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматларини кўрсатиш қоидалари ҳамда қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш қоидалари тасдиқланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 6 мартдаги «2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ агентлик тизимида 31 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Хусусан, 2016 йилда 6 лойиҳани бажариш режалаштирилган. Айни пайтда 2015 йилги Инвестиция дастурига асосан вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 8 лойиҳа амалга оширилмоқда.

Коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасида аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда истиқомат қилаётганларни кафолатланган ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ажратилган маблағлар 2014 йилда 196,3 миллиард сўмни ташкил этди.

Ичимлик суви билан таъминловчи корхоналарни ривожлантириш, техник қайта жиҳозлаш ва модернизациялашга инвестицияларни, жумладан, хорижий сармояларни жалб этиш мақсадида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки,  Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтлари маблағлари иштирокида шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда оқова сув тармоқларини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбирда Президентимизнинг шу йил 7 июлдаги Республика иқтисодиёти ва ижтимоий тармоқларини 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш комплекс чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси, оқова сув тизимларини модернизациялаш, соҳа корхоналари учун малакали кадрлар тайёрлаш масалалари юзасидан маълумот берилди. 

    Бошқа янгиликлар