Мамлакатимиздаги барча таълим масканларида 2 сентябрь куни биринчи қўнғироқ садолари янграб, Мустақиллик дарслари бўлиб ўтди.
Биргина 2015 йилги инвестиция дастурига мувофиқ 384 мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шундан 29 билим маскани янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, қолган мактабларда реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ушбу эзгу мақсадларга жами 341,8 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Давлатимиз раҳбарининг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўғил-қизларга билим масканига илк бор қадам қўйганданоқ хорижий тиллар ўқитилмоқда. Жорий ўқув йилида биринчи синфга қабул қилинадиган ўқувчилар учун жами 641,3 минг нусха чет тили дарслиги, иккинчи синфларга 591,9 минг дарслик ва машқ дафтари, учинчи синфлар учун 593 минг дарслик ва машқ дафтари, ўқитувчилар учун 62,6 минг нусха методик қўлланма ва мультимедиа иловалари чоп этилиб, мактабларга етказилди. Бу эртамиз эгаларининг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини янада кучайтириб, пухта билим олишига замин яратади.
Истиқлол йилларида 1500 дан ортиқ коллеж ва лицейлар барпо этилди. Шаҳару чекка қишлоқларда қад ростлаган ана шундай таълим даргоҳларида бугун ёшларимиз замонавий билимларни ўзлаштириш, касб-ҳунарга эга бўлиш билан бирга, компьютер ва ахборот технологияларини, хорижий тилларни ҳам пухта ўрганмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг қарори билан тасдиқланган 2011-2016 йилларга мўлжалланган олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш дастури мамлакатимиз таълим тизимини янада ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда. Дастурга мувофиқ олий ўқув юртлари бинолари янгидан қурилмоқда ёки реконструкция қилиниб, замонавий жиҳозланмоқда.
Зиё масканларида келажагимиз ворисларининг онгу қалби эзгу ахлоқий фазилатлар, Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига садоқат, миллий урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат каби инсоний туйғулар билан бойитилмоқда.
Янги ўқув йилининг биринчи куни мамлакатимиздаги барча таълим масканларида Мустақиллик дарслари ўтказилиб, эндигина мактаб остонасини ҳатлаган жажжи кичкинтойлардан тортиб талабалик аталмиш олтин даврга қадам қўйган ёшларнинг маънавий тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мустақиллик дарслари самарадорлигини таъминлаш мақсадида ўн мингдан ортиқ малакали профессор-ўқитувчи, таниқли олимлар, соҳа мутахассислари жалб қилинди. Ушбу дарсларда Мустақиллик аталмиш буюк неъмат халқимиз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар очиб берганини ёш авлод шуурига таъсирчан услуб ва шаклларда етказиш, уларнинг қадр-қимматини чуқур англатишга алоҳида эътибор қаратилди.
“Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” мавзусида ўтказилган дарсларда ўқувчиларга истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган беқиёс ислоҳотларнинг моҳияти, улар туфайли иқтисодиётимиз салоҳияти ва қудрати кун сайин юксалиб бораётгани, эришилган ютуқ ва марраларимиз дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётгани, юртимиздаги тинч-осуда ҳаёт, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳитининг барқарорлиги аниқ мисоллар билан батафсил тушунтирилди.
Жорий йилда мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларининг биринчи синфига 631 мингдан зиёд ўғил-қиз қабул қилинди. Ўқув йилининг дастлабки кунида уларга анъанага кўра 12 номдаги ўқув анжоми, дарсликлар ҳамда ўқувчи сумкасидан иборат Президентимиз совғалари тантанали топширилди.