"Ҳар бир лойиҳадан аҳолига наф борми, қанча одам иш билан таъминланади, деган саволларга жавоб топиш шарт– Шавкат Мирзиёев.

СИЁСАТ 27.05.2020, 00:07
"Ҳар бир лойиҳадан аҳолига наф борми, қанча одам иш билан таъминланади, деган саволларга жавоб топиш шарт– Шавкат Мирзиёев.

26 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида инвестиция масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Тадбирда Инвестиция дастурининг жорий йил дастлабки тўрт ойидаги ижроси таҳлил қилинди. 

2020 йилги Инвестиция дастурига 3 мингдан ортиқ лойиҳа киритилган бўлиб, уларни амалга ошириш учун 235 триллион сўмлик инвестициялар, жумладан, 7 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ўзлаштирилиши белгиланган.

Қарийб бир ойдан кейин биринчи ярим йиллик тугайди. Бугунги мураккаб даврда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишларнинг дастлабки натижалари юзага чиқади.

Шу боис давлат раҳбари тез вақтларда натижа берадиган, айниқса, янги иш ўринлари яратадиган ва иқтисодий ўсишни таъминлайдиган лойиҳалар бўйича ишлаш кераклигини таъкидлади.

– Ҳар бир лойиҳани амалга оширишдан олдин ушбу объект ҳудуд ривожига ҳамоҳангми, бундан аҳолига наф борми, қанча одам иш билан таъминланади, деган саволларга жавоб топиш шарт, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари бюджетдан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларини яна бир бор кўриб чиқиб, харажатларини оптималлаштириши зарурлиги таъкидланди.

Бош вазир ўринбосарларига келгуси йил учун Инвестиция дастурига биринчи навбатда янги иш ўринлари яратадиган ва камбағалликни камайтиришга ёрдам берадиган лойиҳаларни киритиш мезонларини жорий этиш топширилди. 

Объект қиймати, лойиҳаларнинг сифати ва уларнинг келгусидаги натижадорлиги кўп жиҳатдан лойиҳа ҳужжатларига боғлиқ. Уларнинг аксарияти халқаро талабларга жавоб бермайди, хориждан жалб қилинган компания ва мутахассислар бу лойиҳалар асосида ишлай олмайди.

Шу боис жаҳон стандартларини тезроқ адаптация қилиш шартлиги таъкидланди. Келгуси йилдан бошлаб бюджет маблағлари ҳисобидан йирик объектларни лойиҳалашдан тортиб, уларни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнлар халқаро меъёрлар асосида амалга оширилиши белгиланди. Шунингдек, лойиҳалашга маблағ ажратиш бўйича қўйилган чекловлар бекор қилинади.

Қурилиш вазирлигига лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қуриш, экспертизадан ўтказиш бўйича халқаро стандартларни жорий этиш юзасидан топшириқлар берилди. Бунда лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик ва буюртмачиларнинг техник назорат бўйича масъулияти ва жавобгарлиги ҳам аниқ белгиланади.

Йиғилишда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Бугунгача фақат хорижлик инвесторлар учун кўзда тутилган имтиёзлар энди маҳаллий хусусий сармоядорлар учун ҳам жорий қилинади. Мисол учун, хусусий инвестор ўз ҳисобидан 25 миллион доллардан ортиқ қийматдаги лойиҳа бошласа, ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари бюджет ҳисобидан қуриб берилади.

Шунингдек, чет элда яшаётган ватандошларимизни мамлакатимизга инвестиция киритишга рағбатлантириш ва улар билан доимий ишлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Инвестиция дастури доирасида жорий йилда 206 та йирик лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Улардан 39 тасида муддатдан кечикиш хавфи бор. Бу лойиҳаларнинг асосий қисми энергетика, тўқимачилик, электр техникаси, транспорт тармоқлари ҳамда Навоий, Наманган, Сирдарё ва Фарғона вилоятларига тўғри келади.

Президентимиз бу лойиҳалар натижасида минглаб иш ўринлари яратилиши, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши зарурлигини таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Йиғилишда, шунингдек, аҳоли даромадини оширишга хизмат қиладиган кичик лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1