Телеграмдаги “@SizdanTelegram©” каналида Халқ банки Тошкент шаҳар филиали ходимлари номидан филиал бошқарувчиси бир қатор масалаларда айбланган пост эълон қилинди.
Ушбу пост аноним бўлиб, унда келтирилган эътирозлар исботи билан, яъни расм, аудио ёки видео шаклида кўрсатилмаган. Масалан, постда филиал раҳбари ўзаро суҳбатларда қўл остидаги ходимларни оғзига келган сўзлар билан ҳақорат қилгани айтилади. Бундай исботлаб бўлмайдиган гапларни филиал раҳбарини ёқтирмаган ҳар қандай одам ёзиши мумкин, деб ёзмоқда Халқ банки расмий телеграм канали.
Шунингдек, ушбу постда раҳбарларимиз бизни кўзбўямачилик учун сохта миннатдорлик саҳналари уюштириб, ижтимоий тармоқ орқали тарқатишга мажбурлади, дейилган.
Бир ҳақиқатни унутмаслик лозимки, бугунги карантин шароитида Халқ банкининг бир неча минглаб ходимлари жонини хатарга қўйиб, фуқароларимизнинг пенсия пулларини уларнинг уйларига етказишмоқда. Буни ҳамма кўриб, билиб турибди. Шундай экан, Халқ банки ходимлари танқид қилинса яхши-ю, эътироф этилса уюштирилган бўладими?
Шу билан бирга, карантин вақтида ва дам олиш кунлари ишлаганимиз учун муносиб рағбатлантирилмадик, мукофот пуллари 20 фоизгина берилди, ходимлар меҳнатига яраша ҳақ олмас экан, кўзбўямачиликдан фойда йўқ, дейилган.
Изоҳда айтилишича, биринчидан, Халқ банки тизимида меҳнат қонунчилигига қатъий амал қилинган ҳолда ҳар доим шанба ва якшанба кунлари ишлаган ходимларга икки баробар иш ҳақи тўлаб берилмоқда. Буни Халқ банкида ишлаётган ҳар бир ходимдан сўраб билиш мумкин.
Иккинчидан, карантин вақтида ходимларнинг меҳнатига қараб 80 фоиздан 100 фоизгача мукофот ва устама пуллари ўз вақтида тўлаб берилди. Шунингдек, сўнгги икки ой якуни бўйича сайёр касса ходимларини рағбатлантириш мақсадида уларга қўшимча равишда БҲМнинг икки боробари миқдорида мукофот пуллари берилди.
Учинчидан, кийинги бир йил давомида ходимларнинг ойлик маошлари сезиларли даражада оширилди ва уларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу постда келтирилган маълумотлар ўз тасдиғини топмади. Аноним мурожаат йўллаган фуқаро эса Халқ банкида ишламаслиги ва банк фоалияти билан яқиндан таниш эмаслигини тахмин қилиш қийин эмас.