my5
all

Алишер Усмонов ҳақида ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган ҳақиқатлар чоп этилди

ЖАМИЯТ 29.05.2020, 09:29
12119
Алишер Усмонов ҳақида ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган ҳақиқатлар чоп этилди

Буюк Британиянинг BNE IntelliNews  ахборот агентлигининг Интернетдаги саҳифасида ватандошимиз, кенг миқёсдаги жамоатчилик ишлари ва хайрия тадбирларини олиб бораётган машҳур бизнесмен, маданият ва санъат ҳомийси Алишер Усмонов ҳақида мақола эълон қилинди. Мақола “The Daily Telegraph” газетасининг Москвадаги, “The Guardian”нинг Берлиндаги бюроси асосчиси ва бош муҳаррири ҳамда собиқ раҳбари Бен Арис томонидан ёзилган.

Қуйида ушбу мақола эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов ўзининг Facebook ва Alibabaдаги шов-шувли инвестициялари, “Арсенал”нинг узоқ муддатли акцияларига эгалик қилиши, шунингдек, Жеймс Уотсоннинг Нобель медалини сотиб олиши ва Римдаги маданий ёдгорликларни реставрация қилиши каби кўплаб хайрия ишлари билан бутун дунёда машҳур.

Шу йил февраль ойида Алишер Усмонов томонидан Пьер Кубертеннинг Олимпия манифести Халқаро олимпия қўмитаси музейига ҳадя қилингани ҳақидаги хабар жаҳонга тарқалди, баҳорда эса бизнесмен коронавирусга ва Ўрта Осиёдаги сув тошқинларига қарши кураш учун кўп миллионлик хайрия қилгани маълум бўлди.

Ўзбекистон фарзанди бўлган Алишер Усмонов инсонийлик, шарқона донишмандлик ва ҳақиқий ишбилармонликни ноёб бир тарзда ўзида мужассам этганки, бу унга глобал дунёга хос жараёнларни  барчадан олдин кўриш имконини беради. Унинг учун бизнес ҳам бутун жаҳон бўйлаб хайрия ишларига оид лойиҳаларга сармоя киритиш усулидир.

Алишер Усмоновнинг кейинги пайтдаги инвес­тиция лойиҳалари орасида алоҳида ажралиб турадиган ташаббуси — маҳсулотларни рақамли маркировка қилиш борасидаги инқилобий тизим яратиш ҳақидаги ғояси Россия учун ўз бозорида товарлар ҳаракатини кузатиб туриш соҳасида биринчилардан бўлиш имконини беради.

Россия ҳукумати бир неча йил муқаддам, энг ривожланган мамлакатлар билан ўртадаги тафовутни қисқартиришга уринган ҳолда, иқтисодиётни рақамлаштириш ҳақидаги ғояни чин дилдан қўллаб-қувватлади. Бу ғоя онлайн тартибида давлат хизматларини кўрсатиш ва илғор солиқ тизимини яратишни ҳам кўзда тутар эди.

Ҳукумат Алишер Усмоновни технологиялар соҳасидаги энг нуфузли ва муваффақиятли фаолият кўрсатаётган инвесторлардан бири сифатида рақамли маркировка қилиш тизимини жорий этиш бўйича лойиҳани биргаликда амалга ошириш учун таклиф этди. Шу тариқа тез орада ахборот технологиялари соҳасида энг йирик давлат-хусусий шериклик муносабатлари вужудга келди.

Маркировка тизими ҳар қандай товарни барча фуқаролар фойдаланиши мумкин бўлган махсус илова орқали кузатиб туриш имконини беради. Маҳсулотларни етказиб беришнинг бутун занжирини — ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача бўлган жараённи кузатиб бориш мумкин бўлади. Ушбу тизим Россия бозорига улкан зарар етказаётган товарларнинг ноқонуний савдосини ва қалбаки маҳсулотлар оқимини тўхтатишга ёрдам беради.

Лойиҳага катта миқдордаги пул — 220 миллиард рубль (3 миллиард доллар) маблағни сармоя сифатида киритишни режалаштираётган қўшма компаниянинг 50 фоиз улуши Алишер Усмоновга тегишлидир. Лойиҳани амалга ошириш ҳал қилувчи паллага кириши билан Россия яқин орада чакана савдони реал вақт режимида таҳлил этишга қодир бўлган жаҳондаги биринчи давлатга айланади. Ҳозирги вақтда шунга ўхшаш тизимлар фақат Жанубий Корея ва Сингапурда фаолият кўрсатмоқда.

Барчаси қандай бошланган эди?

Алишер Усмоновнинг бизнес оламига кириб келиши ва катта нуфузга эга бўлиши узоқ ва давомли йўл бўлиб, у доим янги имкониятлар топишнинг уддасидан чиқар эди. Бизнеснинг қандайдир битта тури ёки тармоғи билан кифояланмасдан, у истиқболи бор деб билган соҳаларга сармоя киритарди.

Алишер Усмонов 1953 йили Ўзбекистоннинг Чуст шаҳрида туғилган. У Москвадаги нуфузли олий ўқув юрти бўлган Халқаро муносабатлар институтида ўқиб, юрист дипломини олди. Бу — совет даври элитасига хос анъанавий бир босқич эди. Алишер Усмонов ёшлигида профессионал даражада қиличбозлик билан шуғулланган. Бундан ташқари, унда дипломатия соҳасида муваффақиятли равишда ўсиш имконияти бор эди, лекин Михаил Горбачёв давридаги қайта қуриш сиёсати вазиятни тубдан ўзгартириб юборди. СССРнинг қулаш даврида бошбошдоқлик ҳукм сурар, айни вақтда тадбиркорлик қобилияти ва ишбилармонлик ғайрат-шижоатига эга бўлганлар учун мислсиз имкониятлар ҳам очилар эди.

Алишер Усмонов ўз бойлигининг катта қисмини 90-йилларда  ишлаб топган, аммо Совет Иттифоқи тугаб кетишидан бир неча йил олдин долларлик миллионер даражасига кўтарилган эди.

Унинг бизнес оламидаги тарихи қайта қуриш авжига чиққан паллада бошланди. Алишер Усмонов оёғи синган ҳолда шифохонага тушиб, вақтини беҳуда ўтказмаслик учун дўстидан полимерлар кимёси ҳақидаги китобни олиб ўқийди.

У кейинчалик бу ҳақда “Юқори зичликдаги полиэтилен, пенополиуретан деган нарсалар ­аллақандай ғаройиб бўлиб туюларди”, деб эслайди.

Лекин уни кимё эмас, 30 000 дона елим халтачани — ўша пайтда уларга талаб катта эди — 1 рублдан сотиш мумкинлиги, уларни ишлаб чиқариш учун керак бўладиган бир тонна хомашё эса 437 рублга тушиши ­қизиқтирар эди.

Алишер Усмонов касалхонадан соғайиб чиққанидан сўнг тижорат ташкилотининг советча муқобили бўлган кооператив-ширкат тузди. Бундай тузилмалар Горбачёвнинг 80-йиллар охиридаги иқтисодий ислоҳотлари доирасида таъсис этилар эди.

Алишер Усмонов шитоб билан ўзининг тадбиркорлик қобилиятини намоён этди. У Россиядаги пластикка ихтисослашган ишлаб чиқарувчиларнинг “қизил директорлари” билан келишишнинг уддасидан чиқди ва Ғарбий Германиядаги корхона (Кельбергдаги Plastik-Mashinenbau) билан ҳам асбоб-ускуналарни анчагина арзон нархда сотиб олиш бўйича шартнома тузди. Ҳозирги вақтда елим халталар ишлаб чиқариш ҳақидаги гаплар унчалик ҳам қизиқ туюлмайди, бироқ Совет Иттифоқининг сўнгги йилларида ва шўролар давридан кейинги Россияда ғарбона услубдаги ранг-баранг бичимга эга, сиртига ёзувлар туширилган елим халталар эркин бозор сари ташланган биринчи қадам эди. Бирор нарса олиш учун дўконга борган одам албатта, елим халтача харид қиларди.

Бизнес гуллаб-яшнади. 300 миллионлик аҳолига эга бўлган совет бозорида Алишер Усмонов ва унинг шериклари долларлик миллионерларга айланишди. 1992 йилга, бизнес янги босқичга кўтарилган даврга келиб, у аллақачон бадавлат инсон бўлиб улгурган эди.

Алишер Усмонов 90-йилларда катта бойлик тўплаган кўплаб россиялик миллиардерлар орасида алоҳида ажралиб туради. У ўз бойлигини очиқ бозордаги активлар — мол-мулк ва бошқа қимматбаҳо нарсаларни сотиб олиш йўли билан тўплади, бу жараёнда янги бизнес турларини, масалан, технологиялар соҳасидаги ишини дастлабки нуқтадан бошлади.

“Мен ҳеч қачон ва ҳеч қандай вазиятда, кимлардир ўйлагандек,  олигарх бўлмаганман. Барча активлар ўзим ва шерикларим томонидан иккиламчи бозордан сотиб олинган, уларнинг хусусийлаштириш жараёнига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Менга ҳеч ким ҳеч нарса совға қилмаган”, — деб баёнот берди яқинда Алишер Усмонов Financial Timesга берган интервьюсида.

Гарчи Алишер Усмоновни тез-тез ваучерлар шаклидаги хусусийлаштириш давомида ҳамда 1995-96 йиллардаги машҳур “гаров асосидаги аукционлар” даврида шиддат билан бадавлат бўлиб кетган, “биринчи тўлқин”га мансуб россиялик энг нуфузли олигархлардан бири, деб ҳисобласалар-да, аслида унинг бойиш сари олиб борадиган йўли бутунлай бошқача бўлган.

Янги имкониятлар

Россия 1992 йилгача бошбошдоқлик домига тортилган эди. СССР тарқалиб кетганидан сўнг иқтисодиётнинг емирилиши бошланди. Лекин ҳатто эски тузум вайроналари остида ҳам фойда олиш учун кўплаб имкониятлар топиш мумкин эди.

Айнан 1992 йили Роман Абрамович нефтни чет элга сотиш учун маҳсулот юкланган темир йўл составини Латвиядаги портга жўнатишни ўйлаб топди. Ана шу ишдан кейин унинг капитали шакллана бошлади.

Бу банк спекуляциялари даври эди. Озгина пули бор ҳар қандай одам ўз банкини ташкил этиши ва гиперинфляциядан  фойда олган ҳолда, арбитраж ишлари орқали миллионлаб рубль пул ишлаб олиши мумкин эди. Бунинг учун банклар қарз мажбуриятларини, масалан, компанияларнинг иш ҳақини тўлаш бўйича мажбуриятларини рубль ҳисобида қабул қилар, лекин уларни долларда ўтказар ва ҳисоб-китобларни имкон қадар кўпроқ кечиктиришга ҳаракат қилар эди. Вақти келиб, ниҳоят банклар тўловларни амалга оширганида улар тегишли маблағни яна қайта доллардан рублга ўтказар (рубль бу пайтга келиб сезиларли равишда арзонлашган бўларди), ҳисоб-китобдан кейин қолган (доллардаги) пулни эса ўзлаштириб олишар ва шу тариқа каттагина фойдага эга бўлишар эди. Ўша даврда йиллик инфляция кўрсаткичи 1000 фоиздан юқори ёки кунига қарийб 5 фоизни ташкил этар эди. Кўплаб бойликлар ана шундай ишлар орқали қўлга киритилган.

Алишер Усмонов бошқа йўлдан борди. Ғанимат фурсатдан эпчиллик билан фойдаланиб қоладиганлар учун улкан имкониятлар очиб берган бошбошдоқлик шароитида у инвестиция фаолияти билан шуғулланди. Ўзининг эски шериги ва дўс­ти, асли келиб чиқиши эронлик бўлган британия­лик Фарҳод Моширий билан биргаликда Алишер Усмонов халқаро бозорларда сармоя сарфлай бошлади ва бу борада кўп нарсага эришди.

Унга 90-йилларнинг охирида газ соҳасида Россияда якка ҳукмрон бўлган “Газпром” давлат компанияси раиси Рем Вяхирев ўз эътиборини қаратди. Вяхирев Алишер Усмоновни газ соҳасидаги улкан тузилманинг инвестиция лойиҳалари билан шуғулланадиган шўъба корхонаси — “Газпром инвестхолдинг” компанияси раҳбари этиб тайинлади. 

“Газпром” учун бу олтин давр эди. Газ экспорти давлат учун унча кўп бўлмаган ишончли манбалардан бири эди ва юз минглаб ходимларга эга бўлган компания — уни кўпинча “давлат ичидаги давлат” деб аташарди — мамлакатнинг деярли барча минтақаларида ўз тузилмаларига, бинобарин, ўз таъсирига эга эди. “Газпром” бутун-бутун шаҳарларда ижтимоий соҳани — мактаблардан тортиб пенсионерларни қўллаб-қувватлашгача — тўлиқ таъминлаб келарди. Алишер Усмонов Вяхиревга ушбу салтанатни бошқаришда ёрдам берадиган молиявий маслаҳатчилардан бирига айланди.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 2001 йилда Вяхиревни истеъфога чиқарди. Бу қадам Президент томонидан ундан олдин мамлакатни бошқарган Ельцин даврида шаклланган бетартиб тизимни назоратга олиш учун йўналтирилган чора-тадбирлардан бири бўлди. Лекин ҳатто “Газпром”ни Алексей Миллер бошқаргандан кейин ҳам Алишер Усмонов яна узоқ вақт “Газпром инвестхолдинг”нинг раҳбари бўлиб ишлади.

Металлургия соҳаси магнати

Алишер Усмонов “Газпром”га келган вақтида яқиндагина харид қилган металлургия корхонаси капиталидаги улушини компанияга сотди. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик учун ҳам шундай қилди. Кейинчалик у бозор нархида ҳақ тўлаб, “Газпром”дан ушбу улушни қайта сотиб олди.

Ана шу воқеадан сўнг металлургия тармоғидаги фаолияти бошланди. Россияда 2002 йилда олти йиллик иқтисодий юксалиш бошланди. Шу даврда иқтисодиёт 6-8 фоизга, фонд бозори даромадлари эса 50 фоизгача ўсди. Россия компаниялари ўз активларини уларнинг халқаро муқобилларга яқин адолатли қийматини белгилаш мақсадида қайтадан баҳолай бошлади ва шундан сўнг маҳаллий хомашё ишлаб чиқарувчилар етакчилар қаторига кўтарилди.

Алишер Усмонов ўз капиталини металлургия компанияларига қўя бошлади. У бир қатор тоғ-кон  ва пўлат қуйиш корхоналарини сотиб олди ҳамда Россиянинг етакчи металлургия компанияларидан бири бўлган “Металлоинвест” гуруҳини ташкил этди. Ушбу компания ҳозирги кунга қадар унинг бизнес салтанатида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.

Алишер Усмонов зарар билан ишлаб келаётган Corusa Steel Англия-Голландия қўшма корхонасига маблағ сарфлаганида,  юқорида эсга олганимиз — иқтисодий юксалиш энди-энди бошланган эди. Алишер Усмоновнинг шериклари ўзининг энг нохуш даврини бошидан кечираётган пўлат қуйиш компанияларини сотиб олиш бутунлай ақлсиз иш эканини айтишади. Лекин у ўз ҳамкорларини танланган йўлдан қайтмасликка кўндиради. Икки йилдан сўнг Corusнинг акциялари нархи кескин ошиб кетганида Алишер Усмонов ўз бойлигини сезиларли равишда оширишга эришади.

Замонавий технологиялар

Иқтисодиётнинг юқори суръатлар билан ривож­ланиши мамлакатни тубдан ўзгартириб юборди. Ялпи ички маҳсулот икки баробар кўпайди. Ўрта синф пайдо бўлди. Иш ҳақи миқдорининг ўн йил давомида 10 фоизга ўсиши хусусий секторда ишлаётганлар билан давлат хизматида ишлаётганлар ёки ҳеч бўлмаганда, у билан боғлиқ бўлган кишилар, яъни мамлакат аҳолисининг қарийб ярми ўртасидаги тафовутни йўқ қилди.

Ана шундай ўзгаришлар туфайли россиялик­лар олдида янги имкониятлар дунёси очилди. 90-йилларда асосий капитал хомашё билан боғлиқ компаниялар қўлида эди, аммо 2000-йилларга келиб, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда ишлайдиган корхоналар катта даромад келтира бошлади. Охир-оқибатда Россия аҳоли сони бўйича Европадаги ҳар қандай мамлакатдан устун бўлган йирик истеъмол бозорига айланди. Алишер Усмонов замонавий технологияларнинг катта имкониятларига кўпчиликдан илгари эътибор қаратди.

Глобал молиявий инқироз авжига чиққан бир пайтда, 2009 йилда Усмонов Facebook акцияларини сотиб олиш учун бир миллиард доллар ажратишга қарор қилганида ушбу қизиқиш авж нуқтасига етди.

Бундай хатарли таклифни эшитиб, унинг бизнес ҳамкорлари Алишер Усмоновга яна, сен эсингдан оғиб қолибсан, деб айтишди. Чунки у инқироз даврида бошқалар каби жуда кўп пул йўқотган эди.

Facebook акцияларини сотиб олиш ҳақидаги ғояни Алишер Усмоновга Юрий Мильнер берган ва ушбу компаниянинг капиталидаги чоғроқ улушни сотиб олишни таклиф қилган эди.

Усмонов бу пайтда Facebook тез орада мутлақо мустақил феноменга айланишини тушуниб етган эди. “Мильнер акцияларнинг 0,5 фоизидан 1 фоизигача сотиб олишни режа қилар эди, аммо мен бу соҳага кирар эканмиз, кўпроқ улушга эга бўлишимиз кераклигини айтдим”, деб эслайди Алишер Усмонов. Натижада Алишер Усмонов ва унинг шериклари Facebook акциялари оммавий жойлаштирилишидан бир неча йил аввал компания акцияларининг қарийб 8 фоизини ўз қўлларида тўпладилар.

Мильнер глобал молиявий инқироз авжига чиққан пайтда Facebook эгаси Марк Цукерберг билан музокараларни бошлади. Кейинги воқеалар тарих саҳифаларига айланиб бўлган.

Баъзи маълумотларга кўра, Усмонов Facebookга ўзининг USM компанияси орқали тўғридан-тўғри 460 миллион доллар, шунинг­дек, ўзи ва Мильнер шериклигида тузилган ва ­Россиядаги бир нечта йирик технологик компаниялар акциялари эгаси бўлган DST венчур фонди орқали эса яна 420 миллион доллар инвестиция киритди.

Алишер Усмонов бу битим қанчалик муваффақиятли бўлгани ҳақида ҳеч нарса демайди. Аммо Financial Times мухбири ундан олинган фойда киритилган сармоядан қанча ошганини сўраганида, у “беш баробардан ортиқ”, деб жавоб берди.

Алишер Усмонов кўп йиллар давомида технологик компанияларга сармоя киритишда давом этди. Россияда у “МегаФон” уяли алоқа компаниясида, Mail.ru почта хизматида ва Facebook тармоғининг Россиядаги муқобили бўлган “ВКонтакте” ижтимоий тармоғида акцияларни сотиб олди.

“ВКонтакте” қисман Мильнернинг фонди DSTга тегишли эди, фонднинг акциядори Усмонов эди. IntelliNewsга берган шарҳида Мильнер: “Бу инсон кенг дунёқараш, ишбилармонлик салоҳияти ва принципларга содиқликни ноёб тарзда ўзида мужассам этган”, — дейди.

Алишер Усмоновнинг замонавий технологияларга бўлган алоҳида қизиқиши унинг Apple, шунингдек, дунёнинг кўплаб технологик етакчиларига, жумладан, JD.com, Twitter, Spotify, Uber ва бошқа компанияларга муваффақиятли инвестиция киритганида ўз аксини топди.

Хайрия фаолияти

Шу йил май ойининг бошида Ўзбекистон ва ­Қозоғистоннинг чегарадош ҳудудларида тошқин ва тўғоннинг бузилиши оқибатида 100 мингдан ортиқ одам жабр кўрди. Алишер Усмонов зудлик билан офат оқибатларини бартараф этиш учун ҳар икки мамлакатга 15 миллион доллар маблағ йўналтирди. Ўзбекистон Президенти ­Шавкат ­Мирзиёевга йўллаган мактубида у: “Фожиа ҳақидаги хабарни қалбимда оғриқ билан қабул қилдим” ва “мен халқимизнинг тақдирига бефарқ ­қараб тура олмайман”, деб ёзди.

Шу йилнинг бошида Алишер Усмонов она юртини ҳам четлаб ўтмаган Covid-19 пандемиясига қарши курашиш доирасида Ўзбекистон шифохоналарини жиҳозлаш учун 25 миллион доллар ажратди.

“Россияда миллиардер ва унинг шериклари тиббиёт муассасаларига ёрдам бериш учун ўз маб­лағларининг 26 миллион долларини ва назорати остидаги компаниялари орқали молиявий кўмак ва турли имтиёзлар шаклида 100 миллион доллар ажратди”, деб хабар қилди Алишер ­Усмоновнинг матбуот хизмати IntelliNewsга.

Forbes журналининг халқаро рейтингида Алишер Усмонов пандемияга қарши курашишга энг кўп хайрия маблағлари йўналтирган россиялик филантропга айланди ва хайр-эҳсоннинг умумий миқдори бўйича Жек Дорси ва Билл Гейтс билан биргаликда ҳозирги инқироз шароитида дунёдаги уч нафар етакчи саховатпеша бизнесменлар қаторига кирди.

Алишер Усмонов кўп йиллар давомида Россиядаги энг бой тадбиркорлардан бири бўлиб келган: унинг бойлиги 13,4 миллиард доллар қийматида баҳоланмоқда. Икки йил аввал Forbes экспертлари Алишер Усмоновни йилнинг энг яхши бизнесмени деб эътироф этган эди, лекин 60 ёшга тўлганидан сўнг у аксарият компанияларини бош­қарадиган USM холдингдаги улушини камайтира бошлади. Алишер Усмонов Жорж Сорос, Уоррен Баффет ва Билл Гейтcнинг изидан бормоқда: улар ўз капиталининг жуда катта қисмини ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларга хайрия сифатида сарфлаганлар. Айни пайтда Алишер Усмонов хайрия ишларини ўз фаолиятининг асосий йўналишига айлантирган илк россиялик миллиардер бўлди.

Ўзига тегишли маблағни чангаллаб, бизнеси устидан назоратни қўлдан чиқаришни истамайдиган аксарият россиялик олигархлардан фарқли ўлароқ, Алишер Усмонов бир неча йил аввал аста-секин бизнес билан боғлиқ ишлардан узоқлашаётганини айтди.

Шу йилнинг январь ойида Алишер Усмонов Россиядаги бизнесга доир активларнинг катта қисмини бирлаштириш мақсадида саккиз йил олдин ташкил этилган USM холдингидаги акцияларини оила аъзолари ва топ-менежерлари ўртасида тақсимлаш ниятида эканини маълум қилди.

“Менга ёрдам берганлар кўп. Шунинг учун мен ҳам ўз акцияларимни бериш орқали оилам ва менежерларимга ёрдам кўрсатишни хоҳлайман ”, деди Алишер Усмонов.

Энди Алишер Усмонов, ўзининг айтишича, вақтининг асосий қисмини ўзи чиндан ҳам севадиган ишга, яъни спорт ва хайрия ишлари билан боғлиқ лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга бағишламоқда. У узоқ вақтдан буён Халқаро қиличбозлик федерациясининг президенти бўлиб келмоқда. У “Қиличбозлик келажаги учун” хайрия жамғармаси асосчиси ҳамдир.

Жорий йилнинг бошида Алишер Усмонов Олимпия манифестининг асл нусхасини сотиб олди, бунинг учун тарихда спорт билан боғлиқ ёдгорлик учун тўланган энг юқори маблағ — 8,8 миллион доллар тўлади ва уни Халқаро қиличбозлик федерациясининг бош қароргоҳи жойлашган Лозанна шаҳридаги Олимпия музейига совға қилди.

Спорт мавзуси ҳатто Усмоновнинг шахсий ҳаётида ҳам билинади: мана, 28 йилдирки, бадиий гимнастика бўйича Россия терма жамоасининг афсонавий бош мураббийи ва Бутунроссия бадиий гимнастика федерацияси президенти бўлиб келаётган Ирина Винер унинг рафиқасидир.

Алишер Усмонов мустаҳкам иймон-эътиқодли инсон экани билан ажралиб туради ва 60 ёшдан кейинги умр мусулмон учун жуда муҳим давр, деб ҳисоблайди.

“Мусулмон учун 63 ёш — пайғамбар ёши. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом 63 йил умр кўрганлар. Ушбу табаррук ёшга етгач, инсонда фойда топиш билан шуғулланиш истаги йўқолади. Шунинг учун 63 ёшимда бизнес оламидаги саёҳатни тугатаман, — деган эди Алишер Усмонов. — Энди ўзимни бизнесмендек ҳис қилмаяпман. Мен кўпроқ хайрия ишлари билан шуғулланадиган жамоат арбобиман ва бу мени жуда руҳлантиради. Ва бу жуда катта маблағни талаб қилар экан, мен бир қатор компанияларда акциядор бўлиб ­қоламан”.

Forbes маълумотларига кўра, Усмонов сўнгги ўн беш йилда 2,6 миллиард доллар маблағни хайрия қилган. Ўтган йил давомида эса — 400 миллион доллар, жумладан, Ўзбекистонга бир неча юз миллион доллар ўтказилди.

Шунингдек, Алишер Усмонов Тошкентда йирик Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш учун ҳам маблағ ажратди. У Жаҳон банки кўмагида Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида уй-жой қуриш дастурини амалга оширишда иштирок этмоқда ва ўзбек спортини қўллаб-қувватламоқда.

Россияда Алишер Усмонов Мстислав Ростропович ва Галина Вишневскаянинг санъат асарлари тўпламларини ушбу мамлакатга қайтаргани, Россиянинг етакчи музейи учун Франс Халснинг машҳур “Авлиё Марк” картинасини сотиб олгани, совет мультфильмлари тўпламини топиб олиб келгани ва бошқа кўплаб ана шундай олижаноб ишлари билан танилган.

Айни пайтда Алишер Усмоновнинг саховатидан нафақат Россия ва Ўзбекистон баҳраманд бўлди, балки у бутун дунё бўйлаб маданий меросни қўллаб-қувватлашга катта ҳисса қўшди. Ульпиа Базиликаси, Горацийлар ва Куриацийлар залини ва Римдаги Пьяцца дель Квиринале майдонидаги фавворани реставрация қилиш, шунингдек, Лондондаги чой ташийдиган "Катти сарк" кемасини қайта тиклаш лойиҳалари — буларнинг барчаси Алишер ­Усмоновнинг фаол иштироки туфайли рўёбга чиқди.

"Менимча, агар бирор киши Оллоҳ таолодан ва тақдирдан нимадир олган бўлса, демак, уни бошқалар билан баҳам кўриши керак, — дейди Алишер Усмонов. — Хайрия ишларига келсак, сиз бор-будингизни ўнгу сўлга тарқатаверишингиз шарт эмас. Қуръони каримда буюрилганидек, даромаднинг бешдан бири хайр-эҳсон қилиниши жоиз. Хайрия фаолиятининг иккинчи босқичи — бу оилангиз ва дўстларингизнинг бахтли-саодатли бўлишлари учун уларга ҳамма нарсани муҳайё қилиб беришдан иборат. Ва учинчи даража — бордию ўзингиз кутганингиздан кўпроқ бойликка эга бўлсангиз, топганингизнинг ярмини эҳсон қиласиз".

Алишер Усмоновни яхши биладиган одамларнинг айтишларича, "хайр-эҳсон қилиб яшаш унинг қон-қонига сингиб кетган". Жеймс Уотсоннинг Нобель мукофоти медали билан боғлиқ ҳикояси Алишер Усмоновнинг ҳомийлик борасидаги ёндашувининг ажойиб намунасидир. 1962 йилда Френсис Крик ва Маурис Уилкинс билан биргаликда ДНКнинг икки қаторлик тузилишини кашф этгани учун тиббиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган Уотсон ўзи узоқ вақт ишлаган Лонг-Айленддаги "Колд Спрингс Харбор" лабораторияси учун пул топиш мақсадида ўз медалини сотишга тайёр эди. Медаль Нью-Йоркдаги "Кристис" кимошди савдолари уйида номаълум харидорга 4,1 миллион доллар эвазига сотилди. Кейинчалик бу Алишер Усмонов экани маълум бўлди. Саховатли бизнесмен "таниқли олим ўз ютуқлари учун олинган медални сотадиган ҳолатга тушишига йўл қўйиб бўлмайди... ва ДНК тузилишини кашф этгани учун мукофот унинг ўзида қолиши керак", деб медални олижаноблик билан Уотсонга қайтариб берди.

Юқорида зикр этилганлардан ташқари, ­Алишер Усмоновни жуда бой-бадавлат қилиб турган яна бир жиҳат бор. Катта оилада туғилиб-ўсган ­Алишер Усмонов ўндан зиёд жиянлари ва набираларини ардоқлайди, унинг меҳр тўла улкан қалбида улар муҳим жой эгаллаб, энг бебаҳо бойлиги ­бўлиб келмоқда.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+30° ясно
Валюта курси
10173.38
USD 0.62
11411.48
EUR 43.42
145.97
RUB -0.42