Ўтган ҳафтада пойтахтимизда Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши томонидан “Тасанно – 2015” миллий таомлар халқаро фестивали ўтказилди.
Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Байналмилал маданият маркази, Бадиий академия ва мамлакатимиздаги хорижий давлатлар элчихоналари билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу фестивалда кенг жамоатчилик вакиллари, чет эллик меҳмонлар, талаба-ёшлар иштирок этди.
Хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий ҳамкорликни ривожлантириш, турли халқлар тарихи, урф-одат ва анъаналари, санъати ва маданияти билан яқиндан танишиш дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади. Ушбу жиҳатлар 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оиладек истиқомат қилаётган юртимизда янада ёрқинроқ ўз ифодасини топмоқда.
Фестиваль доирасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларига хос миллий либослар намойиши ҳамда юртимизда яшаб ижод қилаётган турли миллат вакилларининг бадиий асарларидан иборат кўргазмалар намойиш этилди. Тадбирда ўзбек, хитой, корейс, араб, озарбайжон, туркман, вьетнам, латиш, грек, итальян ва бошқа халқлар миллий таомлари танлови бўлиб ўтди. Турли миллий маданият марказларининг бадиий жамоалари иштирокидаги концерт барчага завқ бағишлади.
Фестиваль бош соврини хитойлик ошпазларга насиб этди. Италиялик пазандалар биринчи, ҳамюртларимиз иккинчи, мисрлик ошпазлар эса, учинчи ўринларга сазовор бўлди. Ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.