Республикамиз божхоначилари томонидан божхона чегаралари орқали нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш борасида мунтазам чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан шу турдаги бир нечта божхона қоидабузарликлари фош қилинди. Бу ҳақда “Тошкент-Аэро” ИБК Ахборот хизмати хабар беради.
Аёлларнинг нозиккина ва бежирим сумкалари фақатгина пардоз-андоз воситалари учун хизмат қилмайди. Масалан, ундан божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиб, нақд хорижий валюталарни яшириб, олиб ўтишга уриниб кўриш мумкин! Ҳар ҳолда сирдарёлик Ким хоним (мақоладаги барча исм-шарифлари ўзгартирилган) айнан шундай фикрга бориб қонунбузарликка йўл қўйган бўлса, ажаб эмас! Аммо, Сеулга учиш олдидан божхона назорати вақтида бу каби ўйларнинг барчаси ҳавога учди! Оқибатда, аёл 2500 АҚШ доллари билан “хайрлашди”.
Красноярсклик Еленага елкасига ортган рюкзаги “омад” келтирмади! Парвоз олдидан божхона кўриги вақтида назорат-рентген аппарати рюкзакка яширилган 2800 АҚШ долларини бир лаҳзада фош қилиб қўйди.
Ён дафтарда фақат муҳим воқеа-ҳодисалар қайд қилинади десангиз адашасиз! Қарангки, Россия Федерациясига йўл олган чустлик Шавкатжон ён дафтарида нақд хорижий валюталарни сақлар экан. Натижада, божхона кўриги давомида божхоначилар ён дафтар саҳифаларини эмас, аксинча унга яширилган 34 та 100 долларлик купюраларни “варақлашди”.
“Тошкент-Деҳли” йўналиши бўйича ўз юртига отланган Сингх эса хамёнидаги 3900 АҚШ долларини божхона баённомасида қайд этишни “унутиб” қўйибди.
Мавританиялик Ясин ”Тошкент-Дубай” парвозига бироз кечикди. Бунга эса божхона назоратидан яширин равишда олиб ўтишни кўзлаб, чўнтагига бекитган салкам 4 минг АҚШ доллари “сабабчи” бўлди!
Москвага парвози олдидан россиялик Наташа ҳам қўл сумкаси орқали ноқонуний олиб чиқишга уринган 10 минг АҚШ доллари тўғрисида божхоначиларга тушунтириш беришга ҳарчанд ҳаракат қилмасин, барча баҳоналари энди беҳуда!
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Рақамларга кўра, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда та аниқланган 220 дан ортиқ божхона қоидабузарликлари натижасида 297 минг АҚШ доллари, салкам 26 минг евро, 2,2 млн.дан ортиқ Россия рубли ва бошқа нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олди олинди.
Эслатиб ўтамиз, республикамизнинг чегара-божхона постлари ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали чиқиб кетаётган шахслар валюта назоратидан ўтказилади. Амалдаги тартибларга мувофиқ, божхона чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар томонидан тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясида Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий ва чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари ҳамда қимматбаҳо буюмларнинг мавжудлиги ва миқдори кўрсатилиши шарт.
Республикамизда резидентларга 2000 АҚШ доллари эквивалентидаги нақд хорижий валюталарни йўловчи божхона декларациясида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади. Бундан ортиқ миқдордаги нақд валюталарни олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб этилади.
Норезидентларга эса Ўзбекистонга кириб келаётганда ўзи билан олиб келган ҳамда божхонага тақдим этилган йўловчи божхона декларациясида қайд этилган миқдордаги хорижий валютани олиб чиқишларига рухсат берилган.





