Кечагина талаба бўлдиммикин, деган ҳаяжонда тест синовлари натижаларини интиқлик билан кутган, бироқ талабалик бахтига муяссар бўла олмаган абитуриентларнинг айримлари бугун тушкунликка тушиб ўтирган бўлса ажабмас. Уларнинг айримлари аллақачон янги мақсадларни белгилаб олға қадам қўйишни бошлаб юборган бўлса, айримлари кейинги йилги тест синовларигача қандай йўл тутишни, нима билан шуғулланишни аниқлаб олмаган. Шуларни инобатга олиб биз бугун эътиборингизга бу борадаги айрим маслаҳатларни ҳавола этамиз.
Рақамлар
Бу йил олий таълим муассасаларига рекорд натижа қайд этилиб, жами 605 836 нафар абитуриент ҳужжат топширди ҳамда бир ўринга 10.45 киши даъвогарлик қилди. Шулардан фақат 57 957 нафари талабалик бахтига муяссар бўлди. Кўрдингизми, абитуриентларнинг 10 фоизигина талабалар сафидан жой ололган. Шу сабабли тушкунликка тушманг. Бу ўзингизга нисбатан ишончингиз сўнишига сабаб бўлолмайди. Қайсидир маънода бунда фақат билим эмас, омад ҳам ўзига яраша роль ўйнаган.
Хўш, қолган ярим миллион абитуриент яна бир йилни қандай ўтказиши мумкин? Бугун талабалик бахтига муяссар бўлмаган ёшларга ўз тавсияларимизни берамиз.
Имтиҳонларга тайёрланинг
Бугунги кунда деярли барча олий ўқув юртлари қошида ўқув тайёрлов марказлари очилган бўлиб, унда Абитуриентларни тиббиёт, ижтимоий, иқтисодий, техника курслари буйича давлат тест синовларига тайёрлайди.
Таҳминий нархлар: Бугунги кунда ўқув марказларида тайёрлов курслари ўртача 150 минг сўм бўлса, учта фандан тайёргарлик кўриш бир ойга тахминан 450 минг сўмни ташкил этади.
Ҳарбий хизматга бориб келинг
Ушбу таклиф асосан кучли жинс вакилларига - йигитларимизга тегишли бўлиб, ўз ўрнида бу олий таълим муассасасига қўшимча балл тўплаш имконини ҳам беради. Бунинг устига ҳарбий хизмат ҳаёт учун ҳам ажойиб мактаб саналади, у ёшларнинг жисмоний ва руҳий куч-қудратини оширади. (ОТМда ўқиш чоғида ҳам бу бардош сизга албатта асқотади). Шу сабабли вақтни зое кетказмай ҳарбий хизматга бориб келсангиз ҳам бўлади.
Ишга киринг
Агар университетда ўқишни режалаштираётган бўлсангиз, бу сизга бироз халал бериши мумкин. Бироқ бунинг ўзига хос фойдали томони ҳам бор: айтайлик маошларингиз ўқув курси ёки репетитор харажатларини қоплаши мумкин, бу ота-онангизга ўзига хос ёрдам бўлади. Бунда сиздан жуда катта куч ва меҳнат талаб этилади. Ҳам ишлаб, ҳам ўқишга тайёрланиш фақат жуда иродали инсонларнигина қўлидан келади. Агар сиз келажакдаги мутахассислигингизга мос иш топсангиз, бу ўзига хос амалиёт вазифасини ҳам ўташи мумкин. Шунда университетда ўқиётганингизда ҳам осонроқ кечади.
Ҳунар ёки тил ўрганинг
Бугун юртимизнинг турли нуқталарида ёшларга ҳунар ўргатиш мақсадида турли ўқув марказлар ташкил этилган. Унда уй ҳамширалиги, массаж, элита пардалар тикиш, пазандалик, чеварлик, ошпазлик, аёллар ва эркаклар сартарошлиги, сунъий гул ясаш, тўқувчилик, болаларни мактабга тайёрлаш, компьютер саводхонлиги, шунингдек, рус, инглиз, корейс ва бошқа чет тилларини ўргатиш бўйича курслар фаолият юритади. Уларда малакали мутахассислар томонидан ёшларга турли касб ва ҳунар сирлари ўргатилади. Курсларга қатнаб албатта керакли натижаларга эришиш имкони яратилади.
Интернет орқали таълим олинг
Сизда масофавий билим олиш имконияти ҳам мавжуд. Бугунги кунда бутунжаҳон интернет тармоғи курсларда ёки исталган хорижий институтда ўқиш имконини бермоқда. Бунинг ўзига хос ижобий томонлари бор. Биринчидан дарслар вақтини ўзингиз учун мустақил танлайсиз, иккинчидан бир вақтнинг ўзида ишлашингиз ҳам мумкин.
Айтайлик, гид-йўлкўрсатувчи, турфирма раҳбари каби мутахассисликларга “Ўзбектуризм” Миллий компаниясининг Республика илмий-ўқув консалтинг марказида онлайн ўқиш имконияти мавжуд. Ўқишнинг электрон шакилини жуда кўп олий ўқув юртлари амалга оширмоқда, масалан, Самарқанд Давлат тиббиёт институти. Россия ОЎЮлари – МТИ (Москва технология институти), ва ТюмДУ (Тюмень Давлат университети) ҳам масофавий ўқитади.
Биринчисида иқтисодиёт, информацион технологиялар, қурилиш, иссиқлик энергетикаси ва бошқа факультетларни танлаш мумкин. Иккинчисида машҳур соҳа менежмент, педагогика, сайёҳлик, иқтисодиёт ва ҳуқуқшунослик соҳалари мавжуд. Батафсил маълумотни, юқорида санаб ўтилган муассасаларнинг расмий сайтларидан олиш мумкин.
Дарвоқе, ўқув материали билан батафсил танишиш имконини шунингдек – Гарвард, Массачусетс, Бостон, Беркли ва бошқа таълим муассасалари тақдим этади. Албатта бундай курсдан кейин сизга ҳеч ким ҳеч қандай ҳужжат бермайди, лекин Нобель мукофотига сазовор бўлган лауреатларнинг, машҳур ўқитувчиларнинг маърузаларини кўришингиз, ўз билимингизни оширишингиз мумкин.
Ҳордиқ чиқаринг
Агар тест синовларига тайёргарлик жараёнидан кучингиз, бардошингиз ва асабларингиз толиққан бўлса, эҳтимол бироз танаффус қилиш мақсадга мувофиқдир. Йил давомида жуда кўп фойдали ишлар қилиш мумкин: Photoshopда ишлашни ўрганиш, машҳур ёзувчининг асарини ўқиб чиқиш, ёки бирор ерга дам олишга бориш.
Хулоса
Асосийси – асло хафа бўлманг. Ҳар қандай номақбул вазият, ҳатто омадсизлик билан якунланган имтиҳон ҳам – бу биринчи навбатда яна бир имконият. Уни қўлдан бой берманг.
Унутманг!
Бир уринишда ўқишга киролмаган ўз ишининг мутахассилари жуда кўп. Интилганга толе ёр! Шу сабабли, руҳингизни туширмай келажакда албатта ўзингиз истаган маррага эришишга ҳаракат қилинг.





