Мамлакатимиз Президенти И.А.Каримовнинг таклифига биноан Тошкент шаҳрига ташриф буюрган Корея Республикасининг Экспорт-импорт банки раиси ва президенти жаноб Ли Дук Хуннинг ташрифи доирасида Ўзбекистон банклари Ассоциациясида “Корея Эксимбанкининг Корея иқтисодий ривожланишидаги роли ва унинг Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси” мавзусида учрашув-семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Молия вазирлиги, Марказий ва тижорат банклари, нобанк кредит ташкилотлари раҳбарлари, тижорат банкларининг инвестицияларни жалб қилиш ва улардан фойдаланиш масалаларига ихтисослашган департаментларининг маъсул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Жаноб Ли Дук Хун Жанубий Корея иқтисодиётининг ташкил топиши ва ривожланиши, мамлакатнинг жаҳон ишлаб чиқаришидаги ютуқлари, шунингдек мамлакат тараққиётида Эксимбанкнинг аҳамияти борасида тўпланган бой тажрибаси билан ўртоқлашди. Иштирокчилар томонидан берилган барча саволларга батафсил жавоб берди.
Семинарда бу тажрибалар катта қизиқиш уйғотди ва тижорат банклари инвестиция фаолиятида асқотиши, шунингдек Эксимбанкнинг Ўзбекистон иқтисодиёти ва унинг банк соҳаси ривожланишига қўшаётган улкан ҳиссаси алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Жаноб Ли Дук Хун Эксимбанкнинг, умуман Жанубий кореялик ишбилармонларнинг Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли инвестицион ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қизиқиш катталигини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, ташриф давомида бир қатор инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш масалалари муҳокама этилган. “Асака” АТБ билан 160 млн АҚШ доллари миқдорида кредит линияси очиш бўйича банклараро келишув имзоланган.
Эксимбанк Ўзбекистонда йирик стратегик лойиҳаларни амалга оширишда қатнашиб келади. Банк маблағлари ҳисобига мамлакатимизда қарийб 1 млрд АҚШ долларига тенг лойиҳалар молиялаштирилган. Банк маблағлари телекоммуникация ва автомобилсозлик тармоқларини ривожлантириш, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларини жиҳозлаш, кичик корхоналар имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилган.
Банк Устюрт газ-химия комплекси қурилишининг асосий кредиторларидан бири бўлиб, ушбу лойиҳанинг амалга ошиши учун 1 млрд АҚШ доллари ажратган.
Ҳозирги пайтда 1 млрд долларлик лойиҳалар ўрганиб чиқилмоқда.
Тадбир қатнашчилари ҳар икки мамлакат банк тизимлари ўртасидаги самарали ва истиқболи муносабатларнинг ривожланиши, ўзаро ишончни янада ошиши, шунингдек инвестициялар ҳажмлари ўсишини таъкидлашди.
Эслатиб ўтамиз, банкнинг Тошкентдаги ваколатхонаси 2007 йилдан буён фаолият кўрсатмоқда.





