Пишиқчилик мавсуми ҳамма уй бекаларимиз қишги мавсумга тайёргарлик кўриш мақсадида уйларида консервалар тайёрлашни бошлайдилар. Бироқ шифокороларимиз оғир касалликлардан бири ҳисобланган ботулизмни олдини олиш мақсадида уйда консерва маҳсулотларини тайёрламасликни ва уйда тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилмасликни тавсия этишмоқда.
Ботулизм ўзи қандай касаллик? Унинг оқибатлари қандай? Бу ҳақда батафсил маълумотни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази Овқатланиш гигенаси бўлими мудири Қамриддин БОҚИЕВдан олдик.
Биз мутахассис сифатида биринчи навбатда одамларнинг бу борадаги савиясини, билимини ва гигиеник маданиятини оширишимиз лозим. Касаллик уйда консерваланган маҳсулотлардан келиб чиқади. Бунинг асосий сабаби шуки, хонадонларда технологик талабларга тўлиқ риоя қилинмайди ва бунинг иложи ҳам йўқ. Ушбу касалликнинг қўзғатувчилар ташқи муҳитда сувда, тупроқда кенг тарқалган. Булар ноқулай шароитда устига қобиқ ҳосил қилади. Қачонки улар ўзи учун қулай шароитга, яъни кислородсиз жойга тушса улар қобиғидан чиқиб, вегетатив ҳолатга ўтиб кўпая бошлайди, биологик токсин ишлаб чиқаради. Ушбу қобиқ ичида қанча муддат бўлса ҳам тураверади. Токсинлар инсон учун жуда заҳарли. Кислородли оддий ҳавода эса улар яшай олмайди, парчаланиб кетади.
Ботулизм ўзи нима?
Ботулизм касаллиги айрим ҳолларда ўлим билан тугайдиган, оғир турдаги овқатдан заҳарланиш бўлиб, уй шароитида тайёрланган помидор, бодринг, патиссон маринади, бақлажон икраси ва бошқа консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида юзага келади.
Нима қилиш керак?
Касаллик споралари ўлиши учун +120 даражали ҳарорат бўлиши керак. 20 дақиқадан ошиқ қайнаб туриши керак. Бундан ташқари 2,5 атмосферадан юқори босимда стерилланиши керак. Споралар банкаларга тушиб қолса улар қобиқдан чиқиб кўпаяди ва ўзидан токсин ишлаб чиқаради. Буни истеъмол қилган одам ботулизм касалига чалиниши мумкин. Шу сабабли биз уй шароитида консерва тайёрламасликни тавсия этамиз. Албатта, шунча одам уйда тайёрлаяпти-ку дейишингиз мумкин. Ҳа, лекин бу миллиондан битта ҳолатда учраса ҳам бир инсон учун аянчли натижаларга сабаб бўлиши мумкин.
Вақтида ёрдам берилса-чи?
Касаллик юзага келиб у марказий нерв тизими нейронларини фалажлайди. Касалликка зудлик билан даво чоралари кўрилмаса у ўлим билан тугаши мумкин. Касалликнинг яширин яъни инкубацион даври 14 кунни ташкил қилади.
Энг ачинарлиси...
Бу касалликни ўз қўлларимиз билан келтириб чиқарамиз ва ўз қўлларимиз билан яқинларимизни заҳарлаймиз! Бу касаллик қўзқатувчиси ҳеч бир дезинфекцион моддаларга ўлмайди фақат ишқорли кислотали муҳитда ўсишдан тўхташи мумкин. Буни ўлдириш учун термик обработкани кучайтириш лозим.
Заҳарланиш белгилари қандай?
- Ҳолсизланиш, кўнгил айниши, қайд қилиш, оғиз қуриши;
- Кўришнинг ҳиралашиши;
- Буюмларни иккитадан кўриниши;
- Кўз қовоғининг осилиши;
- Овоз бўғилиши.
Ботулизмга чалинмаслик учун...
- Уй шароитида помидор, бодринг, патиссон маринади, бақлажон икралари каби консерва маҳсулотларини тайёрламаслик;
- Белгиланмаган жойлар, кўча-куйларда сотилаётган консерва маҳсулотларини ҳарид қилмаслик;
- Дўконлардан консерва маҳсулотларини ҳарид қилиш жараёнида маҳсулот ёрлиғи ва унда келтириб ўтилган ишлаб чиқарувчи корхона номи, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддатига алоҳида эътибор бериш;
- Ҳар қандай консерва маҳсулотларини очишдан олдин уни чайқамасдан яхшилаб кўздан кечириш, қопқоғи кўтарилмаганлигига, суюқлигининг тиниқлигига ва маҳсулотнинг эзилмаганлигига эътиборли бўлиш лозим.
Ёдда тутинг!
Ботулизм касаллигини даволаш ҳамда асоратларини олдини олишнинг ягона йўли шифокорга ўз вақтида мурожаат қилиш. Беморни уй шароитида ўзбошимчалик билан даволаш оғир асоратларга, ҳаттоки ўлимга олиб келиши мумкин. Шу сабабли касаллик белгилари кузатилса, зудлик билан шифохонага мурожаат қилиш лозим!
Бугунги кунда тиббиёт анча ривожланган. Ҳозирда касаллик токсинига қарши ҳар бир юқумли касалликлар шифохонасида анатоксин зардоблар бор. Ушбу зардоб қанчалик тез ва вақтида организмга қуйилса ва нейтралланса касалликдан шунча тез фориғ бўлиши мумкин.





