АсосийJamiyat

“Болангизни ўқишга киритаман” дея одамларни чув туширган фирибгарлар фош этилди

Ҳар йили ёз бошланиши билан ғимирлаб қоладиган фирибгарлар тоифаси бор. Тўғри топдингиз, улар фарзандини олий ўқув юрти ёки нуфузлироқ коллежга ўқишга киритиш ҳаракатидаги ота-оналарни тузоққа тушириш пайида бўлишади..

                              “Менга рўпара қилаверинг!”

Университетни тамомлаган Носир орзусидаги «зўр» ишни тополмади. Мутахассислиги бўйича ишлашга бўйни ёр бермай, бошқа соҳаларда омадини синаб кўрди. Таниш-билиш қилиб кирган ишларида ҳам ёлчитиб ишламади. Хуллас, ўттиздан ошиб ҳам бир иш­нинг бошини тутмай, «ҳаводан пул топадиган»ларга та­ассуб қилиб юраверди.

Бу замонда талаба бўлишни орзу қил­маган йигит-қиз, фарзандининг олий ўқув юртида таҳсил олишини истамаган ота-она топилмаса керак. «Қаҳрамонимиз» учун инсон руҳиятидаги ана шу нуқтада тўхташ ва ҳеч бўлмаганда маълум муддат ундан фойдаланиб қолиш мумкинлигини тушуниш қи­йин кечмади. Ахир, нима бўлгандаям, Носир олий маълумотли йигит-да!

Аввалига пўрим кийинишни, атрофдагилар билан хушмуомала бўлишни одат қилди. У ер-бу ерда орттирган танишларининг номини сотиб, ўзини баъзи муаммоларни ҳал қила оладигандай тутишни­ ўрганди. Пойтахтимиздаги университетлардан бирининг ахборот-ресурс мар­казида ишлаб юрган Низом билан танишиб қолгач, «иш­га» жиддий киришди.

Таниш-билишларига «ўқишга кириш истагида бўл­ганларни менга рўпара қилиб юбораверинг» деган маз­мун­да гап қистириб қў­йишни канда қилмади. Турган гапки­, бундай «реклама» бе­самар кет­мади. Фарзанди ёки таниш-билишини ўқишга жой­лаш истагида юрганларнинг ўзлари уни йўқлаб кела бош­лашди.

                     Тузоқдаги “ўлжа”

Кунларнинг бирида Носир жиянини Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга “жойлаштириш” учун атайин Россиядан келган бир аёл билан тасодифан танишиб қолади. Бундай имкониятни бой беришни истамаган Носир мазкур олий ўқув юртида дарс беришини айтиб­, камтарлик билан ўзини таништиради. Табиийки, жиянини ўқишга «жойлаштириш учун» таниш қидириб юрган аёл кутилмаганда «домла» билан танишиб қолганидан хурсанд бўлади.

— Тиббиёт академиясига киришнинг ўзи бўлмайди ҳо­зирги пайтда... — гапни узоқ­дан бошлади Носир.—  Қисқаси, жиянингизнинг иши 15 минг долларсиз ҳал бўлмайди.

Аёл иккилангандай бўлиб, ўйлаб кўриши кераклигини айтади.

— Нимасини ўйлайсиз? Ё жиянингизнинг билимига шунчалик ишонасизми?

— Озгина келиштиринг-да, домла...

— Бундан яхши нархни тополмайсиз. Мен шу ерда ишлаб юрибман-ку, вазиятни яхши биламан. Бу пулни академиянинг «катталари»га олиб бориб беришим керак, менга арзимаган фоиз қолади.

— Яхши, фақат ҳозирча беш мингини тўғрилаб берсам бўладими? Қолганини кейинроқ, августнинг охирларига етказсам...

Носир «мижоз»ни бой берармиди. Ўзини нималарнидир чамалаб кўраётган одамдай тутиб, бир муддат индамай турди. Сўнг: — «Майли, бир амаллармиз. Фақат беш мингни эртагаёқ етказасиз...», — деди.

— Эртага бўлмайди. Ҳо­зир... — аёл шундай деб сум­­касидан бир даста пул чиқариб унга узатди. Кейин унинг телефон номери, манзилини ёзиб олди. Бир ҳафтадан кейин жиянини эргаштириб келишини айтиб, жўнаб кетди.

                     “Ҳар қандай институтда таниши бор!”

Аммо орадан ҳафта уёқда турсин, бир кун ҳам ўтмади. Ўша куннинг ўзидаёқ кечга яқин жиянини ўқитмоқчи бўлган аёл ёнида икки йигит билан уни қидириб келди. Носир тушундики, аёл фикридан қайтган. Пулни қайтаришдан бошқа чора тополмади.

Олий ўқув юртларига ҳуж­жат қабул қилиш бошланган кунларда тиним билмаган Носир кириш имтиҳонлари арафасида телефонини ўчириб, бир муддат ғойиб бўлиб қолди. Унга ишониб пул берганлар чув тушганини­ тушунганида кеч бўлган эди.

Сентябрнинг бошлари эди. Носир ва Низом телефонла­шиб, шаҳар марказидаги ка­феда кўришдилар. Кўп ўтмай уларнинг олдига Носирнинг Лобар исмли таниши дугонаси­ билан етиб келди. Албатта, буни тасодифий ёки романтик учрашув деб бўлмасди. Носир Лобарга ўзини «ҳар қандай олий ўқув юрти-ю­ коллежларда таниши бор одам» сифатида таништирган, шу сабаб қизлар уни йўқлаб келишган эди.

Гап шундаки, Лобарнинг Нигора исмли дугонаси университетга ҳужжат топширган, лекин тест имтиҳонларида етарли балл тўплай олмагани боис талаба бўлиш насиб этмаган эди. Лобар унга Носир исмли таниши вазирликда, Низом исмли таниши эса ҳокимиятда ишлаши ҳақида гапириб, унинг ўқи­шини ана шу танишлари ҳал қилиб бериши мумкинлигини айтади. Барча фирибгарлар каби «ўлжалар»ининг олдида Но­сир ва Низом ўзларини анча сипо, шунинг баробарида, уддабурон одамлардай тутишиб, аллақандай олди-бердилар, валломат танишлари ҳақида гаплашиб ўтиришди.

Лобардан Нигоранинг муаммосини диққат билан эшитганларидан сўнг Носир муддаога кўчди:

— Хабарингиз бўлса керак, олий ўқув юртларида қўшимча ўринга кириш аввалгиданам қийинлашиб кетган. Лекин сиз айтган университет раҳбарлари орасида­ танишларим бор. Гаплашиб кўриб, жавобини кечгача айтаман.

                                        “Қолгани бир гап бўлар...”

Қизлар кетишгач, Носир кулиб юборди:

— Буёғи қандоқ бўлди, ус­тоз? Университетда бирон кишини таниймизми ўзи?

— Пулни олаверайлик-чи,­ бир гап бўлар. Барибир ишни ҳал қилолмаймиз. Қу­тулишнинг эса «узр, ўхшамай қолди» деган осон йўли бор. Пулни қайтарамиз-да бир кун. Унгача бир-икки айлантириб оламиз, — деди муздай пиводан симирар экан Низом. — Оғзингни тўлдириб 8000 доллар сўрайвер. Бунақа «балиқ» ҳамиша ҳам қармоққа илинавермайди.

— Низом ака, айбга буюрмайсиз-да, сиздан­ бемаслаҳат яна бир иш қилганман,— гапни узоқдан бошлади Носир.— Санобар опа деган бир танишим бор, мактаб директори. Ўшанинг жиянини Бо­ровский номидаги тиббиёт кол­лежига ўқишга киритаман­ деб 1300 доллар олишга олдим-у, ишни ҳал қилолмадим. Пулни алла­қачон «ҳазм» қилиб юборганман. Опа кунора телефон қилиб пулини қайтаришимни сўраяпти. Нима қилсам экан?

— Нима қилардинг, «ана-мана» деб алдаб юравер. Безор бўлганидан охири сўрамай қўяди...

                               Иштаҳа ош устида... 

Кеч тушганда тарқа­лишди. Тарқалиш олдидан Но­сир Лобарга телефон қи­либ, гўёки ҳозиргина университет­ раҳбарияти билан гаплашиб, ишни ҳал қилган одамдай ишонч билан гапира бошлади:­

— Бу йил университетга қўшимча ўрин кам ажратилган экан. Шундай бўлсаям танишингизнинг ишини ҳал қилдим. Фақат пулини тезлаштириш керак. Вақт кутиб турмайди...

— Қанча сўрашаяпти? — ик­килангандай сўради Лобар.­

— Ҳа-я, айтмадимми ҳали, саккиз минг доллар... Олти мингини эрта ёки индинга, қолганини талабалик гувоҳномасини олганидан кейин бераверади.

— Жудаям қиммат айтишмаяптими, Носир ака? Майли, мен Нигорага телефон қилиб айтаман. Яна бир гап, Носир ака, Дилноза де­ган танишимнинг синглиси медколлежга киролмабди. Шуниям тўғрилашнинг иложи борми? — сўради Лобар.­

— Коллеж масаласини Низом ака билан гаплашиб кўраман. У сизга телефон қилади, — Носир шундай деб шеригига кўз қисиб қўйди.

Эртасига Низом ака Лобарга телефон қилиб, ишни ҳал қилишини, фақат бунинг учун 1500 доллар олиб келиши кераклигини, бўлмаса кеч бўлишини айтди.

                              Ҳар кимки ёмон бўлса...

Лобар Носирнинг гапларини Нигорага етказди. Ни­гора «саккиз минг доллар катта пул, ўйлаб кўришим керак», — деганича икки кун жим бўлиб кетди. Учинчи куни «бу одамларни яхши танийсанми ўзи? Кейин пулни ололмай сарсон бўлиб юрмайманми?» деган саволни кўндаланг қўйди.

Бу ёқда синглисини тиббиёт коллежига киритиш ҳаракатидаги Дилноза ҳам бироз иккиланиб қолди. Ик­ки фирибгар эса «пулни тезлаш­тириш керак» деб дам-бадам телефон қилишмоқда...

Лобар билан Дилноза буёғига нима қилишни билмай қолишди. Икки соатдан ошдики, маслаҳатлашиб бир қарорга келишолмаяпти. Но­сир ҳам, Низом ҳам муддатни қисқа айтишган. Сўралаётган пулни топиш эса осон иш эмас. Пул топилди ҳам дейлик, лекин улар фирибгар бўлиб чиқишса нима бўлади?

Икки дугона ўйлаб ўйига етолмай турганларида, телевизорда бир гуруҳ фирибгарларнинг жиноят устида қўлга олингани ҳақидаги кўрсатув бошланиб қолди. Кўрсатувни охиригача томоша қилган Лобар ва Дилноза бир-бирига қараб олишди. Улар бир қарорга келиб бўлишган эди.

Эртаси куниёқ улар ҳу­қуқ-тартибот органига ариза билан мурожаат қилишди. Ишлаб чиқилган тезкор тадбир давомида фи­риб­гар­лар Носир Жўрабоев ва Низом­ Алимовлар жиноят­ устида қўлга олинди. Дастлабки тер­гов давомида уларнинг бош­қа жиноятлари ҳам фош этилиб, фирибгарликни касб қилиб олгани аён бўлди. Суд ҳукми билан улар тегишли жазосини олишди. Фирибгарлик қиссаси шу тариқа якун топди.­

                                                 Шавкат ЁДГОР,

                                                 журналист

                                                 Суд метариллари асосида тайёрланди.

 

    Бошқа янгиликлар