Юртимизга ташқаридан товар-моддий бойликларни импорт қилиш бўйича аниқ ва самарали тартиблар ишлаб чиқилган бўлиб, бунда энг аввало юртдошларимиз саломатлиги шунингдек, ички ишлаб чиқарувчилар манфаатлари ҳам алоҳида эътиборга олинган. Афсуски, амалдаги тартибларга риоя қилмай, натижада ички бозорни сифатсиз маҳсулотлар билан тўлдиришга ҳаракат қилаётган “ишбилармон”лар ҳам йўқ эмас.
Хусусан, яқинда пойтахтимиз божхона ходимлари томонидан катта миқдордаги товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.
Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Келес” темир йўл божхона пости ходимлари томонидан “Новосибирск-Тошкент” йўналиши бўйича кириб келган йўловчи ташиш поезди йўловчиларининг қўл юкларини божхона назоратидан ўтказиш натижасида фуқаролар А.Рахимов ҳамда О.Махмудовлар (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) умумий қиймати 36,6 млн. сўмдан ортиқ бўлган 70 турдаги товар-моддий бойликлар, шу жумладан маиший тозалаш воситалари ва парюмерия маҳсулотларини йўловчи божхона декларациясида ва божхоначиларнинг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, олиб киришга урингани фош қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати.
Шунингдек, пост ходимлари “Алмата-Нукус” йўналиши бўйича кириб келган поезди йўловчиси У.Жабборов томонидан қиймати салкам 3,4 млн. сўмлик товар-моддий бойликлари, хусусан парфюмерия ва аёллар гигиеник воситаларини ноқонуний равишда олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Юқоридаги ҳолатларда ушбу шахаслар юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан туриб, товар-моддий бойликларини тижорат мақсадида олиб киришга уринишган.
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бошпочтамт” божхона пости ходимлари Ҳиндистондан келган почта жўнатмаларининг Марғилон туманидаги айнан бир кўчада истиқомат қилувчи бир нечта шахслар номига юборилганлигидан шубҳаланиб қолишди. Мазкур почта жўнатмалари амалдаги тартибларга мувофиқ божхона кўригидан ўтказилганда, уларда айнан бир турдаги товар – аёллар учун хина бўёқлари юборилганлиги аён бўлди. СN-23 шаклидаги почта декларациясида кўрсатилмаган 5500 донадан ортиқ хина бўёқларининг умумий қиймати 27,5 млн. сўмдан ортиқ бўлиб, улар шахсий фойдаланиш учун эмас, аксинча тижорат мақсадида юборилганлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, парфюмерия ва косметика воситалари Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари олиб киришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2013 йил 13 майдаги 127-сонли қарорига мувофиқ давлат тилида маркаланиши шарт бўлган истеъмол товарлари рўйхатига киритилган.
Шунингдек, бу турдаги товарлар Вазирлар Маҳкамасининг «Сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2011 йил 28 апрелдаги 122-сон Қарорига биноан, мажбурий тартибда сертификатланадиган маҳсулот турлари рўйхатига ҳам киритилган.
Шу ўринда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси фуқаролардан божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан 120-76-76 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатади. Мурожаатлар анонимлиги кафолатланади.





