1

БУЛУНҒУР ТУМАН СУД ИЖРО ДЕПАРТАМЕНТИ БОШЛИҒИ ҚЎЛГА ОЛИНДИ

ЖИНОЯТ 02.10.2015, 10:40
 БУЛУНҒУР ТУМАН СУД ИЖРО ДЕПАРТАМЕНТИ БОШЛИҒИ ҚЎЛГА ОЛИНДИ

Бахтга қарши қонун билан иш кўрадиган суд ижро тизими ходимлари орасида ҳам қўлини жиноят билан булғайдиганлар учраб туради. Самарқанд вилояти Булунғур тумани суд ижро департаменти бошлиғи Шокир Зоҳидовнинг мансабини суиистеъмол қилиб жиноятга қўл ургани фикримизни исботлайди. 

stv.uz сайти тарқатган маълумотларга кўра, туман суд ижро департаменти бошлиғи Шокир Зоҳидовнинг жинояти ҳуқуқ-тартибот идораларига булунғурлик фуқаронинг ариза билан мурожаат қилгани сабаб фош этилди. Эслатиб ўтамиз, юртимизда бугунги кунда фуқаролар ҳақ-ҳуқуқни ва эркинлигини таъминлаш бўйича қонун устуворлиги кафолати юзасидан аниқ чора-тартиблар белгиланган. Шу боис ҳам ҳуқуқ-тартибот органи ходимининг ҳуқуқбузарлиги юзасидан бўлган мурожаат доирасида тезкор чоралар кўришга киришилди. Шу асосда 2015 йилнинг 16 сентябрида эса Шокир Зоҳидов ўз хизмат хонасида ижро ишининг ижобий натижаси учун фуқародан 400 АҚШ доллари миқдорида пора олаётганида ҳуқуқ-тартибот органи томонидан ҳибсга олинди. Қўзғатилган жиноят иши материалларига кўра, Ш.Зоҳидов жабрланувчидан ижро иши кўрилиши учун аввал 100 АҚШ долларини ҳам рағбат сифатида олганлиги аниқланган.

Ҳуқуқ-тартибот органларининг маълумотларига кўра, Ш.Зоҳидов ўз вазифаси давомида пул олишнинг бошқа бир қатор “тизим”ларини ҳам ўйлаб топган. Буни эса Ш.Зоҳидовнинг хизмат хонасини кўздан кечириш жараёнида ўнлаб ижроси таъминланмаган суд ҳужжатлари топилгани ҳам исботлайди. Эҳтимол бу ижро ҳужжатлари доирасида ҳам айбланувчининг ўз режалари бўлгандир.

Бугунги кунда эса собиқ қонун ижрочиси Ш.Х.Зоҳидовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси, 2-бандига асосан,  яъни пора олиш бўйича айблов эълон қилинган.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1