АсосийSport

Грецияда ўтган шахмат бўйича жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз ғалаба қозонди

Грецияда шахмат бўйича 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 14 ёшгача ўғил болалар ўртасидаги баҳслари ҳамюртимиз Шамсиддин Воҳидов ғалабаси билан якунланди. 

Нуфузли мусобақада Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Шамсиддин Воҳидов 150 шахматчи орасида тенгсиз эканини исботлаб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Иқтидорли шахматчимиз ўн бир партиядан иборат мусобақада мағлубиятсиз дона сурди. У грузиялик Лука Оболадзе, германиялик Тео Гунгл, АҚШ вакиллари Маркус Миясака, Николас Чека, ҳиндистонлик Ҳаршит Ража, россиялик Сергей Лобанов ва Тимур Фархутдинов устидан ғалаба қозониб, франциялик Димитри Лагард, украиналик Кирилл Шевченко, эронлик Ариян Ғуломий ва россиялик Андрей Есипенко билан дуранг ўйнади. 

Шу тариқа ўн бир имкониятдан 9 очко жамғарган Ш.Воҳидов жаҳон чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди. Иккинчи ўрин россиялик Андрей Есипенко, учинчи ўрин эса эронлик Ариян Ғуломийга насиб этди. 

Жаҳон чемпионатида бошқа шахматчиларимиз муваффақиятли иштирок этди. Жумладан, ўз ёш тоифасидаги баҳсларда Нодирбек Абдусатторов тўртинчи, Исломбек Синдоров бешинчи, Нодирабегим Парпиева олтинчи, Жавоҳир Синдоров саккизинчи ўринни эгаллади. 

 

    Бошқа янгиликлар