АсосийJamiyat

“Infolib-2015” IV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бошланди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Infolib-2015” IV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бошланди. 

Ҳафталик Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. 

Ҳафталик доирасида ўттиздан зиёд маданий-маърифий, илмий тадбирлар ўтказилади ҳамда таниқли ёзувчи ва шоирлар, рассомлар, санъаткорлар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида турли тадбирлар, жумладан, танловлар, учрашувлар, давра суҳбатлари, маърифий акциялар, маҳорат сабоқлари, кўргазма ва тақдимотлар, фильмлар намойиши ҳам бўлиб ўтади. 

Ҳафталикнинг дастлабки кунида ташкил этилган очиқ эшиклар кунида кутубхонадан фойдаланувчиларнинг ахборот маданияти ва медиа саводхонлигини шакллантиришда ахборот-кутубхона муассасалари ролига бағишланган «Бетгеров ўқувлари – 2015» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида жамиятни ахборотлаштириш шароитида ўқувчиларда ахборот маданияти ва медиа саводхонлигини шакллантириш ҳамда ривожлантириш масаласи муҳокама этилди. 

Бундан ташқари, ҳафталикнинг дастлабки кунида Алишер Навоийнинг «Хамсат ул-мутаҳаййирийн» асарининг Азиз Қаюмов ва Динара Азимова таржимаси тақдимоти, Марказий Осиёда овозсиз кинога бағишланган фотокўргазма, санъатшунослик фанлари номзоди Нигора Каримованинг «Муқаддима» лойиҳаси бўйича фильм намойиши бўлиб ўтди.

 

    Бошқа янгиликлар