Хитой Компартияси Марказий қўмитаси бир оилада фақат бир фарзанд бўлишига рухсат берувчи туғилишни чеклаш бўйича расмий сиёсатдан воз кечишга қарор қилди. Энди Хитойдаги ҳар бир оила икки фарзандли бўлишга ҳақли.
Мамлакатда фақат миллий озчилик вакилларига (эр-хотин ўз ота-оналарининг ягона фарзандлари бўлса), шунингдек, қишлоқ жойларда истиқомат қиладиган ва биринчи фарзанди қиз бўлган кўплаб оилаларга биттадан ортиқ бола орттиришга рухсат бериларди.
Хитойдаги туғилишни чеклаш сиёсати оқибатида сўнгги йилларда мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони қисқарди. Ҳукумат бу йўл билан 5 йилдан кейинги камбағалликни енгиб чиқишини маълум қилди. 2013-2014 йилда мамлакатда меҳнатга лаёқатли бўлган аҳоли сони 3,7 млн. кишига камайди.
Ҳозирда Хитой аҳолисининг сони 1,3 миллиарддан ортиқ. Мамлакатда 70-йиллардан бошлаб «бир оилага — бир фарзанд» сиёсати юритиб келинади. Амалда мазкур қоида сўнгги йилларда аҳолининг учдан бирига нисбатан қўлланилаётган эди.





