Ушбу саҳифа аксарият ҳолларда телефон қўнғироқлари ва мактублар асосида тайёрланарди. Бу гал ундай бўлмайди. Иш юзасидан Самарқандга йўл олаган чоғимизда танишганимиз Гўзал исмли қиз касбимиз билан қизиқди. “Даракчи” номини эшитиши билан эса, “Юрагимда сақлаганларим...”га айтадиганларим бор. Айтсам, ёзасизми?” деди. “Албатта, ишимиз шу-ку”, дейишимиз билан у ўз ҳикоясини бошлади...
- Мен бир неча марта таҳририятга қўнғироқ ҳам қилганман. Лекин гўшак кўтарилгани ҳамоно, қўйиб қўярдим. Журъатсизман-да! Кейин хат ёзмоқчи ҳам бўлдим. “Ёзаётганимда уйдагилардан кимдир кўриб қолса-чи?” деган ҳадик бунга ҳам изн бермади. Хуллас, аслида қалбимдагиларни сизга юзма-юз айтиш насиб қилган экан. Ҳамон ишонолмаяпман, ростдан ҳам ўзи газетада ишлайсизми? Ҳужжатингизни кўрсатинг.
Оббо, нималар деяпман! Ҳужжатингизни кўрсам, тилим калимага келмай қолади. Фикримдан қайтаман. Мана қайтаяпман, ҳам. Қандай айтаман? Хаёлимда ичимда ётган гаплар ташқарига чиқса, портлаб кетадигандек, бутун дунёга зарар етказадигандек...
Келинг, майли айтмай қўя қолай. Йўқ, айтаман! Қўнғироқ қилган чоғларимда ҳам қизил тугмани босиб қўяганимдан кейин роса азобланардим. Агар ҳозир сизга “ёрилмасам” бунинг алами ойлаб кетмаса керак. Олдин чуқур нафас олиб олай...
Айтмоқчи бўлганим - анча йиллик воқеалар. Ҳаммасига эркалигим, худбинлигим сабаб бўлган. Оилада биттаю битта қиз эдим. Учта акам бор. Катта акам уйлангунча, бўлажак янгам билан муносабатларимизни кўз олдимга келтириб завқланардим. “Янгажон” дейман дердим. Афсуски...
Янгам ҳам мен каби ўз оиласида ягона қиз эди. Мендан фарқи - жуда гўзал ва латофатли, эрка қиз бўлгани гап оҳангидан ҳам сезилиб турарди. Буни кўрган ота-онам унга бор эътиборини қаратишди.
- Уйида эрка қиз бўлган. Тағин хафа қилиб қўймайлик. Сенам кўнглига қара, — дейишарди ота-онам акамга. — Қиз боланинг бошқа рўзғорга сингиб кетиши қийин. Айниқса, оилада битта бўлса. Эртага синглинг ҳам худди шундай келин бўлади. Унга илоҳим уйдагилари биздек муносабатда бўлсин!
Янгам акам билан севишиб турмуш қургани боис, бу гапларсиз ҳам акам унинг кўнглига қарарди. Айниқса, ҳомиладор бўлганидан кейин янада меҳрибон ва эҳтиёткор бўлиб қолди. Уйдаги ҳамма янгамга ғамхўрлик қилар, топганларини унга илинар, хурсанд қилишга интиларди.
Бундан албатта мен куярдим. Бу ихтиёримдан ташқарида эди. Ҳасад дегани шунақа бўлса керак. Эҳтимол, оиламни қизғангандирман? Балки, ўрнимни йўқотишдан қўрққандирман? Чунки унгача уйда доим диққат марказда мен бўлганман. Бу худди мансабдан тушган одам ҳолини эслатарди менга. Гўё уйдаги ўрнимни янгам эгаллаб олгандек. Шунинг учун янгамни ёмон кўриб қола бошладим. Ҳар бир қилиғи, иши ғашимни келтирар, тирноқ остидан кир қидирардим. Унга қовоқ осиб, қўрс гапирадиган бўлдим.
- Сизга нима бўлди? Хафа қилдимми? — ҳайрон бўларди янгам кўнглимни олишга уриниб.
Мен қовоқ осиб нари кетардим.
Оддий нарсалар учун ҳам янгамни жеркиб берардим.
- Уйни супириб, пол артмагансиз! Чала қиласиз ишларни! — дедим бир куни яна заҳримни сочиб.
- Эгилишим қийинроқ. Шунга... сиздан илтимос қилсамми, деб тургандим... — деди янгам ҳомиласи анча катта бўлиб қолгани учун.
- Баҳона қилманг, пол артиш ҳомиладорларга фойдали!
Янгам жимгина хўрсиниб қўйди. Бунақа воқеалар тез-тез бўлаётгани учун ойим ажабланиб қараб қўярди.
- Нега янгангга терс гапирасан? — ҳайрон бўлиб сўрайдиган ҳам бўлди.
Аввалига бунинг сабабини тушунтириб беролмаганим учун сукут сақлаб юрдим. Аммо отам ҳам қўполлигим сабабини сўрагач, ўзим билмаган ҳолда ёлғон гапирдим:
- Хонасига кириб олиб, уйидагиларга доим бизни ёмонлайди. Шунча “пуф-пуф”ласангиз ҳам сизлардан норози. Иккиюзламачилигини билганим учун ҳам яхши гапиргим келмайди!
Бу гапимдан кейин ота-онам жимиб қолди. Лекин сал ўтмай онам вазминлик билан тушунтирди:
- Болам, ҳозир янгангнинг энг инжиқ палласи. Ҳомиладорлик ҳаммага ҳар хил таъсир қилади. Ким билсин, кўзига ёмон кўринаётганимиз ҳам шу туфайлидир? Майли, кўнглига қарайвер. Аслида иккиюзламачига ўхшамайди-ку!
- Унда мен шунақа эканман-да! — баттар жаҳлим чиқди.
Шунинг аламига ҳам янгамга бўлган муносабатимни ўзгартирмадим. Бу орада телефон орқали бир йигит билан танишдим. MMS хизмати орқали унинг суратини олдим-у, қалбим алланечук бўлди. Жуда келишган, чиройли йигит экан. Унинг ёнида ўзимни сира тасаввур қила олмадим. Анча кўримсиз бўлиб қолишим турган гап эди. Сочларим қорага бўялган бўлса-да, аслида сарғимтир эканлиги қош-кипригимдан ҳам сезилиб турар, хуллас ўзимдан қониқмасдим. Агар унга расмимни юборсам, алоқамиз узилиши мумкинлиги ҳис қилиб даҳшатга тушдим. Бир ойдан буён давом этаётган суҳбатлар мени аллақачон унга ипсиз боғлаб улгурганди. Ўзининг расмини юборганидан кейин мендан ҳам тинимсиз талаб этар, ҳар гапида сўрарди:
- Менга ҳам суратингизни юборинг. Илтимос...
Ўзимча ясан-тусан қилиб, телефонимга кўп бор суратга тушдим. Аммо ҳеч биридан кўнглим тўлмади. Кечаю кундуз нима қилиш ҳақида бош қотира бошладим.
Ҳаммаси янгамни дард тутиб, туғруқхона кетган кунидан бошланди. Оғриқ билан бўлган янгам ўз телефонини унутиб қолдирганди. Беихтиёр уни қўлимга олдим-у, титкилай бошладим. Янгам қизлик уйидаги телефонини олиб келгани боис, унда турмушга чиқмасдан аввал тушган суратлари жуда кўп экан: нозик, мафтункор, гўзал...
Ўз-ўзидан феълим айниди. Энг чиройли суратларни саралаб ўз телефонимга ўтказиб олдим ва...
Ҳа, охирини ўйламай янгамнинг бир неча суратини ўша йигитга юбордим. Нега ундай қилдим, ҳамон тушунмайман?!
На янгамнинг шаънини, на бунинг оқибатини ўйлабман. Ахир ўзганинг сурати билан уни ушлаб туролмайман-ку, барибир? Бир кунмас бир кун “кўришайлик”, деса барибир ўзимни ошкор қилишимга тўғри келади-ку! Бу фикрлар асло миямга келмаган. Ким билсин, нима бўлса ҳам, шу йигит билан телефонда гаплашиб турсам бўлди, деганманми? Ғўрлик қилдимми? Хуллас, нима бўлганини тушунтириб беролмайман.
Суратлардан тасалли олди шекилли, йигит бошқа расм сўрамади, мендан. Лекин негадир “учрашайлик” ҳам демасди.
“Расм меники эмаслигини билдимикан?” ҳадиксирардим гоҳо. Лекин кўришишга чорламаётганидан ҳам хурсанд бўлардим. Барибир кўришолмайман-ку! Лекин биз ҳамон суҳбатлашардик. У сменали ишда ишлаши боис сменада бўлганида кечалари билан пичирлашиб чиқардик. Лекин “Ишдан чиқдим, уйга кетяпман”, деган пайтлари унга қўнғироқ қилмасдим. Чунки қаттиқ тайинлаганди:
- Уйга боргач, ухлайман. Илтимос, қўнғироқ қилмай туринг. Фурсат бўлса, ўзим қиламан...
Мана шу гапларига ҳам ишонибман. Мен билан фақат кунора, смена кунлари гаплашишига эътибор ҳам қилмабман. Хуллас, қилмишим шу бўлдики...
Танишган йигитим акам билан бирга ишлайдиган йигитнинг синфдоши экан. У ўртоғиникига келганида, суратларини томоша қила туриб, акам ва янгамнинг тўй расмларини кўриб қолади ва кимлигини сўрайди.
“Ҳамкасбим”, дейди акам билан бирга ишлайдиган йигит ҳам.
“Мен унинг хотини билан гаплашиб юрарканман. Менга “Турмушга чиқмаганман”, деган. Менам уйланганимни айтмаганман”, дея мен юборган суратларни кўрсатади. Акамнинг ҳамкасби ҳам дарҳол унинг телефонидаги суратларни ўзига кўчириб олади-да, ишга келиб...
Ўша кун кечагидек кўз ўнгимда. Уйда гўё қиёмат қўпди. Янгам эндигина чилласи чиқаётган чақалоғини эмизиб ўтирарди. Важоҳат билан кириб келган акам судраб уйдан чиқарди. Янгам ҳеч нарсага тушунмас, “Нима гап?” дерди холос...
- Ўйнашингдан расмларингни олдим! Мана! Ҳалиям гаплашиб юраркансан!
- Қанақа ўйнаш? — ҳайрон бўлди янгам.
- Ўзингни билмаганга олма! Исботим бор! Мана, ман бу расмларни ундан олдим. Қара, “Принятый файл”да турибди. Ифлос!
Акам ҳеч қанақа гапни эшитадиган, фикрлайдиган аҳволда эмасди. Ҳамкасбининг олдида шарманда бўлгани, унинг “хотинингиз менинг синфдошим билан гаплашиб юраркан, расмларини ҳам юборибди”, деган гаплари кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйганди. Бу карлик ва кўрлик кейин ҳам кетмади. Янгамни ўша ҳайдаганча қайтиб олиб келмади. Мен ҳам акамга бор ҳақиқатни айтгани қўрқдим. Акам эса аламдан қайта уйланиш тараддудига тушди. Уйланди ҳам. Бир бахтли оила барбод, бир бола етим бўлди. Менинг журъатсизлигим, ҳақиқатни айта олмаганим, нодонлигим, худбинлигим мана шундай кўргуликка сабаб бўлди. Ҳамон ўзимни кечира олмайман. Кечирадиган иш ҳам эмас бу. Балки, шу қилмишим туфайли ҳалиям бахтимни топа олмагандирман? Бу жазо ҳам менга кам деб ўйлайман? Юрагимда турган бу тош ташқарига чиқиши билан оламни бузади деб ўйлагандим. Мана, ҳеч нарса бўлмади. Афсуски, ўз вақтида чиққанида, акам ва янгамнинг турмуши бузилмаган бўлармиди?
КАМИНА оққа кўчирди





