Ҳозир дунё аҳолисининг 40 фоиздан зиёди интернетдан фойдаланмоқда. Юртимизда сўнгги ўн йилда глобал тармоқдан фойдаланувчилар ўн баробарга ошган. 2007 йилда фойдаланувчилар бир миллионни ташкил этган бўлса, бугун бу кўрсаткич ўн икки миллиондан зиёд.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ёшларда интернет маданияти кўникмаларини шакллантиришнинг долзарб вазифаларига бағишланган семинар ташкиллаштирилди.
Тадбирда интернет тез ва арзон ахборот олиш, етказиш ҳамда қайта ишлашда беқиёс манба экани, мазкур тизим дунё ҳамжамиятининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондираётгани, кўпроқ ёшлар кирадиган сайтларни тубдан янгилаш зарурлиги таъкидланди.
Семинарда ёшларнинг интернет ресурсларидан фойдаланиш ҳолати таҳлил қилиниб, уларда ахборот олиш ва узатиш маданиятини шакллантириш, руҳий саломатлиги ва маънавий-ахлоқий тарбиясига таъсир кўрсатадиган ахборотдан қонуний муҳофаза қилиш, хавфсиз интернет муҳитини шакллантириш бўйича тавсиялар берилди.





