АсосийJamiyat

6 млрд. сўмдан ортиқ товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида олиб кўйилди

2015 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда салкам 800 та божхона қоидабузарликлари аниқланиб, қиймати 6 млрд. сўмдан ортиқ товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида олиб кўйилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар беради.

Жумладан, бошқарманинг “Тошкент-товар” ТИФ божхона пости ходимлари томонидан Тошкент шаҳридаги “K.A.” корхонаси томонидан Хитойдан келтирилган “Ошхона анжомлари” товарлари унга тегишли  йўл-юк кузатув ҳужжатлари ҳамда божхона юк декларацияси асосида божхона кўригидан ўтказиш давомида 114,5 млн. сўмдан ортиқ қийматдаги салкам 30 турдаги товарлар божхона декларациясида қайд этилмагани аниқланди.

Шунингдек, мазкур божхона постида “А.А.Т.” масъулияти чекланган жамияти (МЧЖ) номига келтирилган товарларни божхона кўригидан ўтказиш давомида божхона юк декларациясида қайд этилмаган қиймати салкам 136,4 млн. сўмлик турли хўжалик моллари тегишли ҳужжатларсиз олиб кирилганлиги фош қилинди.

“Арқ-булоқ” ТИФ божхона пости ходимлари “N.M.C.”МЧЖ томонидан товарларни ноқонуий равишда олиб киришга бўлган уринишларни фош қилишди. Мазкур корхона номига келтирилган юклар ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, қиймати 250 млн. сўмлик салкам 50 турдаги “Автомобиль эҳтиёт қисмлари” божхона юк декларациясидан “тушиб” қолганлиги аниқланди.

“Чуқурсой” ТИФ божхона пости ходимлари пойтахтимиздаги “Q.G.L.” МЧЖ томонидан келтирилган юкларни божхона кўригидан ўтказиш давомида божхона юк декларациясида қайд қилинган кимёвий моддалардан ташқари тегишли ҳужжатлари бўлмаган қиймати 75 млн. сўмлик 62 турдаги турли халқ истеъмоли товарларига ҳам дуч келишди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва  суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22722-моддаси 1-қисмига биноан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш, яъни товарлар, уларнинг божхона режими ва бошқалар ҳақида божхона мақсадлари учун зарур бўлган, белгиланган ёзма, оғзаки ёки бошқа шаклдаги маълумотларни бермаслик ёхуд нотўғри маълумотлар бериш, агар жиноят аломатлари бўлмаса, фуқароларга товарларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса, етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддасида мувофиқ, божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб ёхуд божхона ҳужжатлари ёки воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланган ҳолда ёки декларациясиз ёҳуд бошқа номга номга ёзилган декларациядан фойдаланиб, товар ёки бошқа қимматликларни кўп миқдорда Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ўтказиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёҳуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

    Бошқа янгиликлар