АсосийSport

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Яман футболчиларини 1:3 ҳисобда мағлубиятга учратди

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионатининг Осиё қитъаси саралаш мусобақалари иккинчи босқичи саккизинчи турида Яман терма жамоасига қарши майдонга тушди.

Учрашув бошиданоқ ташаббусни ўз томонига оғдирган футболчиларимиз 8-дақиқада ҳисобни очди. Одил Аҳмедов оширган тўпни ярим ҳимоячимиз Азиз Ҳайдаров муваффақиятли якунлади – 0:1. Терма жамоамиз сардори юзага келтирган яна бир вазиятдан 31-дақиқада Сервер Жепаров унумли фойдаланди – 0:2. 50-дақиқада Станислав Андреев ҳисобни 0:3 га етказди.

Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Яман терма жамоаси футболчиси Аҳмад ал-Сарорий ҳисобни қисқартиришга эришди – 1:3.

Гуруҳдаги КХДР ва Баҳрайн терма жамоалари ўртасидаги ўйинда 2:0 ҳисоби қайд этилди.

Шу тариқа терма жамоамиз ўн беш очко билан гуруҳда иккинчи ўринда бормоқда. Жамоамиз захирасида Филиппин ва Баҳрайн терма жамоаларига қарши ўйинлар бор. Гуруҳда биринчи ўринда бораётган  КХДР терма жамоаси ҳисобида бир учрашув қолди.

Футболчиларимиз навбатдаги учрашувни 2016 йил 24 март куни Тошкентда  Филиппин терма жамоасига қарши ўтказади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар