Мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф 18 ноябрь куни пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди, дея хабар беради ЎзА.
Муҳаммад Навоз Шариф ушбу муаззам майдонда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига юксак баҳо берди.
Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқандга ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмон Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейи билан танишди.
Амир Темур мақбараси ва Регистон мажмуаси покистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Покистон делегацияси аъзолари мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган юк автомобиллари ва автобуслар, қишлоқ хўжалик техникалари кўргазмасини ҳам кўздан кечирди. Самарқанддаги “JV MAN Auto Uzbekistan”, “СамАвто” корхоналарида ишлаб чиқарилаётган “МАN” ва “Isuzu” русумли юк машиналари, автобуслар ва бошқа транспорт воситалари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Шу билан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Навоз Шарифнинг мамлакатимизга расмий ташрифи якунига етди.





