АсосийJamiyat

Доимий рўйхатга турган фуқаро ўз номидаги уйни турмуш ўртоғи номига ҳужжатлаштира олмайдими?

Ассалому алайкум, “Даракчи” таҳририяти ходимлари. Мен собиқ ҳарбий хизматчи бўлиб, 2012 йил июн ойидан 2013 йил октябр ойигача Самарқанд шаҳрида офицерлар таркибида шартнома бўйича ҳарбий хизматни ўтаб резервга бўшатилдим. Illy муддат оралиғида мен билан биргаликда турмуш ўртоғим, шунингдек, 3 нафар фарзандим Самарқанд шаҳрида вақтинчалик истиқомат қилишди. Турмуш ўртоғим аввал Тошкент шаҳри Яшнобод туманидан доимий рўйхатдан ўчирилиб, Самарқанд шаҳрига вақтинчалик рўйхатга турди. Мен резервга бўшатилиб пойтахтга қайтганимда турмуш ўртоғим ҳам Самарқанддан вақтинчалик рўйхатдан чиқиб Яшнобод туманига доимий рўйхатга турди. Айтинг-чи, эндиликда мен ўз номимдаги уйни турмуш ўртоғим номига ҳужжатлаштира оламанми? Нотариал идора ходимлари мумкин эмас, дейишди, шу тўғрими?

Анвар Абдуллаев, Тошкент шаҳри Яшнобод тумани

Олмос маҳалла Дилнур тор кўча 2-уй

Таҳририятга тушган мазкур саволга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш Бошқармаси бошлиғи Бадриддин Шорихсиев имзоси билан қуйидаги жавобни олдик:

-           Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 14 сентябрдаги "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида"ги Қонуни билан тасдиқланган рўйхатнинг 5-бандига мувофиқ Тошкент шаҳрида доимий прописка қилинган фуқаролар, доимий прописка қилинган кундан бошлаб уч йил ўтгандан кейин Тошкент шаҳрида олди-сотди битимларини, айирбошлаш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя қилишни нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ИИОнинг доимий пропискаси борлиги тўғрисидаги маълумотномасини тақдим этса амалга оширилади.

*Изоҳ: мурожаатлар ва уларга тақдим этилган жавоблар мазмуни сақланган ҳолда қисқартириб олинди.

P.S: Азиз муштарийлар! Ҳудудингизда ечимини кутаётган масалалар эътибордан четда қолишини истамасангиз, яшаш манзилингиз, исм-фамилиянгизни тўлиқ ёзиб, шахсий имзонгиз билан бизга мактуб йўлланг. Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Амир Темур шоҳ кўчаси, 53-уй. Алоқа индекси: 100060.

Шунингдек, душанбадан жумага қадар соат 10.00 дан 16.00 гача (+99895) 194-64-16 рақамларига қўнғироқ қилиб саволлар йўллашингиз мумкин.

 

    Бошқа янгиликлар