Тақдир бизни ўзининг турли чиғириғидан ўтказиб синаб кўради. Синовлар баъзида залворли, гоҳ енгил келади. Улар ичида энг оғири эса фарзанд доғидир. Бугунги ҳикоя қаҳрамони бўлмиш жиззахлик Гўзал Ёрбекова айнан шу дард ҳақида кўзларида ёш билан ёзиб юбораётганини маълум қилган...
Итоатгўйлик, босиқлик, мулойимлик менга сут билан кирган бўлса керак. Албатта, болалигимдан мендан кўра шўх ва қулоқсиз синглим олдида мақтовни жуда кўп эшитардим.
- Гўзал жуда эсли-да. Жим ўтиришини қаранг. Биров билан иши ҳам йўқ, — дерди келган одам борки менга имо қилиб.
- Ҳа, бу чақалоқлигида ҳам безиён эди. Эмарди, ухларди, — дерди онам бунга жавобан.
Ҳали мактабни битирмасдан туриб онамнинг қанотидан кирдим. Нон ёпишни ўргандим, овқат пиширишни гарданимга олдим. Сигирни-ку, бешинчи синфда ўқиб юрган чоғларимда эрмак билан соғиб ўргангандим. Хуллас, дугоналарим ўйнаб-кулиб юрган чоғларида мен бемалол рўзғорни эплайдиган бўлиб қолгандим. Мактабдан кела солиб, қулоқсиз сингил ва укаларим тўзитиб юборган уйни йиғиштиришни, рўзғор юмушларини битта қолдирмай қилишни ўз вазифам деб билардим. Шунинг учунми, бора-бора дарсларни ўзлаштиришим сустлаша бошлади. Мен чиройли нон ёпганим, паловни зўр дамлаганим, сигирни вақтли соғганим сари болалик мажбуриятларини унутиб борардим.
- Қизим сен яхши ўқирдинг-ку! Нега ташлаб қўйдинг? Ўқишга кириш ниятинг йўқми? — дея ўқитувчиларим ҳар куни гапиришарди.
Менга эса ютуқларим, эшитаётган мақтовларим муҳимроқдек эди. Сабаби, қўшнилар ичида ҳам мен ҳақимда дув-дув гап юрарди:
- Гўзал ёпган нонларни кўрдингизми? Мен шунақа ёполмайман. Муштдеккина бўлиб, бир нон ёпибди-и-и...
- Анув куни чиқсам, палов дамлаётган экан. Гуручлари “ўрмалаб” юрибди. Қаердан ўрганган? Келин қилган одам ёлчиркан-да!
Мен ҳақимдаги гаплар қўни-қўшнилар оғзидан маҳаллага, бутун қишлоққа ёйилди. Энг биринчи ўқитувчиларим эътироз билдиришди:
- Бунга ҳозирдан рўзғор юмушларини ташлаб қўйманг. Тўғри, ёрдам берсин, аммо буткул бўйнига олиб, дарсларини унутса, охири нима бўлади? Энг билимли ўқувчиларимиздан эди. Ўқишга киради, деб юрардик...
- Вой, ким бунга ўқимасин, дебди? Ўзи-да, рўзғорга ёпишгани-ёпишган. Уй ишларига қизиқади-да! Бўлмаса мен қил, демайман... — деди онам бунга жавобан.
Қаранг, ўзим ҳам ўшанда келажагимни ўйламаган эканман. Рўзғор юмушлари шу даражада домига тортибдики, ҳатто, ҳужжат ҳам топшириб кўрмабман ўқишга. Хаёлимда ўқишга кетсам уй қаровсиз, юмушлар бажарилмай қоладигандек туюлибди.
- Ўзида қизиқиш йўқ-да, — деб қўйганди онам ўшанда.
Ҳали коллеж деган гаплар бўлмагани боис, бирдан уйимизга совчилар ёпирилди. Бир кунда иккита-учта келган кунлари ҳам бўларди.
- Намунча совчинг кўп? — ишонқирамасди дугоналарим. — Писмиқланиб юриб, ҳамма йигитларга кўз қисиб чиққанмисан, дейман...
Аслида мени сўраётганлар, ҳусним учун эмас, вазминлигим ва рўзғор юмушларини кўнгилдагидек эплашим учун сўраб келишаётганини ҳамма биларди.
Ана шундай сўратганлар ичида турмуш ўртоғим ҳам бор эди. Паст бўйли, кўзлари қисиқ, қорадан келган, бир қарашда ҳар қандай кишини ўзидан итарадиган бу йигитга мен ҳам тегишни истамасдим. Ахир жуда кўримсиз ва қўпол эди у. Лекин кўринишининг акси ўлароқ у жуда уддабурон ва меҳнаткашлиги сабаб ўша пайтданоқ иккита машинанинг эгаси эди. Дамас автомашинаси билан кира қилар, шунинг ортидан топган пулларига олган “ласетти”сини эса тўйларда келин-куёвларни айлангани олиб чиқиб даромад топарди. Шу чоқгача ҳамма совчиларга рад жавобини бераётган онам негадир унга келганда мени қистовга олди:
- Кўнгил қўйганинг йўқми? Бирортасига ваъда бермаганмисан?
- Йў-ў-ўқ, — дедим бошимни кўтара олмай.
- Бўлмаса, шу болага берамиз сени...
- Йўқ, унга тегмайман, — дедим биринчи марта онамга гап қайтариб. Бундан ўзим бошқача бўлиб кетдим.
- Нега? — онам ҳам қулоқларига ишонмади шекилли, қайтадан оғзимга тикилди.
- Хунук...
- Чиройига нон ботириб ермидинг? Йигитнинг чиройини нима қиласан? Унинг ёнида сен гўзал бўлиб юрсанг, қайтанга атрофингда парвона бўлади. Қара, пулни пулга уриб, даромад қилади у. Келажаги бор. Ҳеч нарсадан каминг бўлмайди. Бахтли бўласан! Ҳусн фақат тўй куни керак. Лекин пул одамзодга ҳар куни керак бўлади...
Бу каби гапи гапларни нақ ярим соат тингладим ва онамнинг шундан ўзгага бериш нияти йўқлигини англадим. Бошқа қарши гап айтмадим ҳам. Феълимдаги босиқлик, вазминлик бунга йўл қўймади. Шу билан мактабни битирганимга икки ой бўлмай тўйим бўлди.
Тўй ўтиб, бошқа рўзғорга сингиша бошлаганимдан кейингина эримнинг нега бу қадар уддабуронлигини англадим. У ўзи топаётган пулининг бир сўмини ҳам рўзғорга сарфламас экан. Пул топади, йиғади. Ейиш-ичиши ота-онасининг ҳисобидан. Ҳатто, бир ойда бир бўлсин, бир кило гўшт кўтариб келмайди. Бунинг ортидан ҳар куни уйда жанжал.
- Менга бир тийинлик фойдаси бўлмаса бошимга ураманми, бу темирларингни? — алам билан дейди қайнотам.
- Болам, ҳеч бўлмаганда бир халта ун ола кел, — ортидан гапириб қолади қайнонам.
- Нима мен сизларга? Рўзғор сизларники! Ўзларингиз эплаштириб ўтирингизлар! Мен “каптива”га пул йиғяпман. Келин-куёвлар ҳозир “каптива”га ўтиряпти... — дейди эрим без бўлиб.
У ҳатто бошқоронғилигимда менга бир кило олма олиб келиб бермаган. Шундай бўлса-да, нолимадим, норози бўлмадим. Кўндим. Табиатим шундай. Ҳамма нарсага тез кўникиб, ўрганишиб кетавераман. Яна ўта итоатгўйлигим сабаб, бош кўтариб қарши гапира олмайман ҳам.
Шу ҳолда яшаб уч фарзандни дунёга келтирдим. Бу орада машиналаримиз сони учтага етди. Албатта, эрим ўзи айтганини ола олмади. Ўрнига бошқасини олди.
- Машинада яшамайсизлар-ку! Ер ол, уй қур энди... — насиҳат қилди қайнотам.
- Нега мен оларканман? Уйни сиз қуриб беришингиз керак! — деди эрим яна юзи қаттиқлик қилиб.
Уйланадиган яна битта қайнукам борлиги сабаб, қайнотам яна биз учун қайғура бошлади. Олти сотих ер олиб, икки хонагина уй қурдирди. Битиши билан бизни кўчириб чиқарди ҳам. Ана шундан кейин оғир кунлар бошланди. Ҳовлида учта машина, уйимиз бир аҳволди, қорнимиз оч, устимиз юпун...
- Шунча меҳнат қилиб топган пулимни рўзғорга сарфлашга кўзим қиймайди-да, — дейди эрим ота-онасининг ғамхўрлигига ўрганиб қолгани боис.
Бу орада яна менинг бўйимга бўлиб қолди.
- Олдириб ташла! Шунгаям пул кетади ҳали... — деди эрим жони кетадигандек.
Уйдагиларнинг маслаҳати, кўмаги билан кенжа ўғлимни ҳам дунёга келтирдим. Ҳомиладорлигимда яхши емаганим, кейин ҳам болам сутга тўймагани боис бир ёшгача роса касал бўлди. Лекин бирор марта дўхтирга олиб бормадик.
- Дўхтирга қани, пул? Бор, икки юз сўм берсанг, Ойдин момо кинна солиб қўяди, — дерди эрим ҳар гал.
Охирги марта болагинамнинг елкасидан яра чиқди. Сира қайтай демади. Дори-дармон қилинмаса, қаёқданам қайтсин? Менам ҳадеб қайнонамнинг, онамнинг ёнига бораверишга иймандим. Ойдин момо нос босди, ирим-сиримини қилди. Афсуски, ярага микроб тушиб қонга ўтиб кетган экан, дилбандиминг иссиғи тушмай қолди. Охири, хушидан кетар даражага келгач, эрим шифохонага олиб борди. Етар-етмас болажонимнинг жони узилди. Мен адо бўлдим. Ўша ондан бошлаб шунча вақтдан буён юрагимда сақлаб юрганларим исён бўлиб отилиб чиқди. Эримнинг ёқасидан олдим:
- Сиз ўлдирдингиз! Сиз учун пул — бола! Пул — оила! Пул — рўзғор! Яшамайман! Сиздек бойликнинг қули билан яшамайман!
Ўша куни дилимда борини тўкиб солдим. Боламни бағримга босиб тўйиб-тўйиб, айтиб-айтиб йиғладим.
- Сени қаратмаган, сендан пулини афзал билган дадангнинг дастидан до-о-од болам! Сен ўлгунча, дадангни ўша пуллари куйиб кул бўлса бўлмасмиди... Худо сенга дард бергунча пулни устун қўйганларга дард берса бўлмасмиди... Эндигина атак-чечак қилаётган боламдан, эндигина “ойи” деётган боламжонимдан айрилдим! — дея бақирдим.
Шу-шу онам уйимдаман. Юрагим ёнади. Ҳеч бу олов ўчай демайди. Эрим ҳар куни келади. Айтишича, битта машинасини сотибди, уйни бошқатдан чиройли қилиб қурармиш, сигир сотиб олармиш, болаларимиз сут ичармиш...
Эндими? Бир боламни қора тупроққа бериб бўлгачми?
Адо бўляпман, ичим нураб тушаётгандек, юрагим кулга айланаётгандек... Айтинг яхшилар, нима қилсам, дардим бироз енгиллашади?
КАМИНА оққа кўчирди