1

“Маҳалла раиси ким нима билан машғул - ҳаммасини билиши лозим”

ЖАМИЯТ 11.07.2020, 12:34
“Маҳалла раиси ким нима билан машғул - ҳаммасини билиши лозим”

Халқимизда “Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган афзал” деган пурҳикмат нақл бор. Албатта бўлғуси ҳуқуқбузар жиноятчига унинг муайян хатти-ҳаракати ғайриижтимоий хулқ-атвор ёхуд ҳуқуқбузарлик эканлиги, унинг оқибатлари тушунтирилса, содир этилиши мумкин бўлган кўнгилсизликнинг барвақт олди олинган бўлади. Профилактика нафақат ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда, балки ўз навбатида, шахсни жамият учун фойдали киши этиб шакллантиришда, айниқса ёшларни юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлод сифатида вояга етказишда ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этади. Зеро халқимизнинг “Дарахтдан мева оламан десанг, ниҳоллигидан парвариш қил”, “Эгри бутоқни ниҳолида тобини ол” деган ҳикматли сўзлари бежиз айтилмаган.      

 Одамзод бир-биридан маънавий озуқа олиб, ўзининг онги, тафаккури, маънавий олами билан бир-бирига таъсир этиб яшайди. Ер юзида одамлар азалдан жамоа бўлиб яшаган. Айниқса, шарқда аҳолини бир-бирига яқинлаштирувчи, ўзаро мулоқотда бўлиб яшашга чорловчи маскан-маҳалладир. Инсон маънавиятини бойитувчи, тарбия берувчи маскан сифатида маҳалланинг ўрни алоҳида. Инсон маҳаллада дунёга келади, таълим олади, меҳнат қилади, оила қуради, фарзанд кўради, тарбиялайди, тўй марака қилади.

Инсон онасидан ҳуқуқбузар бўлиб туғилмайди, балки унинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ҳуқуқбузарликка етаклайди. Шундай экан маҳаллада ҳар бир хонадондаги мухит ўрганилиши мақсадга мувофиқдир.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри “Гулшан” маҳалласига қилган ташрифида "Маҳалла жамиятимиздаги адолат тамойилларининг кўзгусига айланиши керак. Бу ер одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши керак. Маҳалла раиси ва профилактика инспектори ҳудуддаги ҳар бир оиланинг аҳволидан хабардор бўлиши, ким нима билан машғул – ҳаммасини билиши лозим. Ушбу тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад маҳаллани кечаю кундуз одамларнинг аҳволидан бохабар бўладиган масканга айлантиришдир", деб таъкидлаган эдилар.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда маҳалланинг ўрни беқиёс. Маҳалла фуқаролари йиғини раислари, ташкил этилган комиссиялар билан биргаликда оилавий-маиший сабабларга кўра содир этилган ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан аёллар, вояга етмаганлар ва ёшлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар муҳокамасини ташкил этиш ва ўтказиш, мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўришмоқда.

Хусусан, ички ишлар органлари билан маҳалла фаоллари ҳамкорлигида “Маиший зўравонлик қурбонига айланма” шиори остида ўтказилган тарғибот тадбирлари ва хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини, жамиятда тутган ўрнини оширишга қаратилган чора тадбирлар натижасида жорий йилнинг 5 ойида республикамизда 1451 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилди, профилактик ҳисобда турган 2028 нафар хотин-қизлар ишга жойлаштирилди, 3742 нафарига моддий ҳамда ижтимоий кўмак берилди, 532 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашилди, 423 нафар вояга етмаган қизлар, 1881 нафар ёш хотин-қизлар (18-30 ёш), 515 нафар илгари судланган аёллар ички ишлар органлари профилактик ҳисобидан чиқарилди. Ҳамкорликда амалга оширилган тадбирлар натижасида хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар 0.4 фоизга камайишига эришилди.

Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни" этиб белгиланганлиги маҳаллаларда профилактик ишларни ташкиллаштиришда қўл келмоқда.Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кунидамаҳалла фуқаролари йиғини фаоллари профилактика инспекторлари билан биргаликда ҳуқуқбузарликдан жабрланувчиларга, ғайриижтимоий хулқ-атворли, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш билан биргаликда, уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Шунингдек, маҳалла томониданҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назорати ташкиллаштирилиб, тегишли ҳудудда жамоат тартибини таъминлашда, шу жумладан фуқароларнинг келиши ва кетиши ҳисобга олинишини ташкил этишда, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашмоқда.

Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, республикамизда уч-тўрт йилдан бери ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этилмаган маҳаллалар ҳам борки, бу маҳалла аҳли тинч-тотув, аҳил-иноқ яшашидан, шунингдек, ҳудудда маҳалла фаоллари билан профилактика инспекторлари нуроний отахон ва онахонларимиз, оқсоқоллар, кайвонилар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бораётганидан далолат беради. Бир сўз билан айтганда, бугун маҳалла халқни тарбиялайдиган, одамлар қалбида эзгу ғояларни шакллантирадиган маскан сифатида гуллаб-яшнаб, маънавиятимизга таҳдид солаётган бузғунчи ғояларга қарши курашда ўзининг эзгу амаллари билан хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кафедраси катта ўқитувчиси , подполковник  Ўткир Гулматов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1