Тошкентда бўлиб ўтган халқаро инвестициявий форум доирасида ҳамкорлик тўғрисида юздан ортиқ битим ва меморандум имзоланди. Уларнинг бир қисми “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон енгил саноати иқтисодиётимизнинг кўп тармоқли ва инновацион жозибадор секторидир. Қуйидаги рақамлар ҳам енгил саноатнинг мамлакатимизни иқтисодий ривожлантиришда нечоғли муҳим ўрин тутишидан далолат беради. Бугунги кунда тармоқнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 3,8 фоиз, саноат маҳсулотлари ҳажмида 26,2 фоиз, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда 44 фоизни ташкил этмоқда.
Айни пайтда тўқимачилик бозоридаги йирик корхона ҳамда таъминотчиларни бирлаштирган, барқарор ва жадал ривожланиб бораётган “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти енгил саноатимиз юксалишида муҳим ўрин тутмоқда. Акциядорлик жамияти таркибига замонавий техника билан таъминланган 300 дан ортиқ тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхона киради. Улар орасида дунёнинг етакчи мамлакатлари вакиллари иштирокида ташкил этилган қўшма корхоналар ҳам мавжуд.
Халқаро инвестициявий форум доирасида Ҳиндистон, Бельгия, Швейцария, Испания, Жанубий Корея, Германия, Италия, Польша, Туркия, Сингапур, Япония давлатлари фирма ва компанияларининг 35 дан зиёд вакили “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини билдирди.
“Ўзбекенгилсаноат” билан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик ва ўзаро англашув тўғрисидаги саккиз меморандум, тўқимачилик тармоғи корхонасини сотиш ва харид қилиш бўйича битта шартнома имзоланди.
Халқаро инвестициявий форум якуни бўйича «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти чет эллик инвесторлар билан умумий қиймати 216 миллион долларлик меморандум ва шартнома имзолади.





