Халқимизда “бировнинг ҳақи, балонинг ўқи” деган гап бор. Бу — одам боласининг мисқоллаб йиққан мол-дунёси фақат ўзига буюради, бировнинг моли-жонига қасд қилиб унга эга чиқмоқчи бўлганлар бир кунмас-бир кун ҳалқумдан илиниб, шармандаю шармисор бўлади, деганидир.
Жиноятнинг машъум халқаси
Инсон қирқ ёшида қиёмига етади, дейдилар. Бизнинг ҳикоямиз бош қаҳрамони Баҳодир Сиддиқов эса, ёши аллақачон қирқни қораласа-да, ҳаётнинг асл мазмун-моҳиятини тушуниб етмади. Гарчи илгари ҳам суднинг қора курсисига икки бора ўтириб, пешонаси деворга урилган эса-да, хатоларидан тўғри хулоса чиқармади. Аксинча жиноят кўчасидаги “саргузаштларини” давом эттиришдан чарчамади.
Халқ нақлида айтилганидек, “эгрини йўл, букрини гўр тузатар” экан. Ҳалол меҳнат қилиб, тўғри йўлга кириш ўрнига атрофига ўзига ўхшаган, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган кимсаларни жамлади. Кўп ўтмай, унинг бошчилигида Тошкент вилоятида туғилган Дониёр Қўчқоров, кейинчалик эса Марат Эргашев, Темур Ўринбоев, Улуғбек Юсуфжонов, Мирсардор Мирҳайтов ҳамда Диана Аҳмедовадан иборат жиноий ҳалқа юзага келди.
Албатта бу гуруҳнинг жиноий кирдикорлари тафсилотларини икки-уч саҳифалик мақолада сиғдиришнинг иложи йўқ. Шу боис, улар содир этган қабиҳ ишларнинг айримлари ҳақида тўхталиб ўтсак.
Бир кечада 3 400 000 сўм
Гуруҳ ўз ишини пухта билар, унинг ҳар бир аъзоси ўзига топширилган вазифани сидқидилдан ижро этарди. Қайси уйда ким яшайди, хонадон эгаларининг даромади қанча, бу уйдан нимани олиб чиқиб кетса бўлади – барчасини ипидан игнасигача ўрганиб, кейин мақсадга кўчишарди.
Жиноий гуруҳ анчадан бери Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Исломобод маҳалласидаги уйлардан бирини кўз остига олиб юришарди. Баҳодир бу уйдан нимадир ўмариб чиқиши мумкинлигига аниқ ишонч ҳосил қилгач, ўз шериклари билан шу уйга ўғирликка киришга қарор қилди. Олинган маълумотларга кўра, хонадон эгаси топган-тутганини уйнинг биринчи қаватидаги меҳмонхонада сақларкан.
20 сентябрь куни Баҳодир эски шерикларидан бири Дониёр Қўчқоров билан мазкур хонадонга ўғирликка киришди. Пул яширинган жойни топиш ҳам унча қийин кечмади. Ҳамтовоқлар мўмайгина ўлжа билан бу хонадонни тарк этишди. Бехатарроқ жойга бориб санаб кўришди: 3 400 000 сўм! Бу пулни топиш учун хонадон эгаси қанча кунларни тунларга улаб тер тўккандир? Бироқ, Баҳодир ва унинг шериги бу пулни бир кечада, янаям аниқроғи бир неча соатда қўлга киритишди.
Иштаҳа ош устида келади
2012 йилнинг 11 октябрга ўтар кечаси, қоқ ярим тунда икки шоввоз Б.Сиддиқов ва Д.Қўчқоров Олмазор туманидаги Мойариқ маҳалласида пайдо бўлишди. Аввалдан кўз остига олинган хонадонга ўзларига маълум бўлган усулда киришгач, дарвозахонада турган “Эпика” автомашинасига “қўл” солишди. Машина ўз уйида турганига ишонч ҳосил қилган хонадон соҳиби унинг эшигини ҳам, ойнасини ҳам беркитмай, маст уйқуда ётарди.
Уй ичига киришдан кўра машинани тинтиб, қўлга илингани билан кифояланишни кўзлаган ўғриларнинг тахмини тўғри чиқди. Машинадан 150 АҚШ доллари ва 50 минг сўм пул чиқди. Икки ҳамтовоқ шу ўлжага қаноат қилишдими, бу хонадонни ҳам тарк этишди.
Орадан уч кун ўтиб, улар яна бир “ёғли жой”ни кашф этишди. Бу гал улар пойтахтнинг Алп Жамол кўчасига йўл олишди. Яширинча уйга кириб олган Баҳодир ва Дониёр атрофга олазарак кўз югуртирганча, қўлга илингулик ўлжа излашга тушишди. Изланишлар бесамар кетмади. Жавонда турган вазаларнинг қимматбаҳо экани бир қарашда кўзга ташланарди. “Ие, мана бу ерда планшет ҳам ётган экан. Кийим шкафидаги манави кийим-кечакларни ҳам яхшигина пулга сотса бўлади”.
Улар янглишмаган эди. Вазалар “Богемия” шишасидан ишланган бўлиб, жами 450 доллар тураркан. “Айпэд-2”нинг ҳам бозор нархи 600 доллардан кам эмасди. Хуллас, “кутилмаган ташриф” хонадон соҳибига оз эмас-кўп эмас, 5 миллион 617 минг сўмга тушди.
Шу тахлит Баҳодир ўзининг синашта шериги Дониёр билан яна бир қанча жиноятларни содир этди. Хусусан, ноябрь ойи бошларида Учтепа туманидаги уйларнинг бирига ғайриқонуний кириб, у ердан 4 миллион 662 минг сўмлик буюмларни ўғирлаб кетишади. 10 ноябрь куни эса Олмазор тумани Бирлик кўчасида истиқомат қилувчи фуқаронинг уйидан 14 миллион сўмлик тилла буюмларни ўмаришди.
Бароридан келмаган “ов”
Албатта, бундай “овлар” ҳамиша бароридан келавермайди. Ана шундай ҳодиса 24 ноябрь куни юз берди. Миробод туманида истиқомат қилувчи Алижон ака тонгга яқин ҳовлида ниманингдир тарақлаганини эшитдими, уйғониб кетди. Ҳовлига чиққанида уй эшиги олдида турган нотаниш шарпага кўзи тушиб, уйқуси учди.
— Кимсан? – қичқирди уй эгаси. – Тўхта! Сен... ҳалиги ўғлим Олимжоннинг ўртоғимасмисан?
Йўқ, Алижон ака янглишганди. У ўғлининг ўртоғи эмас, балки шу пайтгача қанча уйларни шипшийдам қилиб юрган Дониёр Қўчқоров эканини у кейинроқ билди. Дониёр доимий шериги билан кутилмаган вазиятларга ҳам ҳозирлик кўриб келишганди. Шу заҳоти уй эгасининг қўлини қайириб, қўлидаги “электрошок” билан унга тазйиқ ўтказди.
Алижон ака бақирмоқчи бўлганида босқинчининг шериги — Баҳодир Сиддиқов қўлида аллақандай темир жисм билан югуриб чиқди. Алижон ака бошига тушган зарбадан кўз олди қоронғилашиб кетди. Гарчи босқинчиларнинг устма-уст зарбалари уни эсанкиратиб қўйган бўлса-да, Алижон ака уларга муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди. Шовқин-сурондан уй эгалари уйғониб кетишди. Кейин қўни-қўшнилар ёрдамга ошиқди.
Вазият кутилмаган тарафга ўзгарганини кўрган Баҳодир шеригини ташлаб, ўзини дуч келган томонга урди....
Янги шерик, янги режалар...
Ҳа, Тошкент катта шаҳар. Бир кунда қанча меҳмон келиб, кетади, қанча йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлади. Яна қанчадан-қанча майда қонунбузилишлар, ҳуқуқбузарликлар қайд қилинади. Бунинг ҳаммаси катта шаҳарда бўлиб турадиган икир-чикирлар.
Аммо Баҳодир Сиддиқов бошлиқ жиноий гуруҳ томонидан содир қилинган ўғирлик жиноятларига ўз вақтида ҳуқуқий баҳо берилмаслиги жиноий гуруҳнинг фаоллашишига олиб келган. Шундан сўнг улар касб қилиб олган ўғирлик жиноятлари қаторига талончилик ва босқинчилик сингари қабиҳ ишлар ҳам қўшила бошлади. Шу боис ҳам жиноий гуруҳ бир кечада шаҳардаги икки-учталаб хонадонга кириб, қўлга илинадиган буюмларни, пулларни истаганча ўғирлаб кетаверган.
Ишончли шериги Дониёр Қўчқоров қўлга тушганидан сўнг, Баҳодир ўзига янги шериклар излашга тушди. Кўр кўрни қоронғида топибди, деганларидек, бу гал унга 1993 йилда Тошкент вилоятида туғилган Марат Эргашев рўпара келди. Май ойининг ўрталарида Баҳодир янги шериги Марат билан Зангиота тумани Аҳмад Яссавий қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли бир хонадонга ўғирликка тушишди. Ҳовлига кираверишда яп-янги “Спарк” автомашинаси турарди. Шериклар машина салонини очишганида, у ерда иккита “Кенворд” русумли товуш чиқарувчи мослама, битта овозкучайтиргич турарди. Хуллас, икки талончи бу хонадондан ҳам бир ярим миллион сўмликдан зиёд ашёларни кўтариб, гум бўлишди.
Ҳаромда ҳаловат бўлмайди
Шериклар бир муддат “дам олишгач” Зангиота тумани ҳудудидаги Юнусобод қишлоқ фуқаролар йиғини томон йўл олишди. Бу галги “ов” ҳам уларга яхшигина фойда келтирди. Шуҳрат аканинг хонадонида турган машина салонидан 250 минг сўм пул ва зарур дори-дармонларга тўла “аптечка”, бир миллион сўмлик телевизор, янги кўрпа-ёстиқларни кўтарганча ўз ошиёнларига равона бўлишди.
Август ойида шу тумандаги Қизғалдоқ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаронинг уйидан 4 миллион сўмлик буюмлар, ҳовлида турган автомашина ичидан 2 миллион сўмни олиб, жуфтакни ростлаб қолишади.
Ҳаром луқманинг ҳаловати бўлмайди. Айниқса, ўғрининг еган-ичгани ичига тушмайди. Мазкур жиноий гуруҳ ҳар битта ўғирлик содир қилгандан сўнг, маълум бир муддат танаффус қилишни одат қилиб олишганди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳаракатини эса зимдан кузатиб туришган. Ҳеч ким таъқиб қилмаётганига ишонч ҳосил қилгандан кейингина навбатдаги жиноятга киришишарди.
Улар 15 декабрь куни шу тумандаги Чиғатой-Оқтепа қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли уйлардан 6 ярим миллионга яқин мол-мулкини ўмариб кетишади.
Давоми бор...
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Қибрай тумани судининг материаллари асосида
Жўра Бобораҳмат тайёрлади





