АсосийJamiyat

Тошкентда қарийб 12 мингта объект иссиқлик билан таъминланмоқда

Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахтимиз марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлашга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда “Тошиссиққуввати” ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонасининг жорий куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарлик ишлари якунлари сарҳисоб қилинди.

Пойтахтимизда кенг тармоқли марказий иссиқлик таъминоти тизими ишлаб турибди. 9 йирик иссиқлик маркази ва 167 маҳаллий қозонхонада ишлаб чиқарилаётган иссиқлик энергияси иссиқлик тармоқлари каналлари орқали истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

Бунинг самарасида 9,1 мингта кўп қаватли уй, 475 умумтаълим мактаби, 579 даволаш,  635 мактабгача таълим ва 662 олий ҳамда ўрта махсус таълим муассасаси иссиқлик билан таъминланмоқда.

Матбуот анжуманида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини жорий куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида барча иссиқлик марказлари, қозонхоналар ва иссиқлик тармоқларидаги ускуналар ҳолати ўрганиб чиқилгани таъкидланди. Олинган маълумотларга мувофиқ иссиқлик таъминоти тизимининг ишончли ишлашини таъминлаш ва модернизация қилишга қаратилган тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Айни пайтда 448,9 минг километр магистрал ва тақсимлаш иссиқлик тармоғида таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди, 92,1 километрлик қувурлар изоляция қилинди, эскирган 30 километр қувур янгиланди.

Маҳаллий қозонхоналарни таъмирлаш ва модернизация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда  19 қозонхона капитал таъмирланди, 481 қозонхонада жорий таъмирлаш ишлари якунланиб, эскирган ускуналар алмаштирилди. Бундан ташқари,  Мирзо Улуғбек туманидаги ТТЗ ва Югнакий даҳаларида 46 янги маҳаллий қозонхона барпо этилди. Шунингдек, жорий йилда тўртта насос станцияси капитал таъмирланди.

 

    Бошқа янгиликлар