АсосийJamiyat

Юрагимда сақлаганларим: "Дунё яхшиликдан "нафас оларкан"

Ҳаётда турли воқеалар бўлади. Шундай пайтлар бўладики, сизга ғойибдан кўмак учун чўзилган қўлларни ёки ўзини кўрмай туриб ёрдамини ҳис қилган инсонларни биласиз. Ичингизда улардан чексиз миннатдор бўласиз-у, аммо айтолмайсиз. Бунга фурсат ҳам, имкон ҳам бўлмайди. Мен сизларга ана шундай ҳодиса ҳақида айтиб бермоқчиман...  

Ҳали бу воқеа содир бўлганига кўп бўлмади. Лекин буни юрагимда ҳаддан ортиқ сақлаб юборгандекман.  Бунинг учун ўзимдан хафа ҳам бўлиб кетаман гоҳо...

Ёз. Айни чилла кунлари. Ҳаво жуда иссиқлиги, яна рамазон рўзасини тутаётганим сабабли дам олиш кунлари фақат салқин уйга кириб олиб ётсам дердим. Шундай қилгандим ҳам. Айни туш пайти телефоним жиринглади.

  • Муборакни туғруқхонага олиб келдик. Қийналяпти, — деди онам йиғлаб.
  • Сиз нега келдингиз? Куёв чақирдими? Қанақа одам экан-а, у? Чақалоқ туғилганидан кейин сиздан суюнчи сўраб бормайдими, уйга? — дедим ҳали таниганимизга бир йил ҳам бўлмаган янги куёвимиздан норози бўлиб.
  • Кеча олиб келишган экан. Қийналганидан кейин мени чақиришибди. Жуда ҳолдан тойган, — зўрға гапирди онам.

Мен барибир куёвимиздан норози бўлдим. Онани ҳам тўлғоқдан тўлғониб ётган қизи ёнига олиб келадими? Туққанидан кейин хабар берса бўларди-ку!

Кейинги воқеалар кутилмаганда, яшин тезлигида юз бергандек назаримда.

“Муборакни операцияга олиб киришди...”, “Сира чиқмаяпти, суриштир, болам...”, “Нега бунча қолиб кетишди?”

Онамнинг адоқсиз, изтиробли саволларидан сўнг синглим ётган туғруқхона ва уни операция қилган шифокорни суриштирдим.

Замондан, техникадан айланай. Бир зумда ҳатто ўша жарроҳнинг телефон рақамигача топишга муваффақ бўлдим.

  • Халал бермай туринг, шифокор операция билан банд. Ўн беш дақиқадан сўнг қилсангиз гаплашади, — деди биринчи қўнғироғимга жавоб берган ҳамшира.
  • Нега суриштиряпсиз? Беморнинг аҳволи оғир, — деди яна шифокор ўрнига гўшакни кўтарган аёл.
  •  Мунча қўнғироқ қиласиз? Беморнинг аҳволи жуда оғир. Юраги тўхтаб қолди... — кейинги эшитган гапим шу бўлди.

Ҳеч нарсага тушунмай қолдим... Ҳушим бошимдан учиб, йўлга тушдим.

  • Уйдагиларга, айниқса онамга ҳеч нарса деманг илтимос, биз боряпмиз, — дедим кейинги гаплашган шифокоримга.

Йўл деганлари ҳам шунчалар узоқ бўладими? Тошкент-Самарқанд орасидаги масофани босиб ўтгунимча худди ер шарини айланиб чиққандек тоқатсизландим. Тилим тинмай битта гапни такрорларди: “Худойим, синглимни ўз паноҳингда асра. Ҳали ёш. Боласининг бахтига, онамнинг бахтига унинг жонини омон сақла!”

Энди йигирма тўрт ёшни қаршилаётган синглим, биринчи боласини дунёга келтираман деб кесарча кесиш чоғида комага тушиб қолганди. Борсак, ўпкаси тешилиб, кислород танасига тарқаган синглим каравотда тоғдек бўлиб шишиб ётар, оғзидаги сунъий нафас берувчи аппарат билан янада ваҳималироқ туюларди.

  • Нима бўлди унга? Соппа-соғ, ўз оёғи билан келган одам нега бу ҳолга тушди? — дод солишдан зўрға ўзимни тийиб сўрадим.
  • Операция пайтида ўпкаси тешилган. Ўпкаси касал бўлган бўлса керак... — деди шифокор.
  • Бўлиши мумкин эмас. У спортчи эди. Соғлом эди...

Шифокор билан бошқа тортишмадим. Синглимнинг аҳволини яхшилаш, комадан соғ-омон чиқариш йўлларини қидира бошладик. Югургилаб вилоят бўйича оти чиққан шифокор-ревматолог борки, ҳаммасини олиб келишга ҳаракат қилдик.

Синглим эса ҳамон ўзи нафас олмас, аппарат “тут-тут” этиб унга ҳаёт бахш этиб турганини миннат қилаётгандек асабимизни эговларди.

  • Кислород тугаяпти. Бир соатга етгулик заҳира бор. Мана бу кислород баллонни бошқа бўлимдан олдик. Бир соат ичида тўлдириб келинглар, — деди шифокор ичкаридаги кўм-кўк бўйдор баллонга ишора қилиб.
  • Қаердан тўдирамиз? — укам ва куёвимиз шай турарди.
  • Самарқандга етмасдан “Фарҳод” посёлкаси бор. Ўша ерда тўлдиришади. Тезроқ бормасангиз, навбат кутиб қоласизлар!
  • Шуни эртароқ айтмайсизларми? Бир соат қолганда ҳам айтасизми? Бориш келиши, навбат кутиши, кислородни тўлдиришга  бир соат етадими? — жоним чиқиб кетай деди.

Бу гапни эшик олдида ўтирган онам ҳам эшитди. Юрагини ваҳима қоплаган онаизорим ҳали укамлар шифохонадан чиқмай туриб сабрсизлана бошлади:

  • Телефон қил, сўра, етиб боришибдими? Тезроқ келишсин. Кислород тугаб қолса, Муборак қандай нафас олади?
  • Ойи, улар энди кетишди. Баллон жуда оғир, уни учинчи қаватдан тушириб, машинага ортишга ҳам вақт кетади-ку!
  • Энди нима қиламиз? Болам қандай нафас олади? Кислород тугаб қолса...

Сал ўтмай, укам қўнғироқ қилди:

  • Опа, навбатда турган одамларга тушунтириб, навбатсиз тўлдиряпмиз. Ҳозир учиб борамиз. Кислород ҳали бормикан, сўранг...

Шу дамгача “Эй Худо, унинг жонини асра, ўзига келтир!” деб ўтирган одамлар энди “Эй Худо, кислород тугаб қолмасин!” дея илтижо қила бошладик.

“Наҳот, катта, барча шароитлар муҳайё шифохонада кислород баллони етарли бўлмаса? Агар аҳволи оғир беморлар сони кўпайса, нима қилишади? Кислород баллон етишмай, ўлиб кетаверадими?”

Ўтирган жойимда минг хаёлга бораман. Жаҳл отига минаман. Яна ўзимни босаман: “Бехос бирортасининг дилини оғритиб қўймай, дилозорлик қилганим учун синглим жабр чекмасин...”

Уч кун шу тарзда укам ва куёвимиз юрак ҳовучлаб кислород ташиди. Тўртинчи куни хурсанд келишди:

  • Кислород тўлдирадиган жойдаги амакидан сўраб яна битта баллон олдик. “Ижарага бўлса ҳам топиб беринг”, дегандик, шундай бериб юборди. “Синглинг тузалса, бўлгани. Кейин қайтариб олиб келаверасан. Менам сиқилиб кетдим, шулар касалнинг олдига вақтида етиб бордимикан, йўқмикан, деб ўйлайвериб” деди-да, берди. Энди хавотир олмасак ҳам бўлади.

Ўзим кўрмаган, билмаган одамдан шунчалар миннатдор бўлдимки...

  • Илоҳим, бу яхшилиги Худойимдан минг чандон зиёда бўлиб қайтсин, дунё тургунча турсин! — дуо қилишга тушиб кетди онам.

“Муборак тузалса, бориб раҳмат айтиб келаман”, юрагимга тугиб қўйдим.

Икки ҳафта ўтди ҳамки, синглим кўзини очмас, ҳамон аппаратда ҳаёт учун курашмоқда эди. Биз ҳам шифохонадан бир қадам жилмас, қўлимиздан келган ёрдамни қилишга интилардик.

  •  Эртага 18 июль — ҳайит! Шанба кунга тўғри келаркан. Кейин якшанба. Икки кун дўхтирлар ҳам, кислород тўлдирадиган жой ҳам ишламайди, опа. Битта кислород баллон ўн беш соатларга етяпти. Икки кун қирқ саккиз соат, яъни салкам тўртта баллон дегани. Яна иккита кислород баллон топишим керак...— дунёга сиғмай гапирди укам.
  • Онам эшитмасин! Кислородчи амакидан сўра. Танишлари бордир? Икки кун ишлатганимиз учун пулини тўлаймиз, яна иккита баллон топиб беринг, дегин. 
  • Ҳозир “заправка” қилгани борганимда сўрайман. Ташвиш билан бўлиб ҳайит ҳам эсга келмабди. Бўлмаса, эртароқ суриштирардим. Бир кунда топишга улгурармиканман?

Ўша ондан бошлаб дуоларим яна ўзгарди: “Худойим, ўзинг мушкулимизни осон қил, кислород баллон топилсин!”

Укам кетганидан хавотирим ҳам кучайди. Мен уни баллон излаб кўп қолади, деб ўйлагандим. Йўқ, тез қайтди.

“Топилмабди! Энди нима қиламиз?”

Аммо укамнинг кайфияти аъло эди:

  • Опа, дунёда яхшилар кўп экан! Мен гап бошламасимдан кислородчи амаки нима дейди денг: “Эрта ҳайитлигини билиб, ҳисоблаб кўрдим. Синглингга икки кунга тўртта баллон керак бўларкан. Суриштириб, танишлардан яна иккита баллон олиб келдириб қўйдим. Шуларни ҳам тўлдириб олиб кет. Душанбагача бехавотир ўтирасан, менам хотиржам бўламан!” Хурсанд бўлганимдан амакини қучоқлаб олибман, опа.
  • Менинг номимдан ҳам қучиб раҳмат айтмабсан-да! — дедим севинганимдан кўзларим ёшланиб.

Ичимда эса чин дилдан дедим: “Дунё тургунча туринг, кислородчи амаки. Борингизга шукр! Албатта, ёнингизга бораман, раҳмат айтаман!”

Бу гаплар ичимда қолиб кетаверди. Синглим йигирма кундан ошиқроқ сунъий нафас олгач, кейин ўзи ҳам нафас олишга ўтди. Лекин ҳали бу соғайди, дегани эмасди. Уни бошқа шифохонага кўчирдик, ҳамон даволатишда давом этяпмиз. Хаёлимиз ҳам, ҳаётимиз ҳам у билан банд бўлгани боис, кислородчи амакининг ёнига боролмадим. Гапларим юрагимда қолиб кетаверди.

Яқинда яна қалбимдаги миннатдорчилик туйғуси туғён урди. Шифохонада, синглим ёнида куёвимиз билан ўтирардик. Куёвимизнинг телефони жиринглади:

  • Кислородчи амаки! — деди куёвимиз кўзлари ёниб. Гаплашиб бўлгач эса менга мамнунлик билан деди: — Эсига тушиб кетибмиз. “Аёлинг тузалиб кетдими? Ўтириб, ёдимга тушди. Ҳол сўраб қўяй дедим”, дейди.
  • Тузалади! Шундай яхши инсонларнинг меҳнати, яхшиликлари, борлиги, дуосининг ижобати учун ҳам тузалади! — дедим тўлқинланиб ва дарҳол компьютерга ўтириб, ёзишга киришдим: “Кислородчи амаки...”

Ҳа, мен ҳалиям сизни кўрганим, дилимдаги ҳисларимни билдира олганим йўқ. “Фарҳод” посёлкасидаги кислородчи амаки, бу дунёда борлигингиз учун раҳмат! Ҳатто, исмингизни ҳам билмайман! Аммо бизга қондошдек яқин, қариндошдек қадрлисиз! Борингизга шукр!

Наргиза УСАНБОЕВА

 

 

    Бошқа янгиликлар