Июль ойидан бошлаб республикамизнинг турли вилоятлари трассаларида ҳайдовлиларни сергакликка чақирувчи шовқин чиқарувчи йўл чизиқлари тажриба тариқасида чизилаётганлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Хаёлимга бирдан 2019 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрининг катта чорраҳаларида ҳам тажрибадан ўтказилиб, икки хафтага борар-бормас ном-нишонсиз ўчиб кетган вафли чизиқлари келди. Энди эса шовқин чиқарувчи чизиқлар... Бу чизиқлар бизнинг шароитларимиз учун қанчалик мос? Бу чизиқлар жаҳон тажрибасида қандай қўлланилади? Июль ойи бошидаги мавзуни ой охирида ёзаётганим сабабини мақола давомида тушунтираман.
Чорраҳалардаги вафли чизиқлари ҳақида
Россия шаҳарлари чорраҳаларида 2018 йилдан бошлаб чизила бошланган бу чизиқларнинг вазифаси чорраҳадаги тирбандликлар, тартибсизликларнинг олдини олиш бўлиб, бу чизиқлар устида қолиб кетиш мумкин эмас. Уни зудлик билан тарк этиш керак. Тошкентда чизилган бу каби вафли чизиқларининг вазифасини ҳали ҳайдовчилар англаб етмасидан 10 кун ичида ўчиб, ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетди. Бунга қанча маблағ ажратилганини билмадиму, 1000 сўм кетган бўлса ҳам, ҳавога учиб кетди.
Эндиги навбат шовқин чиқарувчи янги йўл чизиқларига
Бу ҳам бир тажриба. Бу тажриба ҳақида хабарлар “болалаши” билан бир энсам қотганди. Чунки Россия ва бошқа Европа шаҳарларининг ҳайдовчиларни ухлатиб қўйиш даражасидаги текис, равон йўлларида бу чизиқларнинг чизилишини тушунса бўлади. Биздачи?
Яқинда Сардоба фожиасини ёритиш мақсадида Сирдарё вилоятига журналистлар билан пресс-турга йўл олдик. Кун иссиқ. Менга микроавтобуснинг энг орқа ўриндиқларидан жой теккан. Тошкент шаҳридан чиқишимиз билан йўлларнинг “яхши”лигидан микроавтобусдаги “қатордошларим” билан ким энг баландга сакраш ўйинини “ўйнаб кетдик”. Ички органларимиз чаппа бўлаётгани етмагандай, Тошкент вилояти йўлларида чизилган шовқин чиқарувчи чизиқларнинг микроавтобус ичкарисига бераётган вибрацияси барчани жиғибийрон қилди. Мени бир савол қийнай бошлади: Нега? Ухлаб қолишга имкон бермайдиган ғадир-будур бу йўлларнинг яна асабга тегувчи чизиқларга эҳтиёжи бор эдими? Ёки бундан кимдир манфаатдорми? Албатта бу чизиқларни чизиш учун кетган маблағлар яна айтилмади. Шу сабабли Россия тажрибаси билан қизиқдим. Россиядан нашрларидан бирида келтирилишича, бу чизиқларни чизиш учун ўртача 100 000 рубл (тахминан 14 миллион сўм) сарфланар экан. Демак, яхшигина маблағ. Асабга теккани етмагандек, бу чизиқлар ҳам вафли чизиқлари каби, қисқа муддатда ўчиб, сарфланган маблағлар учиб кетсачи?
Жаҳон тажрибасида қандай?
Тўғри, жаҳон тажрибасига юзлансак, бу каби чизиқлар чизилиши билан АҚШда йўл транспорт ҳодисалари натижасидаги ўлим даражасини пасайганини, Японияда қарама-қарши ҳаракатланиб келаётган автомобиллар билан тўқнашиш хавфини 55 фоизга камайганини, Дания, Швеция ва Финляндияда ҳам шовқин чизиқлари билан ЙТҲ сонининг қисқаришига эришилганини кўриш мумкин. Лекин қани мантиқ? Улар билан бизнинг трассаларимиз сифатини таққослаб бўладими? Йўллармиз бундай чизиқларга эмас, бундай чизиқлар муносиб йўлларга эга бўлиши керак эмасми?
Якуний
ЙТҲ даражасини камайтириш учун қилиш керак экан деб бизнинг шароитларимизни ҳисобга олмасдан харажат қилинаверадими? Ўзини биргина “тажриба тариқасида” дея оқлаб қўяётган ташкилотлар биз тўлаётган солиқлар ҳисобидан маблағ сарфлаб, 10 кунда ўчиб кетадиган йўл чизиқларини чизишдан олдин халқ фикрини инобатга оляптими? Нега сарфланган маблағ ҳақида айтмайсиз? Нега бу “тажриба” натижалари билан оммани таништирмайсиз? Ундан кўра йўлларни тўғирланг. Йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл ҳаракати маданиятини оширишга жонбозлик кўрсатинг. Ана керак бўлса, йўл ҳаракати фанини мактаб ва боғчалар дастурига киргизинг, сизга натижали ташаббус керак бўлса. Ҳамма ҳам физика ёки биологияни билиши керакмасдир, лекин ҳаммамиз йўл ҳаракати қатнашчисимиз. Ўзингизни кўрсатиш учун бундай осон йўлларни танламанг. Йиллардан сўнг натижасини берса ҳам, йўлларда ўзини тутишни билмайдиган иштирокчилар учун истиқболи бор ташаббуслар қилинг. Шахсан менга бу харажатли ва самарасиз ташаббусингиз ёқмади.
Сардорбек Раҳмонқулов