АсосийJamiyat

Самарқандда 927 та фермер хўжалиги самарасиз деб топилди

Самарқанд вилоят ҳокимлигида халқ депутатлари вилоят ва туманлар кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда вилоят ва туманлар кенгашлари депутатлари, шунингдек, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли бошқарув идоралари раҳбарлари, туманлар прокурорлари, Ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, Фермерлар кенгашлари раислари иштирок этди.

Йиғилишда ўтган хўжалик йилида фаолият кўрсатган 6705 фермер хўжаликлари томонидан 703 минг тонна дон, 3128 фермер хўжаликлари томонидан 228,4 минг тонна пахта хомашёси, 3353 минг тонна мева-сабзавот, 1322 минг тонна чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани таъкидланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги сайти хабар беради.

Бироқ, айрим фермер хўжаликларида ердан фойдаланиш самарадорлиги пастлиги, оқибатда қишлоқ хўжалик экинларидан норационал фойдаланилиши, контрактация шартномаларини бажармаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Шу жиҳатдан, ҳар бир туманда тегишли вилоят раҳбарлари, адлия, давлат солиқ бошқармаси, хўжалик суди, банк, суд ижрочилари ва Фермерлар кенгашлари раисларидан иборат махсус ҳудудий ишчи гуруҳлари ташкил қилинди. Гуруҳлар режа асосида жойларда ҳар бир фермер хўжалиги фаолиятини таҳлил қилиб, тегишли ташкилотлар билан таққослама далолатномалар тузди.

Шартнома шартларини бажармаётган, иқтисодий ночор, қарздорлиги кўпайиб бораётган, агротехник тадбирлар белгиланган муддатда бажарилмаслиги сабабли ҳосилдорлиги пасайиб бораётган 24 та фермер хўжалиги бўйича хўжалик судининг қарорлари чиқди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ хулосаси асосида 927 та фермер хўжалиги самарасиз деб топилди.

Қайд этиш лозимки, илгари фермер хўжаликларини ташкил этишда талабгорнинг иқтисодий аҳволи, техникаси, тажрибаси, мутахассислиги деярли эътиборга олинмаган. Ҳокимлар ва соҳага масъул 2-3 шахс томонидан фермерларнинг юзаки танлаб олиниши, қарздор фермер хўжаликлари тугатилиб, уларнинг қарзлари осилиб қолиш ҳолатлари кўпайган.

Бундан ташқари, фермерларга пировард натижа, яъни даромад олиш орқали давлат таъминот ташкилотлари ва бюджет олдидаги қарзларини тўлаш масъулияти шакллантирилмаган. Бу борада таъсирчан усулларни қўлаш масаласи эътибордан четда қолган.

Айни пайтда вилоятдаги 12641 та фермер хўжалигига (олдингидан 1689 та кўп) 390,8 минг гектар экин ер майдони бириктирилди. Уларда 21651 та қўшимча янги иш ўринлари ҳамда ердан самарали фойдаланишга имконият берувчи шароитлар яратилган.

    Бошқа янгиликлар