АсосийShou-biznes

Қонун барчага баробар, Ботир Қодировга ҳам (тўлиқ талқинда)

Бизга маълумки эстрада қўшиқчилиги санъатида ижод қилиб келаётган ҳар бир хонандага яратган қўшиқларини ОАВ орқали мухлисларга тақдим этиш, шунингдек, гастрол-концерт, тўй  ва тадбирларда иштирок этиш, яккахон концерт дастурини ўтказиш учун лицензия тақдим этилади.

Шунингдек, тегишли  меъёрий ҳужжатларда хонандаларнинг белгилаб  қўйилган талаб ва шартларга амал қилиши лозимлиги, акс ҳолда хонандани лицензиясидан маҳрум этиш мумкинлиги кўзда тутилган.  Охирги пайтларда хонандаларни лицензиясидан маҳрум этиш ҳолатлари тез-тез учраб, улар орасида ахлоқ-одоб меъёрларига зид ҳаракатларни содир этган санъаткорларга нисбатан ҳам “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан тегишли чоралар кўриб келинмоқда...

Бу ҳақда гап очишимизга  Ботир Қодировнинг концерти пайтида юз берган машмашалар сабаб бўлди. Келинг, ҳаммасини бир бошидан гапирайлик.

Маълумки, 21-22-23 кунлари потахтимиздаги “Истиқлол” санъат саройида Ботир Қодировнинг яккахон концерти бўлиб ўтди. Концерт бошланишидан  бир кун аввал одатдагидек  хонанданинг продюсерига қўнғироқ қилиб “Даракчи” газетаси номидан рўйхатга фамилиямизни ёздириб қўйдик ва концертнинг иккинчи кунига кирадиган бўлдик. Лекин белгиланган куни борганимизда сарой эшигидаги қўриқчилар бизни концертга киритишмади...

“Хонанданинг жаҳли чиққан, ҳеч кимни кўришни истамаяпти!”

Эшик олдида турган қўриқлаш хизмати ходимларига “рўйхатда бормиз, Ботир Қодировнинг продюсерининг ҳам хабари бор” деб ҳужжатимизни кўрсатдик. Рўйхатни синчиклаб кўздан кечирган қўриқчилардан бири бизнинг фамилиямиз қайд этилмаганлигини айтди ва қолаверса, матбуот ходимларини концертга умуман киритмаслик ҳақида санъат саройи раҳбарияти томонидан буйруқ борлигини таъкидлади. Ҳайрон бўлдик. Хонанданинг продюсери бизни нега рўйхатга ёзмади экан?

Бир оздан сўнг  тартибни сақлаш ходимлари саройнинг эшиги ёнида туриш мумкин эмаслигини айтиб, бизни чиқариб юборишди. Биз хонанданинг маъмури Асрор Исохўжаевни чақириб, масалага ойдинлик киритишнии сўрадик.

Маъмурнинг айтишича, концертнинг биринчи кунида матбуот ходимларидан бири ноқонуний равишда китоб чиқариб сотган. Бундан  хабар топган хонанда жаҳли чиқиб, ойналарни синдириб ташлаган, ОАВ ходимлари концертига киришини истамаган.  Шунингдек, у концерт саройи раҳбарига «журналистларни  киритмайсиз, биз уларни чақирмаганмиз», деган экан.

Ҳайратдан ёқа ушладик! Халқ ва санъаткорларни боғлаб турадиган, уларнинг фаолиятини ёритиб келаётган матбуот ходимларига шундай муносабатда бўлиш мумкинми? Нега энди кимдир  йўл қўйган хатога бошқалар ҳам жавоб бериши керак? 

Демак рост...

Ушбу савол билан эртаси куни концертни ташкиллаштирган,  “Ўзбекнаво эстрада бирлашмаси”, концерт-томоша фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Қобилжон Йўлдошевга мурожаат қилганимизда, у  Ботир Қодировнинг ўзи сарой раҳбариятидан журналистларни концертга киритмасликни сўраганини тасдиқлади.  Санъат саройи маъмурияти эса, хонанданинг талабини қондиришган.

Шундан кейин биз ҳам хонанданинг маъмурига вазият қандай бўлса шундайлигича ёритишимизни айтдик у эса Ботир Қодировни тарафини  ола бошлади. Бу гал  маъмур бизни концертнинг учинчи куни, кундузги  сеансга  таклиф қилиб, кечаги машмашани концертга таклифнома тегмай қолган қўриқлаш хизмати бошлиғи ўйлаб топганини айтди. 

Ана холос! Аввалига Ботир Қодиров айбдор бўлганди, энди эса чипта тегмай қолган қўриқлаш хизмати раҳбари!

Хуллас, нима бўлганда ҳам матбуот ходимлари концертга киритилмади (балки бошқа матбуот ходимлари киргандир деган хаёлда қайта сўраганимизда маъмур “ҳеч бир журналист киритилмади!” деб таъкидлади).

“Санъаткорлик даражасини суиистеъмол қилманг”

Ушбу воқеаларни холислик нуқтаи назардан ёритиш мақсадида концерт дастури тугаганидан сўнг хонанданинг маъмури Асрор Исахўжаевга яна қўнғироқ қилдик ва воқеаларга хонанданинг изоҳини сўрадик. Хонанданинг продюсери эса ҳали можаро тугамаганлиги, бу борада кейинроқ батафсил маълумот беришлари мумкинлигини айтди.

Шундан сўнг, биз омма учун намойиш этилаётган концерт ва бошқа дастурларда ОАВ вакиллари эркин иштирок этиш ва ёритиш ҳуқуқига эгами? Ёки бу борада бирор чеклов ўрнатилганми деган савол билан  “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг директори вазифасини бажарувчи Мурод Мажидовга мурожаат қилдик.

— Журналистнинг концертга киришига ҳеч қандай чеклов қўйилмаган, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси концертни ўтказиш ва концерт сценарийсига жавоб беради, агар журналист концертга кириш учун рўйхатдан ўтган бўлса концертга киргизиш ва назорат қилишга сарой қўриқлаш хизмати жавобгар,  журналист қонунда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари ва ваколатларига кўра концертга кириш ва уни ёритиш ҳуқуқига эга.

— Омма учун концерт бераётган хонандалар ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда концертида ОАВ вакиллари иштирокини чеклаши ёки умуман тақиқлаши мумкинми?

— Хонандаларнинг ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда концертида ОАВ вакиллари иштирокини чеклагани ўз санъаткорлик даражасини суиистеъмол қилганидан далолат.

Продюсернинг “сарой қўриқлаш хизмати бошлиғига таклифнома тегмай қолгани сабаб шу ҳолат юзага келди” деган гапини текшириб кўриш мақсадида Истиқлол санъат саройига йўл олдик ва сарой директори Исроил Ғуломов ҳамда қўриқлаш хизмати бошлиғи Юсуф Бобожонов билан учрашдик. Продюсер Асрор Исахўжаев томонидан қўйилган айблов юзасидан аввал санъат  саройи директори Исроил Ғуломов изоҳ берди:  

  • Концертнинг биринчи кунида бир тележурналист Ботир Қодировнинг ўзидан рухсат сўрамаган ҳолда, унинг оилавий ҳаёти ҳақида  китоб нашр эттирган ва уни концерт зали фойесида сотган (!). Журналистнинг концерт залига ўзи билан нечта китоб олиб кириб сотгани номаълум. Аммо шу китобни сотиб олган мухлислардан бири концерт жараёнида Ботир Қодировдан китобга дастхат қўйиб беришни сўраган. Китобни кўрган Ботир Қодировнинг кайфияти тушиб, жаҳл устида микрофонни ташлаб, саҳнани тарк этган. Кейин ҳам ғазабини боса олмай, пардозхона эшик, ойналарини синдириб, янги ўрнатилган печларни ҳам бузиб ташлаган, натижада қувурлардан сув оқиб кетди.

(Қўриқлаш хизмати бошлиғи Юсуф Бобожонов Ботир Қодиров содир этган тартибсизликлар фотосуратларини ҳам кўрсатди).

Шундан сўнг эртасигаёқ мен журналистларни концертга киритаслик ҳақида буйруқ бердим.

Қонун Ботир Қодировга ҳам тегишли!

Юсуф Бобожонов, “Истиқлол” санъат саройи қўриқлаш хизмати бошлиғи:

—Ботир Қодировнинг продюсерининг гапи ёлғон. У айтган чиптанинг менга умуман кераги йўқ. Агар концерт томоша қилгимиз келса, шундоқ ҳам биз учун ажратилган махсус жой (ложа) бор, ўша ердан томоша қилаверамиз. Ундан кўра продюсер саҳнага чиқишга тайёрланаётган Ботир Қодировнинг чекканини, ўт ўчириш ходимлари билан биргаликда билдирги ёзиб, хонандани жаримага тортганимизни айтсин! Шу пайтгача ҳатто энг машҳур санъаткорлар ҳам бу саройда чекмаган! Нега энди ҳаммага баробар бўлган қонун Ботир Қодировни четлаб ўтиши керак? Ички тартибларга жавоб берса, концерт қўйишсин, бўлмаса саройимизда бундай хонандаларга ўрин йўқ. Журналистларга келсак, хонандадан рухсатсиз китоб савдоси билан шуғулланган ўша журналист аёл ҳақида билдирги ёзиб, сарой директори Исроил Ғуломовдан концертга журналистларни киритмаслик тўғрисида чора-тадбирларни кўриб чиқишни сўрадим. Шунга кўра сарой директори томонидан концертга журналистларни киритмаслик тўғрисида буйруқ берилди. Бор гап шу!

Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА

Дарвоқе, "Даракчи" газетасининг 10 декабрь куни сотувда чиқадиган сонида Ботир Қодировнинг ушбу воқеа тўғрисидаги фиклари билдирилган интервьюни ҳам ўқишингиз мумкин. Санъаткорнинг ўзи ҳаракатларини қандай изоҳлайди.

ЎТКАЗИБ ЮБОРМАНГ!

 

    Бошқа янгиликлар