АсосийJamiyat

VII ижтимоий медиа маҳсулотлар миллий фестивали ғолиблари аниқланди

Тошкентда VII ижтимоий медиа маҳсулотлар миллий фестивали бўлиб ўтди. 

Тадбир Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамда ЮНЕСКО, ЕХҲТ, Конрад Аденауэр жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Жорий йилда фестивал ғолиблари қуйидаги 5 та номинация бўйича аниқланди:

  1. «Кексаларни эъзозлаш йили»га бағишланган энг яхши ижтимоий ролик.
  2. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги масалаларини ёритган энг яхши ижтимоий ролик.
  3. Зарарли одатларга қарши курашга ва соғлом турмуш тарзига даъват этишга йўналтирилган энг яхши ижтимоий ролик.
  4. Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга ва маънавий-ахлоқий тарбиясини юксалтиришга қаратилган энг яхши ижтимоий ролик.
  5. Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси муаммоларига бағишланган энг яхши ижтимоий ролик.

Жорий йилда ижодкор гуруҳлар томонидан 400 та ижтимоий ролик тайёрланган бўлиб, ушбу роликлар нодавлат телерадиостанциялар ва кабель студиялари орқали эфирга узатилмоқда. 

Ижтимоий медиа-маҳсулотлар VII Миллий фестивалига пойтахтдаги ва ҳудудий телестанциялар ижодкорлари томонидан 300дан ортиқ теле- ва радиороликлар тақдим этилди. 

Анъанавий медиа маҳсулотлари фестивали ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, тизимда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Муҳими, бу орқали соҳага кириб келаётган ёшлар қўллаб-қувватланиб, уларнинг малака ва маҳорати оширилаётир. 
Ғолиблар танлов ташкилотчиларининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. 

    Бошқа янгиликлар