Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланган нутқида Бош прокуратура Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назорат қилиш (Конституциянинг 118-моддаси) бўйича зиммасига юклатилган конституциявий вазифани қай даражада ва қанчалик самарали бажараётган ҳақида тўхталди.
Маълумотларга кўра, 2015 йилнинг 9 ойида Бош прокуратурага фуқаролардан прокуратура ходимлари устидан 426 та шикоят келиб тушган. Мазкур шикоятларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 45 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган, 22 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган, 33 нафар ходим прокуратура органларидан бўшатилган.
Ўз-ўзидан равшанки, ана шу рақамлар ва прокуратура тизимидаги аҳвол бизни қониқтирмайди, албатта. Шу муносабат билан Олий Мажлис Сенати қисқа муддатда прокуратура фаолияти устидан назоратни кучайтириш ва унинг фаолияти қонунийлиги масаласини кўриб чиқиши зарур.
Бугунги кунгача ички ишлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини тартибга соладиган қонуннинг йўқлигини ҳам нормал ҳолат, деб бўлмайди. Шунинг учун мазкур органларнинг, биринчи навбатда, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги мақоми, фаолият шакли ва усулларини аниқлаштириш ҳамда уларга тузатишлар киритиш зарур.





