АсосийJamiyat

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида 2,2 триллион сўм ва $225 миллион маблағ сарфланди

Кексаларимизни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида шу йилнинг ўзида 2 миллион 750 минг нафар отахон ва онахонларимизнинг пенсия миқдори 20 фоиздан зиёд кўпайтирилиб, уларга давлат бюджети ҳисобидан  12 триллион  888  миллиард  сўм  пенсия  тўлангани,  ўз вақтида ва узлуксиз етказиб берилди.

Бугунги кунда давлатимиз пенсияга ажратадиган маблағнинг миқдори дунёдаги камдан-кам давлатлар қаторида ўртача ойликнинг 41 фоизидан зиёдини ташкил этишини яна бир бор айтиб ўтмоқчиман.

Жорий йилда 1941-1945 йиллардаги урушда қатнашган ва фронт ортида хизмат қилган 61 мингдан ортиқ фахрийларимизга коммунал хизматлар бўйича 3 миллиард 900 миллион сўм миқдоридаги компенсация пуллари тўлаб берилди. Шунингдек, 100 ёшга етган ва ундан ошган кексаларимизнинг пенсиясига энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида устама тўлаб бориш тизими татбиқ этилди ва шу каби бир қатор бошқа чора-тадбирлар амалга оширилди.

Маҳаллий ҳокимликлар, “Маҳалла” жамғармаси ва бошқа нодавлат ташкилотлар, ҳомийлар кўмагида ёлғиз ва ижтимоий мададга муҳтож қарийб 10 минг фуқаронинг уй-жойлари таъмирлаб берилганини қайд этиш ўринлидир.

Барча ҳудуд ва минтақаларимизда “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” деган шиор остида кексалар, пенсионер ва ногиронларга ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатишни яхшилашга қаратилган ижтимоий тадбирлар ўтказилди. Уларда 215 мингдан зиёд отахон ва онахонларимиз чуқур тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг саломатлигини тиклашга кўмак берилди.

Ўтган йили қабул қилган қароримизга мувофиқ 50 мингдан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, пенсионер ва ногиронлар санаторийларда бепул даволанди. Уларнинг 7 минг нафарига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилди, 5 мингдан кўпроқ қарияларимиз учун замонавий клиникаларда операциялар ўтказилиб, улар ўз дардига шифо топди.

Жорий йилда Инвестиция дастури асосида 141 та тиббиёт муассасасида қарийб 495 миллиард сўм ҳажмидаги реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилгани, уларни замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш учун хорижий молия институтларининг 25 миллион долларлик маблағлари жалб этилгани айни шу мақсадга хизмат қилади.

Албатта, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида амалга оширган ишларимиз ҳақида яна узоқ гапириш, кўплаб рақам ва мисолларни олиб келиш мумкин. Лекин уларни мухтасар ифода қиладиган бўлсак, дастур бўйича барча манбалар ҳисобидан 2 триллион 246 миллиард сўм ва 225 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ сарфлангани бу борадаги ишларимизнинг кўлами ва миқёсидан яққол далолат беради, деб ўйлайман.

Ушбу рақамлар Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида қайд этилди.

    Бошқа янгиликлар