АсосийJamiyat

2016 йилда 1 кун кўпроқ “яшаймиз”! ёхуд 2016 йил ҳақида қизиқарли фактлар

Эшик қоқиб турган 2016 йил бошқа йиллардан фарқли равишда 365 кундан эмас, балки ҳар тўрт йилда бир марта такрорланадиган 366 кундан иборат Кабиса йили ҳисобланади. Яъни бу йил 29 февралда туғилганлар ўз таваллуд айёмларини кўтаринки кайфиятда нишонлаш имкониятига эгалар.

Кабиса йили тарихига назар ташлайдиган бўлса, мазкур йил эрамизгача бўлган 45 йилнинг 1 январидан қўлланила бошланган. Куннинг бундай ҳисоб-китоб усули асосчиси Рим императори Юлий Цезар ҳисобланади. Айнан ўзининг Искандариядаги у Созиген бошлиқ астрономларига астрономик йил ҳисоби бўйича кун ва соатни аниқ белгилаш учун буйруқ беради. Ҳисоб-китоблар якунига кўра, йил 365 кун-у 6 соатдан иборат бўлган. Астрономлар эса йилнинг кунини тенглаштириш, яъни ортиб қолган 6 соатни йилга киритиш учун Юлий Цезарга тўрт йилда бир марта Кабиса йили бўлиши кераклигини таклиф қилишди. Чунки тўрт йилда ҳар йили олти соатдан қўшилиб, бир кеча-кундуз “ортиб” қолади. Ана шу сабаб ҳар тўртинчи йилнинг феврали 28 эмас, балки 29-сана билан якунланади.

2016 йилдан кейин 2020, 2024, 2028 йиллар Кабиса йили ҳисобланади.

2016 йил 52 ҳафта-ю, 2 кунни ўз ичига олади.

2016 – Оловли маймун йили. Шарқ тақвими бўйича Оловли маймун йили 2016 йилнинг 8 февралидан бошланади. Агар башоратларга таянадиган бўлсак, йил “ҳомийси” ҳаётнинг барча жабҳаларига сезиларли таъсир кўрсатади: баъзиларини “тинчлантирса”, бошқасини фаоллаштиради. Мазкур йил молиявий муваффақиятлар ва каерьеранинг ўсиши учун омадлидир. Инсон организми ҳатто кичик салбий омилларга ҳам мазкур йилда ўта таъсирчан бўлишини инобатга олган ҳолда саломатлик борасида алоҳида эътибор талаб этилади.

Бу йилни шахсий ҳаётни ўзгартириш ва узоқ йиллардаги орзуларни рўёбга чиқаришда энг муҳим давр сифатида эътироф этиш мумкин.

Қизил ранг — 2016 йилда муваффақият калитларидан бири, дейиш мумкин. Омадга эришишда айнан шу рангдаги либос, аксессуарлар муҳим роль ўйнайди.

Одамлар орасида Кабиса йилини шов-шувлар, талатўпларга бой бўлади, деб ўйлайдиганлар ҳам учрайди. Узоқ йиллар давомида Кабиса йили ғайриоддий жараёнларни қамраб олиши ҳақида тасаввурлар мавжуд бўлган. Кабиса йилида ҳар битта хатти-ҳаракат, ҳар бир ўзгариш алоҳида эътиборни талаб қилиши эътироф этиб келинган. Аммо бу каби тасаввур ва қарашлар Кабиса йили шарқ тақвими бўйича қайси мучал остида эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Шунингдек, мазкур йил ҳам бошқа йиллар каби одатдагидек ўтишини, алоҳида аҳамиятли жиҳати йўқлигини эътироф этадиганлар ҳам етарлича. Аммо Кабиса йили бўйича кимда қандай тасаввур ва тушунча бўлишидан қатъий назар, аниқ маълумот шуки, хайрли ва савобли ишларни амалга оширишга мазкур йилда бир кунлик муддат, яъни 24 соатлик ортиқча имконият бўлади.

 

    Бошқа янгиликлар