Ижтимоий тармоқларда Тошкент ва Тошкент вилоятидаги айрим поликлиника ҳамда туғруқхоналарда болаларни режали эмлашдан бош тортишаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Бунга вакциналар етишмовчилиги сабаб қилиб кўрсатилган. Айтилишича, болаларни профилактик эмлаш бўйича муаммолар юртимизда карантин бошлангандан буён юзага келган. Ушбу ҳолатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўрганиши кераклиги, эмлашдан нега бош тортишаётганига ва вакциналар етишмовчилигига аниқлик киритиш сўралган.
Мазкур хабарлардан сўнг Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) Алия Юнусова Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга сўров юборди.
"Ўзбекистонда юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш дастури ҳамиша асосий устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Жамият саломатлиги ва айниқса болалар соғлиғи бўйича давлат ҳар томонлама ғамғўрлик қилмоқда.
Давлатнинг муҳим ютуқларидан бири кўп йиллардан бери миллий эмлаш дастурига давлат сиёсати сифатида қаралишидир. Бу эса эмлаш билан қамраб олиш ва юқори кўрсаткичларга эришишда режали эмлашни иқтисодий таъминотида олдига қўйилган вазифаларни биргаликда ҳал қилинишида замин яратади.
Дастур Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари ва қонуности ҳужжатлари билан кучли сиёсий қўллаб-қувватланган.
Ўзбекистонда иммунопрофилактика бўйича миллий сиёсати ЖССТнинг тиббиёт соҳасида тасдиқланган талаблари бўйича белгиланган асосларга мўлжалланган бўлиб, эпидемик кўрсатмалар асосида миллий эмлаш календари барчага бепул ва бир хил тайинланади.
Сиздан, бола ҳуқуқларининг бузилишига олиб келувчи ушбу ҳолатларни ўрганиб чиқиб, бу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан амалга оширган чора-тадбирларингиз ҳақида маълумот беришингизни сўрайман", дейилади сўровда.