Тошкент шаҳрида мавжуд кўп қаватли турар-жойларга, маҳалла ва мавзеларда ташқи видео-кузатув мосламаларини ўрнатилади. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Куни кеча Тошкент шаҳар ҳокимлигида брифинг ўтказилди. Унда шаҳар ҳокимининг жорий йилнинг 11 декабрида имзоланган “Тошкент шаҳридаги кўп қаватли турар-жойлар, маҳалла ва мавзеларда видео-кузатув мосламаларини ўрнатиш ишларини ташкиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 233-ф фармойиши ҳақида сўз борди.
Мазкур фармойиш Тошкент шаҳар ҳокимининг 2012 йил 4 апрелдаги “Тошкент шаҳрида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чоралар тўғрисида”ги 277-сонли қарори ҳамда 2015 йил 9 октябрдаги “Тошкент шаҳридаги нотурар жой объектларига видео-кузатув мосламаларини ўрнатиш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 181-ф-сонли фармойишининг ижросини тўлақонли таъминлаш, кўп қаватли турар-жойларнинг умумфойдаланишдаги муҳандислик тармоқларини, ертўла ва чордоқ қисмларини техник соз ҳолда сақлаш, турли жиноий унсурларнинг ҳаракатларига чек қўйиш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Тошкент шаҳрида мавжуд кўп қаватли турар-жойларга, маҳалла ва мавзеларда ташқи видео-кузатув мосламаларини ўрнатиш тавсия этилмоқда. Видео-кузатув мосламаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш хизмати махсус ташкил этиладиган корхона ва ташкилотлар, Бошқарув сервис компаниялари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан ҳар бир хонадон билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этилади. Бино-иншоотларга ўрнатилган видео-кузатув мосламаларида қайд этилган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларни хабардор қилиш ва улар сўровига биноан электрон ёзувини тақдим этиш бу хизматни ташкил этувчилар зиммасида бўлади.