Куй бағрида яширилган мухаббат

МУТОЛАА 18.12.2015, 11:41
Куй бағрида яширилган мухаббат

Мироншоҳ отаси Амир Темурнинг назарига тушган, шуҳрати бутун Шарққа ёйилган машҳур бастакор Абдулқодир Мароғийнинг янги асарин тингламоқ учун муҳташам анжуман ташкил этди. Бастакор бир ой    аввал ёзган асарининг қўлёзмасини унга тақдим этиб, тортинибгина кичик бир анжуман ўтказишни сўраганди. Ҳукмдор мамнуният ила розилик билдирган,  ўша ондаёқ унинг боғчасида мисли кўрилмаган ҳозирлик ишлари бошлаб юборилган эди.

Икки ойдан ортиқ давом этган қурилиш ва таъмирлаш ишларида Табризнинг энг машҳур уста ва  ҳунармандлари жалб этилди. Айни дамда боғча беҳад фусункор манзара касб этган, ранг-баранг гуллларнинг атиридан бош айланар, жозибасидан кўз қамашарди. Нақшинкор йўлакларда бежирим табриз гиламлари тўшалган,  ҳар қадамда ўрнатилган фонуслардан таралган шуълалар кечаси ҳам худди кундузгидек чор-атрофни чароғон этарди.

Бироздан кейин мажлис бошланишидан дарак бериб, енгил мусиқа садолари янгради. Гарчи айш-ишрат кечалари бу ерда тез-тез ўтказилса-да, боғча яқин орада бундай катта тараддудни кўрмаганди. Бунинг боиси ҳаммага маълум эди: бастакорнинг янги асари Амир Темурнинг суюкли набираси, Мироншоҳнинг ўғли Халил Султон га бағишланган эди.

Мироншоҳ ўсмирлик ёшига қадам қўйган ўғлини ўтган ёзда, Мовароуннаҳрга, соҳибқирон Амир Темур ҳузурига жўнатганди. Мақсади ўғлининг кўзлари очиш, жаҳонгирнинг сиёсат ва фотиҳлик борасидаги сабоқларидан баҳраманд этиш эди.  Бироқ кўп ўтмай, соҳибқирон Халил Султоннинг саройдаги жориялардан бири – Шодимулкка кўнгил қўйиб, салтанат ишларига қизиқмай қўйганини Мироншоҳга етказган, бир муддат йигитчани Табризга, ўз отасининг ҳузурига жўнатишни маъқул кўрганди.

Мана, икки ойдирки, Халил Султон Табризда истиқомат қилаётир. Ҳар куни Самарқандга қайтиш учун изн сўраса-да, Мироншоҳ турли баҳоналар билан ўғлини йўлдан қайтарар, ҳаммаси вақт ҳукмида эканига ишонарди.

Саройда уюштирилаётган бу мажлис ҳам Халил Султонни оз бўлса-да, чалғитишга қаратилган эди

...Неча кундирки, Абдулқодир чексиз безовталик ила машқ қилар, ўзи ёзган мусиқанинг гўзаллигидан ҳайратини яширмаган чолғучилари билан асарни қайта-қайта ижро этишарди.

Ҳар гал ижрони маълум бир жойида тўхтатиб, янги оҳанглар, янги тузатишлар киритар, ушбу куйнинг мукаммал мусисиқй асарга айлантириш учун қўлидан келганини аямасди. Аммо борлиғини сариқпечак мисол ўраб олган безовталик унга тинчлик бермас. Қўлларига тушов солар, ҳаяжонини тобора оширарди.

“Ишқилиб чолғучилар унинг кўнглига ёқадиган тарзда ижро этишсин-да! Шунча садди-басга яраша ҳукмдорга маъқул келсин!”.

Мусиқа севикли ўғлига бағишллангани учун ўз аъёнлари ила мажлисга ташриф буюрган Мироншоҳ боғчанинг юқори қисмида қурилган тахтига кўтарилишдан аввал, ижрочиларга яқинлашиб, сўрашган бўлди. Мироншоҳ бир хил кўринишдаги сарой мусиқачиларининг ҳар бирини шахсан танирди, фақат биттасини танимади. Бу хонанда йигитни бастакорнинг ўзи асар ижроси учун атайин таклиф этганди. Ҳукмдор тахтига чиқишидан аввал мусиқачиларнинг ёнига келишидан мақсад  ҳам янги йигит билан танишмоқ эди

Озғин жуссали, буғдойранг, хушбичимгина хонанда Мироншоҳ билан юзма-юз келганида, таомилга кўра, тиз чўкиб, бошини эгиб турди. Мироншоҳ ўрнидан туришга ижозат берди:

-Ўғлим, Озарбойжоннинг қаеридансан? – деб сўради.

-Мароғаликман, - деди йигит.   

-Сенам мароғаликмисан?

Абдулқодир таъзим ила бир қадам олдинга чиқди:

-Ҳукмдорим, Мароғада туғилган ҳар бир инсоннинг гўзал нафаси бўлур! –

 Мироншоҳ хонандаги ижозат бериб, Абдулқодирнинг қўлтиғига кирди ва аъёнлари қуршовида уни тахт томон бошлади.

Ҳукмдор тахтига жойлашиб олгач, хонандаю созандалар унинг қаршисидан саф тортдилар. Ҳукмдорнинг ўнг тарафида ўғли Халил Султон, чап тарафда тахтнинг ёнига қўйилган курсида бастакор ўтирра, ҳамманинг бутун диққат-эътибори чолғучиларда эди. Оҳиста ўз чолғуларини созлай бошлаган ижрочилар бастакорнинг ишорасини кутишарди.

Зиёфат аҳли боғчада тўшалган гиламлар устида ўтириб олишганди. Хизматчилар қўлларидаг кумуш кўчалар билан меҳмонларга хушбўй шарбат ва қизил шароб, хилма-хил ширинликлар улашишарди.

Бастакор Мироншоҳнинг ижозати ила ижрочиларга ишора берди. Зариф мусиқа садолари кечанинг сукутини бузди. Сарой мажлислари анъанасига кўра, Аввал Амир Темур, кейин эса, Мироншоҳ шарафига басталанган куйлар  чалинди. Кейин раққосалар хиром этди. Бироз танаффусдан кейин Султон Халил шарафига битилган “Навои Қумри”нинг ижро этилиши маълум қилинди. Бироз муддат боғчада сирли сукунат чўкди. Бояги хонанда йигитнинг ғайриоддий овози янграши билан мажлис аҳли бу овоз сеҳрига мафтун бўлиб қолди.

Хонанданинг нафис ижроси ҳар бир уйғоқ юракни сел қилишга қодир эди. Бутун анжуман ана шу соҳир оҳанглар измида эди. Нозик симлардан таралаётган гўзал унлар қоронғилик бағрига сингиб, кечани сокин аллаларди...

Бу Абдуқодирнинг ҳозирга қадар яратган ижод намуналари орасидан энг яхшиси эди. Унинг ўзи ҳам айни дамда дилрабо куй ва оҳанглар қанотида еттинчи фалакда сузиб юрарди.

...Абдулқодир Қумрининг муҳаббатини умрининг энг гуллаган дамларида елиб ўтган шаббодага қиёслар, фақат фожиа билан тугаган бу савдонинг ғамгин  хаёлларини ҳар доим ўзидан йироқлатишга уриниб келарди. Бирор марта исмини айтиб чақирмаган бўлса-да, у гўзал чиндан қумрига – миитти, қушчага ўхшаб кетарди.

Бастакор аввал бу илоҳий севгисига қайтишни, Қумрини ёдга олишни истаганди. Бироқ бу севгининг ҳадик ва ҳаяжонидан қўрқарди ҳам. Ўша қизнинг муҳаббатига лойиқ эмаслигини, унга муносиб жавоб беролмаслигини ўйлаб, бу севгидан ўзини олиб қочган, бу муҳаббат самара бермаслигини ўйлаб, ўзини, келажагини алдаганди у.

Кейинчалик, бунинг имконсизлигини тушунди. Самарқандда яшаган йиллари Қумрини ўйлаб, тунлари бедор ўтадиган бўлди. Ватани, яқинларининг соғинчи ўша қизнинг тимсолида қиёфасида намоён бўлар, уни ҳаяжон ва андуҳга соларди.

Қишлоқма-қишлоқ, юртма-юз кезиб Қумрини излади. Уни топиш умидида Самарқанддан Бағдоду Арбилгача бўлган жойларни кезиб чиқди. Гўёки у қиз ҳеч қачон бу ёруғ оламда бўлмаган, туғилмаган, яшамагандек эди. Шу тариқа Амир Темурнинг неварасига бағишланган бу асар ўзи билмаган ҳолда “Навои Қумри”га айланганди.

Абдулқодир бу қўшиқни қўлига қалам олиб ёзмаганди. Бу оҳанглар унинг руҳидан, қалбидан сизиб, илоҳий ижод маҳсули ўлароқ майдонга келганди. У барча ҳисларини, туйғуларини борлиғидан сидириб, куйга айлантирганди.бу қўшиқ эмасди. Мусиқа эмасди. Уни эшитиб бўлмасди. Тинглаган одам борки, руҳи, бутун борлиғи титроққа тушар, инсон эканини, дард ичида туғилиб, ўлгунча қайғу кўланкасида яшашини англаб етарди.

Ҳозир мусиқани тинглаган ҳар киши унинг садолари, оҳанглари ичида яширинган илоҳий ишқни туяр, бу севгининг буюклиги, азамати ва қудратини тан оларди.

Бастакор Қумрининг  сарой боғчаси яқинидаги ҳарамда, қоронғи ҳужранинг қалин пардали деразаси ортида ўтирган бу маҳзун сасларни юрак қонига сингдираётганидан бехабар эди. Йиллаб ахтаргани – ўзидан бир неча қадам нарида, чақирса овоз етадиган жойда пинҳон эканини қаердан ҳам билсин у шўрлик? Билмасдики, айни дамда  соҳир куйнинг ўзига аталганини англаган қиз ўз ёғида ўзи қоврилар, исмсиз ҳислар ҳароратидан тобора эриб борарди.

Бу илоҳий таронанинг қудратига таслим бўлган Мироншоҳнинг қалбидан йиллар давомида эгаллаб олган қаҳр, зулм ва  кибр ғуборлари  тўзғиб, уларнинг ўрнини аллақандай софлик, беғуборлик ола бошлаганди. Унинг қулоқларига шу нафис оҳанглардан бошқа нарса кирмас, кўзлари ноаниқ кенгликларга маҳзун термилиб қолганди.

 ...Илкис Мироншоҳ тахтидан қалқиб туриши билан мусиқа тўхтаб қолди. Ҳали мусиқа таъсиридан чиқолмай туцрган мажлис аҳли ҳам саросима ичида ҳукмдорга тикилди. Мироншоҳ бояги, мусиқа тинглаётган чоғдаги ҳалим қиёфасини буткул унутганди. Қатъият чақнаб турган кўзлари бастакорга қадалди:

 -Бу қўшиқ кимга аталган?

Бастакор кутилмаган саволдан ўзини йўқотиб қўйди. Аълоҳазрат нега буни энди сўраяпти? Асар унинг ўғлига аталганини шоҳ билмасмиди? Агар билмаса, букнча тараддуд ким учун кўрилди?

 У ўзини имкон қадар қўлга олишга тиришди:

 -Шаҳзода Халил Султонга атаб ёзганман, онҳазрат!

-Не жасорат ила менга ёлғон сўйларсен?

Абдулқодирнинг хаёлига ҳам келмаган бу айблов уни тамоман шошириб қўйди. Рангқути учди, нима жавоб беришни билмагани учун жим қолди. 

 -Бу асар муҳаббат ҳақидадир!

Мажлисда тош сукут ҳукм сурарди. Ҳамма нафас олишга ҳам қўрқиб, бу суҳбатнинг қандай якун топишини кутарди. Одамлар буюк бастакорнинг Мироншоҳ ғазабига учраганидан афсуслана бошлаган эдилар.

-Қўшиқни қайтадин  ижро этингиз! – деди Абдулқодирга юзланаркан.

Яна боғ узра мусиқанинг оромбахш садолари оқа бошлади. Ҳукмдорнинг юзига қайта бошлаган мулойимлик ижрочиларга ҳам илҳом бахш этди.

Халил Султон ҳам ўзига бахшида этилган мусиқанинг сеҳридан маст эди. Бу соҳир садолар отасининг насиҳатлари ила бир мунча совуган ҳисларни яна аланга олдирганди. Самароқандда қолган Шодимулк бегимнинг ишқи яна унинг борлиғини ўз измига солганди.

Ё рабб! Бу бастакор унинг дилидан ўтган  туйғуларни қандай сезди экан? Унинг ишқ қиссасини Абдулқодирга ким етказди экан?

Йигит ботинини остин-устун қилаётган бу саволларнинг азобидан . ўзини қўярга жой тополмасди.Бу мусиқани ҳозир Шодимулк ҳам эшитганида эди. Қизиқ, у ҳозир нималар қилаётган экан? Нималарни ўйлаётган бўлса? Бобоси уни ўлдириб юбормоқчи ҳам бўлганди. Бир амаллаб уни ўлимдан асраб қолди. Энди унинг ҳаётини ким қўриқлайди? Нега уни ажал остонасида қўйиб келди. Йўқ, айни дамда у Шодимулкнинг ёнида бўлиши керак. Шарт.

Султон Халил ўрнидан туриб сездирмай мажлисни тарк этди. Энди ҳеч қандай куч уни висолга элтувчи йўлдан қайтара олмасди. Мусиқа унинг-да қалбини афсунлаган, ўз изми ихтиёрига солганди. У яширин йўл билан саройдан чиқиб, отига минди. Арғумоғига қамчи босиб, ўзини худди тилсим каби ўзига тортаётган Самарқанд сари юзланди.

 ...Мусиқа тугагач, Мироншоҳ асар хусусида ўғлининг фикрини билмоқ учун ўнг тарафига ўгирилганида, ҳеч кимни кўрмади. Кўнгли бир нохушликни сезгандек, дарҳол хуфиябошини чақириб, ўғлининг қаердалигини сўради. Кўз очиб юмгунча ташқарига чиқиб қайтган хуфиябоши Султон Халил отига миниб, саройни тарк этганини маълум қилди. Мироншоҳ соқчилар сардорига  шаҳарнинг барча  дарвозаларини, чиқиш йўлларини ёпиб, ўғлини ортга қайтаришни амр этди.

Аммо энди бундан наф йўқ, Султон Халилнинг оти қанот чиқариб учганди.

 

Воқиф Султонли

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1