АсосийЖамият

Тошкентдаги боғчада 2 ёшли бола ўлдириб қўйилди

Тарбиячи ва услубчи болани 3 кун давомида қийнаб, унинг ўлимига сабабчи бўлгани айтилмоқда.

'Тошкентдаги боғчада 2 ёшли бола ўлдириб қўйилди'ning rasmi

Тошкент шаҳрида жойлашган “Жажжи ниҳоллар” нодавлат мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси 28 ёшли А.Л. ва 68 ёшли услубчиси Ғ.В. 2 ёшли болани 3 кун давомида қийнаб, унинг ўлимига сабабчи бўлди. 2 ходимга ҳам суд ҳукми ўқилди. darakchi.uz суд ҳужжати билан танишди.

Ҳужжатга кўра, А.Л. ва Ғ.В. ўтган йилнинг 9-11 декабрь кунлари оралиғида 2022 йилда туғилган З.А. ни овқатланиш ва ухлашни хоҳламагани учун қийнаб, танасининг турли қисмларидан урган, кийимларидан тортиб судраган ҳамда ётган ҳолида тепган, бир неча бор улоқтириб юборган.

Жорий йилнинг 4 июль куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида мазкур иш кўриб чиқилган. Унда судланувчилар А.Л. ва Ғ.В. кўрсатма берган. Унга кўра, 2024 йилнинг 11 декабрь куни А.Л. доимгидай соат 8:00 ларда ишга бориб, ўзига бириктирилган гуруҳга келган болаларни ота-онасидан соғ-саломат қабул қилиб олган. Уларга эрталабки нонуштасини бериб, сўнг машғулот ўтказган. Тушлик вақтида болаларга овқат берган. Шундан сўнг уларнинг ухлаши учун кроватига ётқизган. Ўша пайтда З.А. кроватга ётмасдан нариги хона эшиги олдида йиғлаб турган. Бундан жаҳли чиққан тарбиячи уни оёғи билан 3 марта тепган. Биринчи марта тепганда З.А. танаси билан деворга урилган, сўнг уни кўтариб келиб, кроватга улоқтириб юборган. Ўша пайтда услубчи Ғ.В. кириб келган. У йиғлаб ётган З.А.ни қўли билан туртиб кўрган. Кейин эса кўтариб кроватига отиб юборган ва “ухламасанг ўлдираман”, деб таҳдид қилиб, хонадан чиқиб кетган.

Орадан 2-3 дақиқа вақт ўтиб, тарбиячи боланинг ўрнидан туриб олганини кўрган ва унинг олдига бориб, юзига шапалоқ туширган. Тахминан 10-15 дақиқадан сўнг З.А. яна ётган жойидан бошини кўтарган. Тарбиячи унга яна ухлашини айтиб, юзига 2 марта урган. У орадан яна 10-15 дақиқа ўтиб, боланинг барибир ухламаганини кўрган ва “бўғиб қўяман ҳозир”, деб уни яна отиб юборган. Бола бу орада ухламай йиғлайверган. Тарбиячи эса унинг овозини ўчириш мақсадида оғзига чойшаб тиққан ва бир неча марта оғзини қўли билан ёпиб, бўғиб, юзига урган.

Шунда ҳам бола тинчланавермагач, тарбиячи уни зарб билан полга отиб юборган. Бола эса кўзи очиқ ҳолатда ҳаракатсиз бўлиб қолган. А.Л. уни ҳожатхонага олиб кириб, юзини ювган, кейин эса жойига ётқизиб қўйган. Боланинг ҳаракатсиз ётганидан қўрқиб кетган тарбиячи бошқа ходималарни чақирган. Болага биринчи ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилинган, аммо у ўзига келмаган. Шундан сўнг тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келиб, уни шифохонага олиб кетган. З.А. кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 2024 йил 14 декабрь куни шифохонада вафот этган. Судда иккала судланувчи ҳам айбига тўлиқ иқрор бўлган.

Шу тариқа, суд ҳукми билан А.Л. Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” бандида (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ғ.В.га эса Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми “а,в” бандлари билан 3 йил озодликни чеклаш жазоси белгиланган.

    Бошқа янгиликлар