Украинадаги уруш авжига чиққан бир вақтда Ғарб янги стратегияга ўтмоқда. Буюк Британия ва Франция Украинани Россия таҳдидидан ҳимоя қилиш учун кучларни бирлаштирди. Бу икки йирик давлат Украина ҳаво ва денгиз сарҳадларини назорат қилишни кўзда тутган “Украина кўп миллатли кучлари” коалициясини расман эълон қилди.
Шарт битта — Россия ўт очишни тўхтатиши керак.
Франция президенти Эммануэл Макрон ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Парижда ўтказилган матбуот анжуманида ушбу ташаббусни расман тақдим этди. Унга кўра, коалиция штаб-квартираси аввал Парижда фаолият олиб боради, кейинчалик эса Лондонга кўчирилади.
“Ирода коалицияси” — НАТОдан мустақил ҳаракатланадиган янги ҳарбий тузилма.
Бу коалиция таркибига ўн минглаб европалик ҳарбийлар жалб этилади. Улар Украина шаҳарлари, стратегик инфратузилма объектлари, хусусан атом электр станцияларини ҳимоя қилади. Илгари бу режа НАТО билан келишмовчилик хавфи сабаб тўхтатиб қўйилган эди. Энди эса Буюк Британия ва Франция бу ташаббусни ўз зиммасига олди.
Жон Ҳили нима деди? Британия мудофаа вазири Жон Ҳили: “Бош вазир ҳар доим зарурат туғилса, Украинага қўшин юборишга тайёр”, — дея таъкидлади.
Украина осмони очиладими? Коалиция режасига кўра, Буюк Британия ва Франция ҳаво кучлари Украинанинг ҳаво ҳудудини қўриқлайди. Бу орқали тижорий парвозлар тикланиши кутилмоқда.
Қора денгизни ким тозалайди? Бу орада Туркия, Болгария ва Руминия Қора денгизни миналардан тозалаш ва Украина портларига юк ташиш йўлларини ҳимоя қилиш вазифасини зиммасига олган.
Диққат! Макрон алоҳида таъкидлади: “Франция-Британия коалицияси Украинага бошқа Европа давлатлари юборган қўшинлар хавфсизлигини кафолатламайди”.
Кир Стармер якуний сўзида шундай деди:
“Путин тинчликдан юз ўгираётган бир пайтда, биз украин халқини янада кучлироқ қўллаб-қувватлаймиз.”
Тинчлик сулҳи имзолангач, Киевга ҳарбий инструкторлар, логистика мутахассислари ва бошқа зарур кадрлар юборилади. Мақсад — Украинани мустаҳкамлаш, урушдан кейинги тикланишда ёрдам бериш.